Кўлларни тайёрлаш – балиқчилик мелиорацияси тадбирлари

Табиий сув ҳавзаларида балиқчилик мелиорацияси тадбирларини ўтказиш бўйича тавсиялар.


1. Техник мелиорация 

Агар кўл етарлича чуқур бўлмаса, сув сатҳини кўтариш мумкин. масалан, агар кўлдан дарёлар ёки сойлар оқиб чиқса, у ҳолда оқимни камайтириш учун балиқ тутгич қурилмалар ўрнатилган тўғонлар қурилади.

Агар сув сатҳини кўтариш зарур бўлмаса, оқиб чиқувчи дарёларга балиқнинг чиқиб кетишига тўсқинлик қилувчи тўсиқларни қуриш лозим. Тўсиқлар (масалан, тошли фильтрловчи дамбалар)ни кўлга қуйилувчи оқимлар этагига қуриш керак. Ушбу тўсиқлар кўлга абориген балиқларнинг кириб олишига тўсқинлик қилади.

Кўллар ўзанини валунлар, тўнкалар, йирик макрофит чакалакзорлари ва ҳоказолардан тозалаш лозим. Валунлар (катта тошлар) битталаб олиб ташланади, сув остидан чиқариш қийин бўлган йирикларини эса буй (қалқувич белги) билан белгиланади. Тўнкалар ва чакалакзорлар махсус ёйма тўр ёки пўлат трос билан сидириб олинади. Бунда дастлаб тўрни ёки тросни тубгача тортиш схемасини тубда тозаланмаган участкалар қолмайдиган тарзда тузиш лозим. Тор чўзинчоқ кўлларни тозалаш энг қулай, бунда иккита трактор қирғоқлар бўйлаб юриб, тросни тортади. Лекин кўл камдан-кам ҳолларда тўғри шаклда бўлади ва улар участкаларга бўлиб, бир неча ҳаракатда тозаланади. Бунда троснинг бир учи одатда қозиққа маҳкамланади, иккинчи учи эса қирғоқ бўйлаб ҳаракатланувчи трактор билан тортилади. Кўлдан чиқариб олинган аҳлатни қирғоққа, лекин сувдан камида 20 метр узоқликка тўплаш лозим.

Баъзан балчиқда тўпланиб қолган биоген унсурларни фитопланктон ейиши учун қулай бўлиши мақсадида сув туби юмшатилади.

2. Биологик мелиорация 

Кўл аҳлатдан тозалангандан кейин ўтказилади.

Тотал (ёппасига)  овлаш – тракторлар билан ҳаракатга келтириладиган махсус ёйма тўр ёрдамида кўлдаги мавжуд балиқларнинг 70-75 фоизи овланади. Тотал ёйма тўр майдони 100 гектаргача бўлган кўлларни овлаш учун мўлжалланган. Агар акватория майдони ундан катта бўлса, кўл секторларга бўлинади ва тўр билан барча секторлар навбатма-навбат овланади.

Овлаш ўрнига ёки овлаш баробарида абориген турлар увилдириғи билан бирга урчиш субстратларни ҳам йўқ қилиш мумкин. Абориген балиқлар насл берувчиларининг тахминан ярми йўқ қилингач кўлга икки ёшли судакни ўтқазиш яхши самара беради.

3. Кимёвий мелиорация 

Кимёвий мелиорацияга кўлларни оҳаклаш (кислота миқдорини пасайтириш учун) ва ўғитлаш (балиқ ҳосилдорлигини ошириш учун) киради.

Ўғитлашда одатда маъданли ўғитлар қўлланилади. Уларни   профундалда эритмалар кўринишида киритган маъқул (литоралга киритиш чоғида у ерда биогенлар юқори концентрациясининг уларда бентос организмлари нобуд бўладиган локал зоналари пайдо бўлиши мумкин). Ўғитларни бир марта эмас, балки бўлиб-бўлиб киритган маъқул. Бундай киритиш фитопланктоннинг умумий маҳсулотини оширмайди, лекин унинг мавсумий ўзгариб туришига барҳам берилади, бу балиқ ҳосилдорлигини оширади.

Биомассаси ва маҳсулоти бўйича ўғитланаётган кўллар фитопланктони эвтроф кўллар фитопланктонини эслатади, лекин тур таркиби, ўлчам таркиби, ҳудудий тақсимланиши ва мавсумсий динамикаси бўйича ҳовуз фитопланктонига анча яқин.

Иқтисодий жиҳатдан олиб қаралганда фақат 1 минг гектаргача бўлган майдонли кўлларни ўғитлаш фойдали. Йирикроқ кўлларда барча акваторияни эмас, балки фақат тўлқинлар жангидан ҳимояланган   участкаларни ўғитлаш лозим. Шаффофлик (Секки диски бўйича) кўл ўртача чуқурлигининг ярмидан кам бўлмаслиги керак, агар у 15-25 см.ни ташкил қилса, у ҳолда ўғитларни киритиш мақсадга мувофиқ эмас. Сув рН миқдори 7,0 дан юқори; қаттиқ ўсимликнинг ўсиш даражаси кўпи билан 30 фоиз бўлганида тўлиқ сув айланишида камида 30 сутка олдин бирламчи маҳсулот 4 — 6 мгО2/л.гачани ташкил қилади.

Агар ўғитланаётган кўлларга планктофаг балиқлар ўтқазилса, улар кладоцер сонини тезда камайтиради. Бунда кладоцернинг хаоборид личинкалари томонидан истеъмол қилиниши сақланиб қолади (улар шаффоф ва балиқлар уларни кам истеъмол қилади) ва умуман олганда балиқларнинг озуқа базаси ёмонлашади.

Барча мелиоратив ишлар амалга оширилганидан кейин ўзини чавоқлар билан таъминлаш мақсадида урчитилаётган балиқларнинг она балиқлари тўдасини шакллантириш лозим. Она балиқлар тўдасини шакллантириш учун камида 25 г вазнли (касалликлар ва паразитлар йўқлиги текширилган) шу йилги балиқларни олиб келган маъқул. Уларни ўтқазиш тиғизлиги озуқа базасига боғлиқ бўлиб, балиқшунослик маълумотномаларидаги жадваллар бўйича аниқланиши мумкин.

Келтирилган шу йилги балиқларни сувда эриган кислород концентрацияси етарли бўлган сокин илиқ участкаларга ўтқазиш зарур. Балиқ олиб келинган сиғимни ҳароратни аста-секин тенглаштириш учун   танланган участкадаги сувга жойлаштириб, 30-40 минут мобайнида сақлаб турган маъқул.

Насл берувчилар ва тўлдириб турувчини  (насл берувчиларни овлаш чоғида тўлдириб турувчига жароҳат етказмаслик учун)  алоҳида сақлаш лозим.

Карп ва ўтхўр балиқларда келтирилган балиқнинг нобуд бўлиши, асосан, иккинчи ойда кечади. Ўсган балиқларни сентябрь ойида овлаш зарур, чунки бунга келиб улар ўсишдан тўхтайди.

Абориген балиқларни заҳарли химикатлар билан йўқ қилиш кимёвий мелиорациянинг бир услуби ҳисобланади. Бу усулни хозирги кунда қўллаш имконияти мавжуд эмас. Республикадаги кўллар ижара асосида берилган бўлиб, шартнома шартларига кўра табиатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилиш зарур. Бу усул кўл-товар хўжаликлари ташкил қилинган ҳолда, маълум эҳтиёт чоралари кўрилган ҳолда амалга оширилади.

Кўл (чуқурлиги, ҳажми, сув алмашуви) синчковлик билан ўрганилганидан кейин заҳарли химикатларнинг зарур миқдори ҳисоблаб чиқилади ва ер усти ёки сузувчи сочиш ёҳуд сепиш қурилмасининг йўналиши белгиланади. Ирмоқлар ёки кўлдан чиқувчи дарёчалар, ўзанлар вақтинчалик дамбалар билан кесиб қўйилади. Кўлдан сувнинг бир қисмини чиқарган маъқул.

Ҳозирги вақтга келиб кўплаб танлаб ёки танловсиз таъсир этувчи турли даражадаги заҳарли ихтиоцидлар маълум. Улар ноорганик (Na2SO4, NaCN, NH4OH), органик табиий (сапонинлар, ротенонлар, пиретроидлар, никотинсульфат, юстицидин, юглон), синтетик (полихлорпинен – ПХП, полихлоркамфен, альдрин, дильдрин, эндосульфан, хлордан), антибиотиклар (антимицин, левористатин) ва элементоорганик (малатион, губион) турларга бўлинади.

Масалан, гипохлорит кальций ва мис купоросни 0,1-1,0 мг/л.гача, карбофос ва 8-оксихинолят мисни 0,01 мг/л.дан 0,1 мг/л.гача, ротенонни 0,001 мг/л.дан 0,01 мг/л.гача, антимицин ва левористатинни кўпи билан 0,001 мг/л концентрацияларда қўллаш мумкин. Ихтиоцидлар сув ҳавзаларига иссиқ қонли ҳайвонлар саломатлиги учун хавфли бўлган концентрацияларда киритилмаслиги керак.

Тез парчаланувчи ихтиоцидлар – гипохлорит кальций, 8-оксихинолят мисни қўллаган маъқул. Ротсток 4-8 ҳафтада парчаланади, лекин қиммат (1 гектарга ишлов бериш 70 АҚШ долларгача туради).

Қўлга киритилган пестицидлар (детоксикантлар)нинг парчаланишини тезлаштирувчи моддалар мавжуд. Мис оксихиноляти қўлланилганидан кейин унинг ионларининг концентрацияси 4 йилда, детоксикантлар қўлланилганидан кейин эса 1-2 йилда табиий фон даражасигача пасаяди.

Левористатин, гипохлорит кальций, мис купорос сувда эрийди. Карбофос, трибаск органик эритувчиларда эрийди (улар эмульсиялар кўринишида қўлланилади). Каратан, 8-оксифенолят мис эримайди ва улар сув ҳавзасига суспензиялар кўринишида киритилади.

Бир қатор ихтиоцидлар танлаб таъсир этади. Этафос карп ва олабуға балиқларни заҳарлайди, лекин пелядь учун хавфсиз. Карбофос асосан олабуға балиқларни заҳарлайди.

1970-йилларнинг охирида табиий ихтиоцидларга ва уларнинг синтетик аналогларига ўтиш тенденцияси пайдо бўлди. Таркибида ихтиоцид моддалар мавжуд бўлган ўсимликларнинг 500 тагача тури маълум (козлятниклар, сув қалампири, ёнғоқ меваларининг қобиқлари).

Манба: Дилмурод Шохимардонов   agromart.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!
Cart
Your cart is currently empty.