Самарқандга қанча балиқ керак?

Президент ташрифидан сўнг 

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятида бўлганида, балиқ етиштириш ҳажмини ошириш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Ушбу топшириқ ижроси таъминланса, жорий йилда Самарқанд вилоятида 10 минг тонна балиқ етиштирилади.

Режага кўра бу йил вилоятда 6 минг 620 тонна балиқ етиштириш мўлжалланаётган эди. Энди унинг ҳажмини қайси манбалар ҳисобидан ошириш ва бунинг учун нималар қилиш керак? Ўтган қисқа фурсатда тизим ходимлари нималар қилиб улгурди?

– Эндиликда етти хазинанинг бири саналган балиқни Самарқандда кўпайтириш янада оммалашади, – дейди “Ўзбалиқсаноат” уюшмаси раиси Аваз Эргашев. – Вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси, Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ва ҳудудий “Балиқсаноат” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорликда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган минг гектарда сунъий сув ҳавзаси барпо этишга келишиб олдик. Самарадорликни ошириш, ички имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш учун май ойига қадар ўнта туманда янги балиқчилик хўжаликлари ташкил этилади. Каттақўрғон туманида 210 гектар, Пахтачида 120 гектар, Нарпай туманида 150 гектар шулар сирасидандир. Мавжуд хўжаликлар ва янги ташкил этиладиган ҳавзаларда Вьетнам усулини қўллаш мўлжалланмоқда.

Бу усулнинг одатий усулдан бир қатор афзал жиҳатлари мавжуд. Мисол учун, Вьетнам технологияси увилдириқларни интенсив усулда етиштириш ҳамда ҳавзаларга юқори тиғизликда ўтказишга асослангани билан алоҳида ажралиб туради. Бундай усул балиқларнинг омихта ем сарфига нисбатан ривожланиш суръати юқорилиги, касалликларга чидамлилиги билан аҳамиятлидир. Оддий усулда бир гектар ҳавзадан ўртача 15-20 центнер балиқ олинса, Вьетнам технологиясида бу кўрсаткични 150-200 центнергача етказиш мумкин. Шу боис балиқ экспорт қилиш бўйича Вьетнам дунёда учинчи ўринда туради. Бу давлатда балиқ маҳсулотлари экспорти 7,1 миллиард долларни ташкил этади. Демак, бу технологияни балиқчилик хўжаликларида кенг жорий қилиш халқимизни арзон ҳамда сифатли балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш, қайта ишлаш тизимини йўлга қўйиш орқали экспорт ҳажмини кенгайтириш имконини беради.

Вилоятда янги имкониятлар ишга солиниши билан бир вақтда мавжуд хўжаликларда балиқ етиштириш ҳажми оширилади. Бунинг учун Вьетнам технологияси кенг жорий этилади. Мисол учун, Самарқанд туманидаги «Луқмаи ҳалол» масъулияти чекланган жамияти ва «Оқ Амур» фермер хўжаликлари қўшимча равишда 500 тонна, Пастдарғом туманидаги «Зеркальний карп» хўжалиги 100 тонна балиқ етиштиради.

Маълумотларга кўра, Самарқанд вилоятида балиқчиликни сунъий ҳавзаларда “қафас” усулида ривожлантириш учун ҳам қулай имкониятлар мавжуд. Энди вилоятдаги тўртта сув омборидан ҳам унумли фойдаланиш мақсадида қўшимча 100 садок яъни «қафас» қўйилади. Уларда биринчи йилдаёқ 300 тонна балиқ олиш мумкин.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, қафасда балиқ етиштиришнинг афзал жиҳатлари ўзига хос бўлиб, ҳовуз сувини янгилаб туриш имконияти бўлган оилалар ҳам бундан фойдаланиши мумкин. Бунда балиқлар кичик сув ҳавзалари ва сувни исроф қилмайдиган ёпиқ тизимларда етиштирилади. Интенсив усулда кичик ҳажмли, ихчам бассейнлар ва сув таъминоти тез алмашинадиган кичик оқар сув ҳовузларида балиқлар юқори тиғизликда парваришланади. Оқар сувлар исрофсиз ирригация тизимига қайтарилади. Шунингдек, сув ҳарорати ва кислород миқдори мўътадил бўлиши орқали қисқа муддатда балиқ етиштириш имконини беради.

Юқоридаги маълумотлардан кўринадики, бу усулнинг имкониятлари ва истиқболи катта. Мисол учун, Вьетнамда 4 та садокка битта оила қарайди. Демак, 4 та садок бутун оилани боқади. Таъкидлаш жоизки, вьетнамликлар бу ишга илмий асосда ёндашгани боис, бир қафасда 3,5 тоннадан 4,5 тоннагача, айрим ҳолларда 5 тоннагача балиқ олинади.

Бу тажрибани оммалаштириш ва томорқаларда кичик сув ҳавзалари ташкил этиб, интенсив усулда балиқ етиштириш жуда қулай ва самарали. Томорқадаги 2 сотихлик ҳавзада бир йилда 12 тоннагача балиқ етиштириш мумкин экан
лигини олимларимиз исботлади. Бу лойиҳа тақдимоти Навоий вилоятида Президентимизга манзур бўлгани боис, Навоий вилояти тажрибаси сифатида йўлга қўйиш, уйларда шундай ҳавзалар ташкил этиб, уларни чавоқ ва озуқа билан таъминлаш тизимини ҳудуднинг ўзида яратиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Бу усулни оммалаштириш учун, аввало, хонадонда балиқ етиштириш учун уй эгасидан нималар талаб этилиши билан кўпчилик қизиқиши табиий, албатта.

– Бунда ер ости сувига яқин жойлашган томорқаларда насос орқали сув олиниб, 3х4 ҳажмда бассейнлар қурилади, – дейди “Ўзбалиқсаноат” уюшмаси раиси Аваз Эргашев. – Самарқандда ана шу усулни ривожлантириш учун Жомбой туманидаги 42 хонадон танлаб олинди. Ҳудудий “Балиқсаноат” масъулияти чекланган жамияти томонидан уларга балиқ чавоқлари етказилиб, маслаҳатлар бериб борилади. «Самарқанд балиқ тайёрлов савдо» масъулияти чекланган жамияти марказлашган ҳолда хўжаликларга балиқ учун турли озуқалар ва ем етказиб беради. Аҳоли эса ердан унумли фойдаланиш орқали даромад олади, иш билан таъминланади ва турли солиқлардан озод этилади. Шунингдек, бу туманда «Зарафшон туризм стор» фермер хўжалиги ташкил этиб, Вьетнам ва Хитой технологияси асосида қисқа муддатларда 100 тонна балиқ етиштириш мўлжалланмоқда.

Ҳа, яқин-яқингача юртимизда балиқчилик тармоғи истиқболига шубҳа билан қарайдиганлар кўпчиликни ташкил этарди. Улар бу йўналишнинг харажати даромадидан кўпроқ, ташвишлари ҳам ўзига яраша эканини исботлашга уринишарди. Аммо, мамлакатимизда соҳани ривожлантириш учун етарли ҳажмда сув ресурслари мавжудлиги ва балиқчиликка қизиқаётган кўпгина тадбиркорларнинг фидойилиги боис соҳада юксалиш бошланди.

Хўш, балиқни кўпайтириш нега керак? Мутахассисларнинг таъкидлашича, юрак-қон томир касалликларида, қонда холестерин даражаси кўтарилганда, камқонлик, беҳоллик ва жисмоний зўриқишда, невроз, тери касалликлари, подагра ва ревматизмда, кўриш қобилияти сустлашганда парҳезбоп гўшт кони фойдадир. Болалар балиқдан тайёрланган таомларни истеъмол қилиши натижасида кариес, соч тўкилиши, бўқоқ дардларидан фориғ бўлади.

Шу боис ҳам шифокорлар витамин ва минералларга бой ушбу маҳсулотни йил давомида 6-8 килограмм истеъмол қилишни тавсия этади. Демак, балиқ маҳсулотларини кўп етиштириш, қайта ишлаш ва аҳоли ўртасида истеъмолини бир неча баравар кўпайтириш миллионлаб кишилар саломатлигини яхшилашга хизмат қилади. Президентимиз томонидан балиқ маҳсулотларини кўпайтириш бўйича берилаётган топшириқлардан кўзланган пировард мақсад ҳам шу. Самарқанд вилоятидаги лойиҳалар эса бу маҳсулот янада кўпайиб, арзонлашишини таъминлайди.

Сайёра Шоева, ЎзА
Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!