СИГИРЛАРДА МАСТИТЛАРНИ ДАВОЛАШ УСУЛЛАРИ

Маститларни даволашда яллиғланиш турлари, касалликнинг кечиши ва организмнинг ҳолати эътиборга олинади. Даволаш усуллари жароҳатланган елинга тўғридан тўғри таъсир этиши (массаж, турли малҳам, линиментларни суртиш, елин ичига турли антисептик дориларни юбориш, иссиқлик қўллаш ва ҳоказолар) ва организмга умумий таъсир этадиган дори воситаларни (этиотроп, патогенетик даволаш, новокаинли блокадалар) ҳамда умумий ветеринария-зоотехник тадбирларни (касал ҳайвонларни алоҳида жойга ажратиш, тўғри озиқлантириш, гигиеник талаблар асосида соғиш, асраш ва бошқалар) қўллашдан иборат бўлади.

Мастит билан касалланган ҳайвонларни 1-3 кун даволаш юқори самара беради, кейинчалик, эса қўлланилган дори-дармонларнинг самараси паст бўлиб, сигирлар сут маҳсулотларини камайишига олиб келади. Даволаш усули маститларнинг турига кўра танланади. Касал ҳайвон алоҳида хоналарга ёки стационарларга ўтказилади. Ҳар қандай даволаш тадбирлари ўтказилганда ҳам елин иссиқ сув билан ювилиб, тоза сочиқ билан қуритилиши керак.

Касал сигирлар кундузи ҳар 3-4 соатда эҳтиёткорлик билан қўлда соғилади, жароҳатланган елин чораги энг охирида соғилиб, сути қайнатилади ёки йўқотилади. Касал ҳайвонларга сифатли пичан берилиб, рациондаги ширали озиқлар камайтирилади, аммо суғориш чегараланмайди.

Елин флегмонасида даволашнинг жарроҳлик усулларидан фойдаланилади. Бўғоз ҳайвонларни даволашда, айниқса туғишига яқин қолган пайтларда дориларнинг дозаларини белгилашда эътибор бериш керак.

Маститларни этиотроп даволаш усуллари. Этиотроп даволаш маститни келтириб чиқарган сабабни йўқотишга қаратилган. Маститининг пайдо бўлишида патоген микроорганизмларнинг роли жуда катта. Шунинг учун сигирларда маститни даволашда кўпинча бактерицид ва фунгицид препаратлардан кенг фойдаланилади. Бу дорилар одатда новокаинда эритилиб, елин ичига, тери остига, мускул орасига ва қон томирларига юборилади. Даволанишнинг самараси микрофлораларнинг дориларга нисбатан сезгирлиги, дорини юбориш усули ва унинг миқдорига боғлиқ бўлади.

Касаллик қўзғатувчиларини йўқотиш мақсадида маҳаллий даволаш билан бирга антибиотиклар парентерал усулларда тавсия этилади.

Антибиотикотерапия курси касалликнинг ўткир ва ярим ўткир тарзда кечишида ўртача 3 – 5 кун, сурункали кечишида – 7 кундан кам бўлмаслиги лозим. Антибиотикларнинг қондаги терапевтик концентрациясини бир хил даражада сақлаб туриш мақсадида секинлик билан сўриладиган антибиотиклар ҳам тавсия этилади. Антибиотиклар ва бошқа антибактериал препаратларни танлашда микроорганизмларнинг уларга нисбатан сезувчанлиги, ёки уларнинг даволашдаги самарадорлиги эътиборга олинади.

Пенициллинлар қаторига мансуб антибиотикларга нисбатан микрорганизмларнинг сезувчанлиги пасайганлиги туфайли бугунги кунда яхши самара бермаяпди. Шунинг учун пенциллин ва стрептoмицин гуруҳларига мансуб антибиoтикларни юқори дозаларда (15000-20000 ТБ/кг) ва биргаликда қўллаш яxши самара бериши мумкин. Секин сўриладиган ва узоқ таъсирга эга бўлган антибиотиклар сифатида бициллин 1, 3, 5, пенстреп ёки бимоксил қўлланилади. Маститларни даволашда ярим синтетик антибиотиклардан ампициллин, амоксациллин, оксациллин, ампиокс ва бошқалар яхши самара беради (И.П. Кондрахин, В.И. Левченко, 2005).

Гентамицин, канамицин, неомицин, мономицин (аминогликозидлар) каби антибиотикларнинг маститларни даволашдаги самарадорлиги унчалик юқори эмас. Тетрациклинларнинг самарадорлиги эса юқори бўлиб, уларнинг бошқа антибиотикларга чидамли ҳисобланган хўжайра ичидаги қўзғатувчилар ва граммусбат бактерияларга ҳам таъсир этши аниқланган. Шунинг учун уларни заҳирада сақлаб 23о шва23а бошқа антибиотикларнинг самараси бўлмаганда қўллаш лозим.

Тетрациклин гидрохлорид 5-7 кун давомида ўртача 15-20 мг/кг дозада мускул орасига кунига 2 марта инъекция қилинади.

Макролидлар гуруҳига мансуб антибиотиклардан тилозин, тиломаг, фрадизин, доксициллин ва бошқалар тавсия этилади. Тилозин – 50 (1 мл.да 50 мг тилозин сақлайди) 3-5 кун давомида кунига 1 марта 4-10 мг.кг дозада мускул орасига инъекция қилинади.

Антибиотиклар билан биргаликда сульфаниламидлар ҳам тавсия этилади.

Натрий норсульфазолнинг 10%-ли эритмасидан 100-150 мл миқдорида венага 2-3 кун давомида кунига бир марта юбориш яхши натижа беради.

Дори моддаларни елин ичига юбориш. Елин ичига эритмаларни юбориш усули маститни зардобли туридан ташқари барча турларида қўлланилади. Эритмалар елинга 50-100 мл миқдорида 38-40°C иситилган ҳолда юборилади. Бунинг учун олдин елиннинг жароҳатланган чораги яхшилаб соғиб ташланади, кейин елин сўрғичлари терисига спирт суртилиб, унинг каналига айланма ҳаракат қилган ҳолда стерил вазелин суртилган сут катетери юборилади. Кейин катетерга стерил резина найча орқали шприц уланади ва эритма кучсиз босим билан елинга юборилади. Эритма юборилгандан кейин дори қайтиб чиқиб кетмаслиги учун елин сўрғичларининг уч қисми бироз босиб ушлаб турилади. Кейин 1-2 соат ўтгач, соғиб ташланади. Елин ичига дори моддаларни юбориш мастит турларига ва унинг кечишига кўра, кунига 1-2 марта ўтказилади. Агар сут таркибида турли қуйқалар бўлса, олдин яллиғланган елин чорагига туз-содали эритма ёки нашатир спиртининг 0,5%-ли сутдаги эритмаси юборилиб, 15-20 дақиқадан кейин соғиб ташланади, кейин даволовчи эритма юборилади. Елин ичига дори юбориш пайтида шуни эсда сақлаш лозимки, елин сўрғичларига тез-тез катетер юбориш унинг жароҳатланиши ва йўлларининг торайишига олиб келиши мумкин.

Жароҳатланган елин чорагига антисептик эритмалар сифатида антибиотиклар новокаиннинг 0,5%-ли эритмасида эритилиб, 100 – 500 минг ТБ. Дозада юборилади. Бир вақтнинг ўзида бир неча антибиотикларни, масалан, пенициллин ва стрептомицин, пенициллин, эритромицин ва бошқаларни елинга юбориш яхши натижа беради. Патоген замбуруғлар қўзғаган маститларда фунгицид ва фунгистатик дори моддаларидан нистатин, леворин ва бошқаларининг 0,5-1%-ли эритмалари қўлланилади. Ҳозирги пайтда маститларни даволашда қўйидаги антибактериал препаратлардан кенг фойдаланилмоқда.

Елиннинг жароҳатланган сўрғичлари орқали Мастисан – А, Мастисан – Б, Мастисан –Е 5-10 мл, ҳар 24 соатда 4-5 кун давомида, сутни 3 суткадан кейин ишлатиш мумкин. Бу препаратлар соғин сигирларда ҳар 12 соатда, сутдан чиқарилган даврда ҳар 24 соатда 1 марта 4-5 кун давомида, Мастицид – 15 мл ҳар 12 соатда бир марта, 4-5 кун давомида қўлланилади. Пенэрсин – клиник маститларда 10 мл, ҳар 12 соатда бир марта, 3-4 кун, субклиник маститда ҳар 24 соатда 3 кун давомида.

Дифурол – клиник ва субклиник шаклли маститларни даволашда 10-12 мл, ҳар 24 соатда бир марта;

Мастаэрозоль – клиник ва субклиник маститларни даволашда жароҳатланган елин булагига 3-4 сек давомида юборилади, даволаш курси 2-3 кун.

Шунингдек, хлорофилипт, мастисепт, лизомаст, мастит форте, клоксамат, мастилекс каби препаратлар, мультимаст ва бошқа патогентик терапия воситаларидан фойдаланилмоқда.

Маститнинг айрим турлари (йирингли-катарал, фибринли, геморагик) касал ҳайвонда тана ҳароратининг кўтарилиши, иштаҳанинг пасайиши, ташқи таъсиротларга бефарқлик кузатилади, Шунинг учун 100-150 мл 10%-ли кальций хлорид эритмасига 2-3 г кофеин аралаштирилиб, 150-200 мл 20%-ли глюкоза эритмасига аскорбин кислотаси ва кофеин аралаштирилиб, вена қон томирига юборилади.

Патогенетик даволаш усуллари. Бу усулларнинг моҳияти ҳайвон организмига нейро-гуморал ва эндокрин тизимлар орқали носпецефик моддалар ва усуллар билан таъсир этиб, унинг патоген агентларга нисбатан чидамлилигини оширишдан иборатдир.

Сут безлари яллиғланганда нерв элементларининг қўзғалувчанлик ва ўтказувчанлигининг турли даражада бузилиши ҳамда лимфа ва гемодинамик ўзгаришлар содир бўлади, натижада гипертония, гиперосмия, гистамин, ацетилхолин, аденозин уч фосфат ва аденил кислотаси, пептон, албумозлар, аминокислоталар ва кетон таначаларининг тўпланиши кузатилади. Елинда содир бўлган ўзгаришларни фақатгина антибактериал дори моддаларини қўллаш билан йўқотиб бўлмайди. Бунга фақат нерв системаси билан томирлар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни тиклаш ва уларнинг озиқланишини меъёрлаштириш орқали эришилади.

Маститларни новокаин билан патогенетик даволаш қайтарилмайдиган жараёнлар, яъни тўқималарнинг йирингли емирилиши, некрози, гангренаси, атрофияси ва елин индурацияси содир бўлмагандагина самара беради.

Новокаинли блокада усули билан даволаш самараси сут безлари нерв толаларига новокаиннинг кучсиз эритмасини нейротроп ва антипарабиотик таъсири натижасида содир бўлади.

Питуитрин ва окситоцинни қўллаш. Препаратлар қон томир ичига 40 ТБ миқдорида юборилади ва инъекия 6-12 соатда қайтариб турилади. Бу дорилар турли этиологияли зардобли ва катарал маститларни даволашда юқори самара беради.

Д.Д.Логвинов питуитринни аорта қон томир ичига 5 ТБ/100 кг миқдорида қўллашни тавсия этади, инъекияни ҳар 48 соатда қайтариш (2-4 мартагача) мумкин. Мастит билан касалланган сигирларни даволашнинг самарали усулларидан яна бири новокаин билан питутринни биргаликда қўллашдир. Бунда касал ҳайвоннинг ҳар 1 кг тана вазни ҳисобига 2 мг новокаин ва ҳар 100 кг вазни ҳисобига 5 ТБ питуитрин олиниб, аорта қон томирига юборилади. Аортага олдин 20-25 ТБ питуитрин, 2-3 дақиқадан кейин 100 мл 1%-ли новокаин эритмаси юборилади. Бундай комплекс даволаш усули зардобли катарал, фибринли ва йирингли катарал маститларда яхши натижа беради. Окситоцин ва питуитриндан фойдаланилганда сигирнинг жароҳатланган елин чорагини тез-тез соғиб туриш керак.

Физиотерапия усуллари. Совуқ ва иссиқ қўйиш. Совуқ ёки иссиқ компресслардан тўғри фойдаланиш билан кўзлаган натижага эришиш мумкин. Нотўғри қўлланилганда аксинча таъсир этиши мумкин.

Совуқ компреслар касалликнинг биринчи соатларида қўйиладиган совуқ примочка ва елинга суртиладиган балчиқлар шаклида бўлади. Балчиқ ишлатиш техникаси қуйидагича: қисман балчиқ билан тўлдирилган челакка совуқ сув қуйилади ва яхшилаб аралаштирилгандан кейин бўтқасимон қуюқ масса ҳосил бўлади. Бунинг учун 26о шва қум аралашмаган, тоза, юмшоқ тупроқ ишлатилади. Сигир соғиб олингандан кейин елиннинг яллиғланган қисмига 1-2 см қалинликда балчиқ суртилади. Елин териси жароҳатланган ёки ёрилган бўлса унга балчиқ қўйиб бўлмайди.

Балчиқ қуриб қолганда совуқ сув билан ювиб ташланиб, янгидан суртиб қўйилади. Дастлаб, балчиқ ҳар соатда, маҳаллий ҳарорат пасайиб борган сайин ҳар 1,5-2 соатда алмаштириб турилади. Балчиқни доимо совуқ таъсир этиб туриши учун 5-20 соат мобайнида қўллаш мақсадга мувофиқдир.

Балчиқни тайёрлашда 1 л сувга 2 ош қошиқ ҳисобида суюлтирилмаган сирка кислотаси қўшлади, чунки сирка кислотаси антисептик ва яллиғланишга қарши таъсир кўрсатади.

Иссиқлик – мойчечак, чириган пичан ёки торфдан қуйиладиган припаркалар ва иситувчи компресслар кўринишида бўлади. Чириган пичан торф ва бошқалар челакка солиниб, устидан қайноқ сув қуйилади, сувининг ортиқчаси сиқиб ташланади ва 45° гача совитилиб, кейин халтага солинади.

Халтанинг бўйи ва эни припарка қуйиладиган жойдан каттароқ, қалинлиги эса 5-7 см гача бўлиши лозим. Олдин халта торф, чириган пичан ёки бошқалар билан тўлдириб, оғзини тикиш, елинга тўғри келадиган қилиб мослаш, кейин челакка солиб буғлаш ҳам мумкин.

Қиздирувчи компресслар сувли ва спиртли, шунингдек, спирт-камфорали ва спирт-ихтиолли бўлиши мумкин. Иситувчи компрессларни қўйиш умумий қабул қилинган усулда бажарилади, яъни тозаланган елин чорагига 2 қатлам дока эритмалар билан намланиб қўйилади, кейин унинг устидан сув ўтказмайдиган материал қўйилади, кейин эса иссиқликни узоқ сақлаб туриш мақсадида яна пахтали материал билан ўралади ва улар елинга боғланади. Қиздирувчи компрессларни кунига 2 марта 2-6 соат давомида қўллаш мумкин.

Припарка ёки компрессни ушлаб туриш учун материалдан боғлам ишлатилади. Боғлам сигирнинг қорнига сирғаниб тушиб кетмаслиги учун орқа томондан икки жойидан думнинг икки томонидан ўтказилиб, белга боғлаб қўйилади. Иссиқликни сақлаб туриш учун припаркали халта билан бойлам орасига клеёнка солинади. Иссиқ компрессдан фойдаланишда: 1) компресс ёки припарка тагига ташқаридан ҳаво кирмаслиги учун улар елинга зич тақалиб туриши керак; 2) компресс ёки припаркани бойламга сув оқиб тушмайдиган даражада намлаб ва сиқиб ташлаш лозим; 3) компресс ва припаркалар маҳкам боғланган ҳамда елиндан сирғаниб тушиб кетмайдиган бўлиши лозим.

Иссиқни сақлаб туриш учун компресс ёки припарка бир суткада кўпи билан икки марта аламаштирилади. Компресс ёки припарка олингандан кейин елин қуруқ сочиқ билан артилади ва иссиқ қилиб ўраб қўйилади. Шу мақсадда елинга тутиладиган махсус пахталиклар ҳам ишлатилади.

Елинни массаж қилиш. Массажнинг силаш, ийлаш, турткилаш ва уқалаш усуллари қўлланилади. Айрим ҳолларда елинни массаж қилишнинг соддалаштирилган усули қўлланилади. Бунинг учун ўнг елиннинг ярми олдинги ва орқа чорагининг ташқи сирти имкони борича остига яқин қилиниб иккала қўл билан ушланади. Кейин сут бези босилиб, қўллар елин тубигача пастга туширилади. Елиннинг чап ярми ҳам худди шундай массаж қилинади. Г.И.Азимов елинни массаж қилишнинг бирмунча мукаммал олти усулини таклиф этган:

Биринчи усул. Елиннинг ўнг ярми иккала қўл билан массаж қилинади. Айни вақтда қўллар елин чорагининг юқорисидан пастига, шунингдек, ён томонларидан орқа ва олдинги юзаларининг ўртасига қараб юритилади. Бунда қўлнинг бош бармоқлари елиннинг ташқи сиртидан сирғаниб боради.

Иккинчи усул. Елинниг чап ярми ҳам худди шундай ҳаракатлар билан массаж қилинади, лекин бош бармоқ елин булаги ўртасидаги чуқурчада, қолганлари эса унинг ташқи сиртида бўлади.

Парафин билан даволаш. Бунда сувсизлантирилган парафиндан фойдаланилади. +60°C ҳароратдаги суюлтирилган парафин тоза ювилиб, қуритилган елин терисига кенг чўткача билан суртилади, кейин бу қатлам устидан яна ҳам юқорироқ ҳароратли (80-90°C) парафин суртилиб, устидан клеёнка ва пахта қўйилиб боғланади. М.И.Никифоров парафин билан даволашни веноз гиперемия билан бирга олиб боришни тавсия этади. Бунинг учун сут бези вена қон томирига қисқа муддатга жгут қўйилади.

Озокрет билан даволаш. Бунда озокерит 100 – 110°С қизитилиб, кейин остига клёнка тўшалган кюветларга солиниб, +45°C гача совитилади. Биринчи 46 х 46 х 6 см катталикдаги кюветдаги клиёнка касал ҳайвоннинг бели ва думғзасига, кейин 66 х 56 х 6 см катталикдаги иккинчи кюветдаги клиёнкани олиниб, жароҳатланган елин чорагига (жундан тозаланган бўлиши керак) қўйилади. Юқори маҳсулдор сигирларнинг елин териси жуда нозик бўлганлиги учун уларга озокрет бирмунча совитилиб қўйилади. Озокрет иссиқлигини сақлаб туриш учун уни клеёнка ва пахтали қатлам билан ўраб қўйилади. Даволаниш сеанси 1,5-6 соатгача, кунига икки марта. Бунда елинни совиб қолишига йўл қўймаслик керак. Тиосульфатли грелка билан даволаш. Бу оғирлиги 500-700 г келадиган икки қаватли полиэтилен плёнкадан иборат халтача бўлиб, унинг орасидаги ҳавосиз бўшлиғига 2,5-3 г тиосульфат натрий солинган бўлади. Халтачани 80°С ҳароратли сувга солиб, тиосульфат натрий кристаллари эригунча кузатилади ва кейин иссиқ сувдан олиниб артилади. Ҳалтача 2 қават дока устидан елинга қўйилиб, пахтали қатлам билан боғланади.

Инфрақизил нурларни қўллаш. Жароҳатланган елин Соллюкс ёки инфраруж лампалари билан кунига 2 марта 30-60 дақиқа давомида нурланади. Бу лампалар елиндан 60-80 см узоқликда ўрнатилиши керак.

Ультрабинафша нурлар билан даволаш. Стационарларда симобли- кварцли ПРК-2 лампасидан фойдаланилади. Лампа билан елин орасидаги масофа ва уни қўллаш вақти яллиғланиш характерига кўра белгиланади.

Дориларни елин сўрғичлари ичига юбориш. Елин сўрғичлари ичига дори юборадиган асбоб қуйидагича йиғилади. Узунлиги 0,5-0,8 м келадиган резина найнинг бир учи сут катетери билан, иккинчи учи эса шприц (поршенини олиб туриб) ёки воронка билан туташтирилади. Йиғилган асбоб қайнатиш йўли билан юқумсизлантирилади. Олдин ҳайвоннинг сути соғиб ташлангандан кейин катетер елин сўрғичлари каналига киритилади ва тайёрлаб қўйилган эритма юқорига кўтарилган воронка, шприц ёки бошқа идишга қуйилади. 2-3 соатдан кейин ҳайвонни соғиб ташлаш йўли билан эритма чиқариб ташланади.

Елин цистернаисга дори моддаси юбориш

Маститларнинг олдини олиш. Маститларнинг келиб чиқиш сабаблари турлича бўлганлиги учун олдини олиш чоралари ҳам ҳар томонлама бўлиши керак. Маститларни олдини олишда асосий чора-тадбирлар қуйидагилардир: ҳайвонларни тўлақимматли ва юқори сифатли озиқалар билан боқиш, ошқозон ичак тизими касалликлари, заҳарланишлар ва моддалар алмашинуви бузилишларининг олдини олиш; ҳайвонларни асрашда зоогигиеник қоидаларга риоя қилиш, елиннинг турли касалликлари ва шикастланишига йўл қўймаслик керак.

Маститларни ўз вақтида аниқлаш, даволаш ва олдини олиш тадбирларини бажариш, клиник шаклли мастит билан касалланган сигирларни алоҳида жойга ажратиш, уларни ва янги дориларни қўллаш билан комплекс тазда даволашни ташкил этиш. Яширин маститларни аниқлаш мақсадида ҳар ойда бир мартаба текшириш ўтказишни ташкил этиш лозим.

Соғувчиларни сут соғиш аппаратларида ишлашга ўргатиш, соғувчилар ишини назорат остига олиш, машинага яроқсиз сигирларни қўлда соғишни ташкил этиш, соғиш идишларини тоза тутиш, уларни зарарсизлантириш, сигирлар сутдан чиқарилган даврдан бошлаб елин касалликларини олдини олиш. Бўғоз сигирларга моцион бериб бориш, ишчилар ва сут соғувчиларни ҳар ойда бир марта тиббий кўрикдан ўтишларини таъминлаш лозим.

МАҚОЛАНИНГ БИРИНЧИ ҚИСМИ👉… СОҒИН СИГИРЛАРДА УЧРАЙДИГАН МАСТИТ КАСАЛЛИГИ

Манба: «ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИКЛАРИ ШАРОИТИДА ЧОРВАЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ» МЕНГЛИЕВ ҒАЙРАТ АКРАМОВИЧ

Дўстларингизга ҳам улашинг!