Стевия – қандли диабетни даволаши ростми?

Ватани Жанубий Америка қитъаси (Парагвай)нинг тоғли ҳудудлари бўлган стевия – (Stevia rebaudiana Bertoni) нинг табиий заҳиралари денгиз сатҳидан 300 м баландликдаги худудларда учрайди. Ўсимлик Япония, АҚШ, Хитой, Таиланд, Исроил, Корея, Россия, Молдава, Украина ва бошқа мамлакатларда маданий ҳолда етиштирилади. Шимолий Америкада стевиянинг 200 дан ортиқ турлари ўсади.

Дунё миқёсида 32 минг га ер майдонда стевия ўсимлиги етиштирилиб, шундан 24 минг га (75%) ер майдон Хитой Халқ Республикасига тегишлидир.

Мураккабгулдошлар — Asteraceae оиласининг стевия туркумига 180 дан ортиқ турдаги ўсимликлар киради. Стевия — Stevia rebaudiana Bertoni ҳам шулар жумласидандир. Стевия, бўйи 1 метргача етадиган бир йиллик ўсимлик. Унинг барглари оддий, пояда қарама-қарши шаклда жойлашган, узунлиги 2-3 см етади. Барг япроғиннг юзаси силлиқ, олди томони қалами ҳолда жойлашган. Гуллари 3-4 мм узунликдаги 6-7 дона оқ мураккаб тўпгулда йиғилган. Меваси 3-4 мм. Сентябрь – ноябрь ойлари гуллайди. Уруғлари октябрь-ноябрь ойларида пишиб етилади.

Стевия – Стевия медовая – Stevia rebaudiana Bertoni

Ўсимликнинг кимёвий таркиби ўзига хос бўлиб, баргларининг таркибида ширин таъм берувчи дитерпеноид (стевиозид) гликозиди мавжуд. Стевиозид моддаси

0,4 % ли сахароза эритмасидан 300 баробар, 10 % ли шакар эритамасидан эса

150 баробар ширинроқдир.

Бундан ташқари, таркибида флавоноидлар (кверцетин, рутин), минерал моддалар – (кальций, фосфор, калий, рух, темир, хром, магний, селен, мис, марганец, кобальт), ҳамда витаминлар (В гуруҳи, А, С, Е ва. ҳ.к.) мавжуд.

Стевия ўсимлиги организмга умумий қувват ва мустаҳкамловчи сифатида таъсир этади. Қадимда Бразилия ва Парагвай ҳиндулари стевияни озиқ-овқат сифатида, баъзан эса ошқозон-ичак ҳамда буйрак касалликларини даволашда ишлатишган. ХХ асрнинг бошларида француз олимлари томонидан ушбу ўсимлик таркибида стевиозид ва ребаудиозид моддалари аниқланган.

Ўсимликнинг таркибидаги моддалар тишларда ёғ ва бошқа моддалар тўпланишига йўл қўймайди. Бу эса тиш эмалини микроблар томонидан емирилишини олдини олади. Стевия қондаги қанд (шакар) миқдорини назорат қилади ва инсулин гармони фаолиятига кўмаклашиб, организмни қанд билан таъминлашда катта аҳамият касб этади. Стевия ўсимлиги таркибидаги биологик фаол модда — гликозид (стевиозид) организимда табиий озуқа ўрнини босувчи воситалардан биридир. Шунингдек стевия маҳсулотлари, қандли диабет, организмда ортиқча ёғларни тўпланиши ҳамда метаболик жараёнларни бузилиши билан боғлиқ бўлган касалликларда қўлланилади. Бундан ташқари гипотензив (қон босимни пасайтиради), кардиотоник, антибактериал, антифунгал, антивирал, диуретик, тоник ҳамда яраларни даволашда самарали восита сифатида қўлланилади.

Қандли диабет билан касалланган беморларга ширинлик берилмаслигини ҳисобга олиб, беморларнинг ширинликка бўлган ихтиёжини қондиришда ҳамда қандли диабет касаллигини даволашда самарали қўлланилиб келинади.

Хитой мамлакати қандли диабет билан касалланиш бўйича дунёда АҚШ ва Россиядан кейинги ўринда туради.

Қандли диабетга чалинганлар сони бўйича 2008 йилда Ҳиндистон энг юқори кўрсатгич (30 млн)ни ташкил этган. Ушбу касаллик сабабли стевия хом ашёларига талаб ортиши билан фермерлар катта майдонларда стевия плантацияларини барпо этишни бошлаганлар. Шунингдек, Ҳиндистон тупроқ ва иқлим шароити билан стевия ўситириш учун жуда қулай бўлган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунда Ҳиндистонда стевия ўсимлигининг йиллик ишлаб чиқариш қарийиб 600 тоннани ташкил этади.

Шунингдек, Японияда ҳам стевия ўсимлигидан жуда кенг миқёсида фойдаланилиб, бир гектар ер майдондан 270 минг АҚШ.долларгача фойда олинади.

Ушбу ўсимлик таркибидаги ширинлик юқори бўлса ҳам қандли диабет хасталиги беморларида нохуш ҳолатларни келтириб чиқармайди.

Халқ табобатида ҳам стевиядан олинадиган моддалар қандли диабет касаллигида қўлланилади. Бунда ўсимлик маҳсулотининг майдалангани (талқони) истеъмол қилинганда патоген микробларни йўқотади ва иммун тизимига ижобий таъсир кўрсатади.

Шунингдек, юрак мускуллари яллиғланишда, тана териси ва сочнинг ҳолатини яхшилашда, организмдан холестеринни чиқариб юборишда ишлатилади. Бундан ташқари стевиозид моддаси кондитер саноати (Япония)да салқин ичимликлар, ширинликлар тайёрлашда шакар ўрнига кенг миқиёсда ишлатилади.

Стевия ўсимлиги 1931 йилда Н.И. Вавилов томонидан Никита ботаника боғида интродукция қилинган. Кейинчалик Татаристон, Қозоғистон, Украина, Миср, Молдавия давлатларининг илмий-тадқиқот институтлари олимлари томонидан иқлимлаштирилиб, асосий агротехнологик тадбирлари ишлаб чиқилган.

Мазкур ўсимлик Ўзбекистонда дастлаб, 1996 йилда Ўзбекистон Миллий Университети ва Тошкент давлат аграр университети олимлари томонидан маҳаллийлаштирилган.

Бугунги кунда Республикамизда стевия ўсимлиги плантациялари кенгаймоқда. Мисол учун, Сурхондарё вилояти, Шўрчи туманида “Оллоёрохун” стевия экспериментал фермер хўжалиги 7 гектар майдонда ушбу ўсимлик плантацияларини ташкил этиб, парвариш қилиб келмоқда.

Шунингдек, 2019 йилда Тошкент вилоятининг, Ўртачирчиқ туманида «Healing Herbs and Organics» ташкилоти томонидан 60 гектар майдонда стевия плантациялари ташкил қилинган. Жорий йилда ушбу ташкилот томонидан яна 64 га майдонга стевия кўчатлари экилиб парваришланмоқда (Маълумот учун: Ушбу ташкилотининг стевия ўсимлиги хом ашёсини етиштириш ва қайта ишлаш қуввати йилига 18 тн ни ташкил этади).

«Healing Herbs and Organics» ташкилоти томонидан ишлаб чиқарилган стевия хом ашёси саноатда қайта ишланиб, “Стевиозид”, “Ребаудиозид” маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича хориж компаниялари билан музокаралар олиб борилмоқда. Ҳозирги кунда стевиянинг совуққа чидамли, сифатли уруғ берувчи худудий янги экоформаларини яратиш ишлари амалга оширилмоқда.

Тошкент вилояти, Ўртачирчиқ туманида ташкил этилган “Стевия” плантацияси

Стевия шакарининг аҳамиятли томони шундаки, ҳозирда унинг истеъмолдаги меъёри жуда чексиз даражада бўлиб, организмлар учун салбий таъсири кузатилмаган.

Юртимизда стевияни етиштириш ҳамда қайта ишлаш жараёнлари ўрганиб чиқилган. Уни уруғлантириш, қаламча усули билан кўчатларини етиштириш қўлланиб келинмоқда. Олиб борилаётган амалий ишлар натижаси шуни кўрсатадики, республикада етиштирилган стевия ўсимлигининг стевиозид моддаси дунёнинг баъзи мамлакатларида етиштирилган ўсимлик таркибидаги стевиозид миқдоридан анча юқори кўрсаткични — 19,7 % (Жанубий Кореяда эса 16 %) ни ташкил қилади.

Юқорида таъкидланганидек, мамлакатимизда доривор ва зиравор ўсимликларни кўпайтириш ва маданий плантацияларини яратиш, фармацевтика тармоғини доривор ўсимликларга бўлган талабини, маълум миқдорда қондириш имкониятини беради.

Стевия етиштиришда нималарга эътибор бериш керак!

Стевия субтропик, мўтадил иқлимнинг ҳаво ҳароратига мослашган бўлиб,

24°С гача бўлган ҳароратда яхши ўсади. Стевия яхши ўсадиган тупроқлар бу нормал намликдаги қумоқ (қумли) тупроқдир.

Ўсимликни экиш ва парвариш қилишда, унинг нормал ривожланиши учун зич бўлмаган, дренаж тизими яхши бўлган, қуёш нури тушадиган, унумдор ва суғориш имконияти етарли бўлган ер майдони танланади. Негаки, ушбу ўсимлик қуёш яхши ёритмайдиган жойлар(соя)да ҳамда унумсиз тупроқларда яхши ўсмайди. Ўсимлик кўчатларини экиш учун танланган майдон кузда 25-30 см чуқурликда шудгорланади. Бунда шудгор қилинадиган майдонга гектар ҳисобида 100 тонна маҳаллий ўғит (гўнг), 200 кг фосфор солиб, ер шудгорланади. Ўсимликнинг илдиз тизими яхши тараққий этиши учун икки марта ер юмшатилади.

Шунингдек, бегона ўтлардан тозаланади. Ўсимлик уруғининг унувчанлиги паст бўлиб, тезда унувчанлик қобилиятини йўқотади. Шу сабабли ўсимликни етиштириш дастлабки жараёни иссиқхонадан бошланади. Стевия уруғларини экиш (иссиқхона шароитида) учун оптимал муддат бу январь ойи ҳисобланади. Ўсимлик кўчатларини етиштириш учун иссиқхоналардаги махсус жой (поллар)га экилади. Экилган уруғларнинг устидан элакдан ўтказилган аралашма (1 гўнг:1 қум: 3 тупроқ) сепилади. Бунда тупроқ қалинлиги 0,2-0,3 см да бўлиши мақсадга мувофиқдир. Ҳаво ҳарорати +15°С га етиши ўсимлик уруғлари униб чиқиши учун қулай фурсат ҳисобланади. Шу сабабли стевия етиштирилишида дастлаб уруғлар махсус кўчатхоналарда экилади. Ҳарорат +18…+25°C даражада сақланганда бир ҳафта ичида ёш илдизлари пайдо бўлади. Стевия кўчатларнинг бўйи 15-20 см га етганда, март ойининг охири ва апрель ойининг бошларида, очиқ майдонга олиб чиқилади. Барг ёки уруғ ҳосили олиш учун қатор оралиқлари 2 ҳилда тортилади.

Барг ҳосилини олиш учун қатор оралари 70 см дан тортилиб, ниҳолларни

20 см оралиқда, уруғни олиш учун қатор оралари 90 см дан тортилиб, ниҳолларни 25 см оралиқда экилади. Ўсимликни озиқлантириш вегетациясининг иккинчи ойидан бошланади. Мавсум давомида суғориш (октябрь ойигача) ўсимликни ҳолатидан келиб чиқиб амалга оширилади.

Ўсимликнинг ўзига хос хусусиятлардан бири шундаки, стевия 100С дан паст бўлган ҳароратда ўсишдан тўхтайди. Бу унинг ташқи муҳитга бўлган муносабати ва унинг жузъий мосланиши (идоадаптация)ни билдиради.

Стевиянинг ҳосилдорлиги гектар ҳисобида дастлабки йилларда 5-8 центнергача ва кейинги йилларда 18-20 центнерни ташкил этади.

Хулоса қилиб айтганда, стевия ўсимлигини биоэкологик хусусиятларидан келиб чиқиб, республиканинг Жанубий ҳудудлари (Сурхондарё, Қашқадарё) ҳамда Самарқанд ва Тошкент вилоятларида маданий плантацияларини ташкил этиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Б.Ё. Тўхтаев, Т.Х. Махкамов, А.А. Тўлаганов, А.И. Маматкаримов,

А.В. Маҳмудов, М.Ў. Аллаяров — «Доривор ва озуқабоп ўсимликлар плантацияларини ташкил этиш ва хом-ашёсини тайёрлаш бўйича йўриқнома» Тошкент — 2015 й.

  1. А.А. Лобанова, В.В. Будаева, Г.В. Сакович — «Химия растительного сырья» 2004.-№1.-С.47-52.
  2. И. Г. Ахметов и др — «Молодой учёный» Международный научный журнал № 14 (148) Казан — 2017 г.
  3. О.В. Булавинова — Нетрадиционные растения — заменители сахара при диабете — Студенческая научно-практическая конференция «Образование, Наука, Производство — 2017» Ставрополь, 1517 февраля 2017 г., 229-231.
  4. О.В. Корпачева Зиныч, Ю.А. Черная – « Экстракты стевии сахароземенители с лечебными свойствами» Киев — 2010 г.
  5. Ю.Н. Коршаковская, В.С. Тарасенко — Стевия медовая -перспективная лекарственная культура для борьбы с сахарным диабетом — Лекарственные растения: биоразнообразие, технологии, применение: сборник научных статей по материалам I Международной научно-практической конференции. — Гродно: ГГАУ, 2014, 141-144.

Интернет сайтлар:

  1. www.lekrs.ru
  2. www. herbal-grass.com
  3. www.herbalrussia.ru
  4. www.reseachgate.net
  5. www.stevita.ru
  6. www.medn.ru
  7. www.greeninfo.ru
  8. www.agroportal.ua

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Доривор ва зиравор ўсимликларни ривожлантириш бошқармаси А. Ахмеджанова, Б. Темиров, Ф. Мардонов.

Манба: Вазирлик Ахборот хизмати. agro.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!