Тармоқ ривожланиш йўлида

9

Кейинги йилларда мамлакатимизда балиқчиликни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу иш билан шуғулланиш истагида бўлганларга ер майдонлари ажратиш, сунъий сув ҳавзалари барпо этиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Натижада балиқ маҳсулотлари етиштириш йил сайин кўпаймоқда. Масалан, Самарқанд вилоятида 2010 йилда истеъмолчиларга 81 тонна балиқ етказиб берилган бўлса, бултур бу кўрсаткич салкам 3 минг тоннани ташкил этди. Балиқчиликка ихтисослашган хўжаликлар сони эса 295 тага етди. Уларнинг ихтиёрида жами майдони 1021 гектардан иборат сув ҳавзалари бор.

Вилоят балиқчилиги ривожида Пайариқ тумани алоҳида ўрин тутади. Негаки, маҳаллий аҳоли азалдан балиқчилик билан шуғулланиб келади.

– Туманимиз сарҳадлари бепоёнлиги, табиий кўллар кўплиги бизда балиқчиликни тараққий эттириш имконияти катталигидан далолат беради, – дейди туман давлат солиқ инспекцияси бош­лиғи ўринбосари Аслиддин Ҳақназаров. – Лекин яқин-яқингача бу соҳага жиддий эътибор қаратилмасди. Ана шунинг оқибатида 2012 йили туманда 380 тонна, 2016 йили 653 тонна балиқ етиштирилганди. Ўтган йили эса балиқчиликни ривожлантириш дастурига асосан, 10,5 гектар ер ажратилиб, 5 та янги хўжалик ташкил этилди. Натижада соҳадаги субъектлар сони 50 тага етди. Сув ҳавзаларига 1 миллион 320 минг дона балиқ чавағи ташланди.

“Азизбек барака замини” фермер хўжалиги раҳбари Илҳом Узоқов ўзи етакчилик қилаётган жамоада амалга оширилаётган ишлар ҳақида бундай дейди:

– 2014 йили 5 гектар майдонда иккита сунъий сув ҳавзаси яратгандик. Кўп ўтмай “Ипотека-банк”нинг вилоят филиа­лидан 40 миллион сўм кредит олдик. Бу маблағ ҳисобига фаолиятимизни жадал ривожлантиришга бел боғладик. Дастлаб Чиноз туманидаги балиқчилик хўжалик­ларидан балиқ чавақлари келтирдик. Зарур озуқаларни эса шартнома асосида “Жомбойдон” акциядорлик жамиятидан ола бошладик. Самараси чакки бўлмади. Жумладан, 2017 йили жами 7 тонна оқ амур, дўнгпешона, сазан балиқлари етиштирдик. Соф даромадимиз 40 миллион сўм атрофида бўлди.

Узоқ йиллар чорвачилик соҳасида меҳнат қилган Ўктам Ёдгоров туманда биринчилардан бўлиб балиқчиликка ихтисослашган “Маҳлиё РА” фермер хўжалигини ташкил этган.

– Хўжалик ҳудудидаги 7,7 гектардан иборат ташландиқ ҳовузни ўз тасарруфимизга олиб тозаладик, – дейди у мамнуният билан. – Аввалига ер, иқлим шароити, сув муаммоси, чавақлар нобуд бўлиши туфайли бирмунча қийналдик. Эндиликда эса йилига 7-8 тонна балиқ етиштириб, ўртача 50 миллион сўмдан фойда оляпмиз. Унинг бир қисмини қўшимча соҳаларни ривожлантиришга сарфлаяпмиз. Чунончи, бултур 40 гектар ер олиб, қўйчиликни йўлга қўйдик. Айни кезларда эса қуёнчилик билан шуғулланишни ҳам режалаштиряпмиз.

– Президентимизнинг 2017 йил 1 майдаги “Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда ушбу соҳани ривожлантириш, янада тараққий эттириш учун навбатдаги амалий қадам бўлди, – дейди “Самарқандбалиқ” масъулияти чекланган жамияти директори Осмон Асанов. – Қарорга биноан, “Ўзбалиқсаноат” уюшмаси ва “Балиқсаноат” масъулияти чекланган жамияти тузилиб, ҳудудлардаги табиий сув омборлари уларнинг ихтиёрига ўтказилди. Вилоятимизда бундай сув омборлари 1189 гектар жойни эгаллайди. 2017 йили вилоят бўйича балиқчиликка доир 43 та лойиҳа амалга оширилди. Шу асно хўжаликларга 182 гектар ер ажратилди. Демакки, келгусида балиқ етиштириш икки бараварга кўпайиши кутилмоқда. Бизнинг асосий вазифамиз эса хўжалик­ларни ўзимизда етиштирилган балиқ чавақлари билан таъминлашдан иборатдир. Шу боис, “Оқ амур балиқлари” ва “Каттақўрғон жайҳуни” фермер хўжаликлари инкубация цехларини тўла қувват билан ишлатиш, шунингдек, Россия ва Вьетнамдан маҳаллий иқлим шароитимизга бемалол мослаша оладиган балиқ турларини келтириш чоралари кўрилмоқда. Пайариқ туманида эса чавақлар етиштиришга мўлжалланган 35 гектарлик сунъий сув ҳавзаларини ташкил этиш бўйича иш олиб борилмоқда.

“Самарқандбалиқ” МЧЖга аъзо хўжаликларга бир қатор солиқ имтиёзлари берилиши ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиши кўзда тутилган. Ҳозир тармоқ ривожи учун масъул корхоналар билан ҳамкорликда хўжаликларга арзон нархларда махсус озуқа етказиб бериш масаласи ҳал этилмоқда. Қолаверса, бу йил жамият қошида балиқчилик лабораторияси ташкил этилиб, ҳудудий ветеринария хизмати йўлга қўйилади. Бу эса жойлардаги сув ҳавзаларида боқилаётган балиқларнинг яхши ривожланиши учун зарур шароитлар ва озуқа компонентларини, ҳавзадаги кислород миқдори, балиқларнинг урчишини назорат қилиш имкониятини яратади.

Абдурасул САТТОРОВ.

Biznes Daily «Биржа» республика иқтисодий газетаси

biznes-daily.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!