Тармоқда тадбиркорлик фаоллашиб, инновацион ғоя ва лойиҳалар жорий этилмоқда

Жиззах вилоятида балиқчилик соҳасида ўтган йил якунига кўра, 268 тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 16 таси 63 минг гектардаги табиий, 252 таси 1 минг 614 гектар сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштиради.

Фориш туманидаги «Sultonbek baliq” хусусий корхонаси тармоқда муваффақиятли фолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларидан. Корхона балиқ етиштириш ҳажмини йилдан-йил ошириб бораётир. Хусусан, 2016 йилда 110 тонна балиқ овланган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич икки баробардан зиёд, яъни 250 тоннага етказилди.

– Ўтган йили “Ипотекабанк” вилоят филиалининг 200 миллион сўм кредити кўмагида ҳовузимизни кенгайтирдик, – дейди корхона раҳбари Ш.Камолов. – Йиллик даромадимиз ҳам ёмон бўлмади. Бу йил балиқ етиштириш ҳажмини янада оширишни режалаштирганмиз. Табиийки, ишчиларимиз сони ҳам кўпаяди. Айни кунларда ҳовузлар чавоқ ташлашга ҳозирланмоқда.

Давлатимиз томонидан балиқчиликни ривожлантириш қўллаб-қувватланаётгани тармоқда фаолият кўрсаётган тадбиркорлар имкониятини кенгайтирмоқда. Айни пайтда туманда балиқчилик билан шуғулланаётган барча турдаги хўжаликлар сони 54 тага етди. Ўтган йили туманда 8 минг тоннадан зиёд балиқ етиштирилган.

Бу йил туманда балиқчиликни ривожлантириш бўйича яна бир лойиҳа амалга оширилмоқда. Эгизбулоқ қишлоғида “Агро кафолат” хусусий корхонаси томонидан балиқ чавоғи етиштирадиган қиймати 1 миллиард 200 миллион сўмлик лойиҳа ҳаётга татбиқ этилади. Инкубация цехлари, лабораторияси билан бирга барпо этилаётган янги балиқчилик корхонаси йилига 150 тонна чавоқ етиштириш қувватига эга бўлиб, 15 иш ўрни яратилади.

Президентимизнинг 2017 йил 1 майдаги “Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этаётир. Ушбу қарор асосида ташкил этилган “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси тадбиркорлар фаолиятини мувофиқлаштиришда самарали иш олиб бормоқда. Уюшманинг ҳудудий “Балиқсаноат” масъулияти чекланган жамияти уруғ, балиқ чавоғи етиштириш, балиқ маҳсулотларини тайёрлаш ва қайта ишлаш соҳасида тадбиркорлар билан яқин ҳамкорлик қилмоқда.

– Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили балиқчилик тармоғида алоҳида аҳамиятга эга бўлиши шубҳасиз, – дейди «Жиззахбалиқсаноат» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Аброр Нарзиев. – Чунки балиқчилик тармоғида тадбиркорликни фаоллаштиришга ҳам, инновацион ғоя ва технологияларни жорий этишга ҳам эҳтиёж катта. Денгиздан узоқлигимиз тармоқни экстенсив ривожлантириш имкониятларини чеклайди. Шунинг учун тармоқда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида илм-фан ютуқлари, хорижнинг илғор технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада 10 дан зиёд хориж компаниялари билан шерикчилик алоқалари ўрнатилди.

Масалан, “МТТ SEA FOOD” МЧЖ Арнасой туманида умумий қиймати 250 минг доллар бўлган балиқ етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳасини амалга оширмоқда. 124,5 гектар майдонда балиқлар Вьетнам технологиялари асосида етиштирилади.

Шунингдек, вилоятдаги табиий сув ҳовузларидан унумли фойдаланиш ва балиқ етиштириш ҳажмини янада кўпайтириш мақсадида Арнасой кўли, Жиззах ва Қоровултепа сув омборларига ўтган йили ҳар бири ўртача 220-250 килограммдан балиқ чавоғи қўйилган 87 қафас (садок) мосламалари ўрнатилди. Бу йил уларнинг сонини 600 тага ошириш режалаштирилаётир.

Вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси маълумотларига кўра, балиқ овлаш доимий назорат остида. Табиий кўллар ва сув омборларига назорат постлари ўрнатилган. Балиқчилик хўжаликлари билан балиқ овлашда табиий мувозанатни сақлаш ва балиқ захираси тикланишини таъминлаш чоралари кўрилаётир.

Албатта, барча соҳаларда бўлгани каби балиқчилик тармоғида ҳам ишнинг муваффақияти билимли кадрларга боғлиқ. Президентимизнинг юқорида зикр этилган қарори асосида бу масала ҳам ечимини топди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Арнасой қишлоқ хўжалиги ва транспорт касб-ҳунар коллежида 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб ихтиолог (балиқчилик) йўналиши бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди. Бу, албатта, ўз самарасини беради.

Соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар, мутахассислар, иқтисодчилар 2018 йил вилоят балиқчилигини ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлишини айтишмоқда. Тадбиркорларга яратилаётган имкониятлар, соҳага инновацион ғоя ва технологиялар жорий этиш борасидаги ишлар, истиқболли лойиҳалар ҳам бу мақсадни амалга оширишга замин яратади.

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!