Ёзёвонлик балиқчилар ибрати

Ёзёвонда қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш, чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик, паррандачилик ва сабзавотчилик соҳаларида самарадорликни кескин оширишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастури доирасида туман табиий сув ҳавзаларида садок усулида балиқ боқиш ўз самарасини беряпти. Ташаббусни биринчи бўлиб рўёбга чиқарган “Фарғонабалиқсаноат” МЧЖ раҳбари Баҳодир Тешабоев уч йил ичида улкан ютуқларга эришди. Янги ғоя ташаббускори дастлаб 40 та тўрқафасда балиқ боқишни бошлаган эди. Ҳозирги кунда садоклар сони 200 тага етди. Яқин келажакда эса 500 тага етказилиши режалаштирилмоқда.

2017 йилнинг сўнгги уч ойида балиқчилик хўжалигида харидорларга 250 тонна сазан балиғи етказиб берилган бўлса, шу кунларда яна 100 тоннаси тарқатилади. Энг харидоргир балиқ Фарғона водийсидан ташқари Тошкент, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларига ҳам сотилмоқда. Тажриба тариқасида яқинда бир тонна балиқ Қирғизистонга экспорт қилинди. Айни кунларда қўшни республика бозорини кенгроқ эгаллаш мақсадида маркетинг ишлари олиб борилмоқда.

Соҳанинг озуқа таъминотини маҳаллийлаштириш учун Ёзёвонда хитойлик шериклар билан ҳамкорликда кичик корхона ташкил этилиб, юртимизда энг кўп боқилаётган сазан, оқ амур, дўнгпешона балиқ турлари учун соатига 4-8 тоннагача омихта ем тайёрлаш йўлга қўйилди. Қўқон механика заводида эса садок тўрқафаслар тайёрланяпти. Яқин вақт ичида соҳа ривожи учун зарур бўладиган барча асосий ва ёрдамчи воситаларни ўзимизда ишлаб чиқаришга эришиш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Тиғиз мавсумда 30 тагача иш ўрни яратиладиган хўжаликда ҳозирги кунда балиқ озуқасининг 30 фоизи табиий усулда бўлишини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти. Қиш мавсумида ҳам ҳеч бир қийинчиликсиз боқиладиган фарель сингари балиқларни саноат усулида қайта ишлаш ва кўпайтириш орқали хорижга экспорт қилиш галдаги устувор вазифалар сирасига киритилган.

– Ўзаро тажриба алмашиш мақсадида 2013 ва 2017 йиллари Вьетнамга бориб келдим. Садок усулида балиқ боқиш тажрибасини оммалаштириш учун ўзимизда ҳам барча шароитлар етарли, – дейди Баҳодир Тешабоев. – Агар инновацион ғоялар ва интенсив технологияларни амалиётга кенгроқ жорий этсак, табиий ширин таъми туфайли юртимизда етиштирилган балиқ маҳсулотларга жаҳон бозорида вьетнамликлардан ҳам харидорлар бўлади.

Бу эса вилоятда садок усулида балиқ етиштириш нақадар истиқболли эканидан далолатдир.

Ҳозирги кунда мазкур хўжалик негизида экотуризмни ривожлантириш имкониятлари ўрганиляпти. Шу мақсадда Ёзёвон табиий сув ҳавзаларида экосайёҳлик йўналишларининг “йўл харитаси” ишлаб чиқилади. Вилоят ҳокимлиги ёзёвонликларнинг бу борадаги тажрибасини барча шаҳар ва туманларда кенг жорий этиш чора-тадбирларини белгиламоқда.

Баҳодир ЭРГАШЕВ.

biznes-daily.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!