Паррандачилик – чорвачиликнинг муҳим тармоғи бўлиб, аҳолига қимматли озиқ-овқат маҳсулотлари бўлган гўшт, тухум ва енгил саноатга пат хомашёсини етказиб бериш учун хизмат қилади. Чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўзининг ташкилий ва таркибий хусусиятлари билан деҳқончилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш жараёнларидан фарқ қилади ва ўзига хослиги билан ажралиб туради. Паррандалар нафақат гўшти, тухуми, балки пати учун ҳам боқилади. Бу соҳа ҳозирга келиб чорвачиликдаги асосий йўналишлардан бирига айланиб улгурди. Бунинг сабаби – парранда боқиш катта харажат талаб қилмайди, сақлаш иншоотлари жуда оддий.
Шу билан бирга, соҳани янада жадал ривожлантиришга, жумладан замонавий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнини модернизатсия қилиш ва тайёр паррандачилик маҳсулотлари экспортини кенгайтиришга тўсқинлик қилаётган қатор муаммолар мавжуд.
Ҳозирги кунда паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда паррандачилик соҳасини ривожлантириш ва экспортга мўлжалланган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва турларини кенгайтириш, шунингдек аҳолини маҳаллий ишлаб чиқарилган сифатли ва арзон паррандачилик маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Тавсияномани ёзишда паррандачилик, асосан гўшт йўналишига мослаштирилган паррандачилик хўжаликларини ривожлантириш, уларни сақлаш, озиқлантириш, касалликларини олдини олиш ва даволаш, маҳсулот ҳажмини оширишда ветеринария ҳамда зоогигиеник жиҳатлари муаллифлар томонидан бажарилган илмий-услубий ишлардан ва кўп йиллар давомида тўпланган амалий кўникмалардан фойдаланилди.

Ҳарорат: – бройлер жўжалари учун асосий омиллардан ҳисобланиб, бунда ҳароратни белгиланган меъёр бўйича сақлаш керак. Ҳарорат ўзгарганда (баланд ёки паст) жўжалар орасида ўсиш ва ривожланишда тенгқурларидан орқада қолиш, иммунитет тизими тушиб кетиши билан ифодаланади.
Клиник белгилари: – ҳарорат ўзгарганда (баланд ёки паст) жўжалар ахлат чиқаришида товушли кучаниш, ахлати кўпиксимон, сувсимон ҳолатда бўлиши кузатилади. Ҳарорат баланд бўлса жўжалар танасида намлик кўтарилади, кўп сув ичади, иммун тизими пасайиб нобуд бўлишгача олиб келади. Ҳарорат белгиланган меъёрдан паст бўлса, касалликларга чалинувчан бўлиб қолади. Ем харажатлари ошиб кетади. Мисол: 1 ойлик жўжани 240C да сақлаш керак. Сиз 200Cда сақласангиз, еган озиқани вазн тўплаш эмас, ўзини тана ҳароратини иситиш учун сарфлайди. Хонадаги термометрлар жўжалар юрадиган жойларда ўрнатилиши лозим. Хона иссиқ бўлса жўжалар иситиш системасидан узоқлашади, совуқ бўлса иситиш системасига яқинлашади. Меъёрда бўлса хона бўйлаб бир хил тарқалади.
Жўжалар парвариш қилинаётган хонанинг ҳарорати белгиланган меъёрга нисбатан ўзгарадиган бўлса, жўжалар бир-бирига яқинлашиб устма-уст бўлиб тўпланиб қолади. Бу ҳолат асоратларидан тагида қолганлари шу заҳоти нобуд бўлади, қолган мажруҳлари сўйиш кунигача нобуд бўлади. Натижада шу партия жўжаларда ҳар куни ўлим (падёж) кузатилади.
| Ҳарорат меъёрлари: | |
| Транспортировкада (машинада) | 24 0 C |
| 1-ҳафта | 32 0 C |
| 2-ҳафта | 30 0 C |
| 3-ҳафта | 28 0 C |
| 4-ҳафта | 26 0 C |
| 5-ҳафта | 24 0 C |
Ёруғлик. Бройлер жўжалари учун меъёрий даража белгиланган бўлиб, 1-10 кунгача бўлган жўжаларга 1м3 ҳажмга 60 люкс, 10 кундан кейин 40 люкс, ёруғлик меъёрдан юқори бўлса, жўжаларнинг марказий нерв системасига салбий таъсир қилиб, бир-бирини чўқишига олиб келади (каннибализм), ёруғлик меъёридан паст бўлса, кўриш тизими яхши ривожланмаганлиги сабабли буюмларни кўриш даражаси сезиларли даражада сусаяди.
Ёруғликни ўчириб, ёқиш усуллари. Бу усуллар ҳар-хил бўлиб, соат 23:00дан 00:00га қадар бир суткада бир маротаба қўлланилади. Амерканча усулда Реле-автомат орқали 00:00дан 06:00га қадар бир соат ўчирилади, бир соат ёқилади. Бу усулларнинг самарали тарафи шундаки организм дам олади, ошқозон-ичак тизими фаолияти яхшиланди, овқат ҳазм тизими касалликлари камроқ учрайди. Чироқларни ўчиришни бройлер жўжаларга 11-кунидан бошлаб қўллаш тавсия этилади. Сабаби 1-10 кунлари жўжалар нозик бўлади. Тўпланиб қолган вақтлари тагида қолган жўжалар юзага чиқа олмай нобуд бўлади.
Ҳаво алмашиниши. Бу жараён жўжаларни тоза ҳаво билан таъминлаб, хонадаги зарарли газларни ва намликни ташқарига чиқаради. Хонада вентелятсия жараёни талабга жавоб бермаса карбонат ангидрид, аммиак ва бошқа зарарли газлар кўпайиб, намлик даражаси ошиб кетади. Натижада жўжалар қони таркибида азот миқдори кўпайиб, иштаҳа пасайиши, иммунитет тизими тушиши, нафас йўли ва ошқозон-ичак тизимида ўзгаришлар пайдо бўлади. Кўз шиллиқ пардасини яллиғланиши (конюктивит), ҳаво каннибализм (воздушный канниболизм) ва бошқа касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Вентелятсия жараёни жўжаларнинг биринчи кунидан то гўштга топширилгунча бўлган муддат оралиғида доимий равишда амалга оширилиб борилиши лозим.
Вентиляторлар катта-кичик бўлади. Жўжаларнинг кунлигига қараб фойдаланилади. Жўжа хоналарининг томида тирқишлар (витяжка) бўлиши керак. Вентелятор ишлаганда эшик ва форточкалар ёпиқ бўлиши керак. Елвизак (сквозняк) ҳосил бўлмаслиги учун.
Сув тизими. Авваломбор паррандаларга бериладиган сув давлат микробиология лабораторияси текшириувидан ўтган бўлиши шарт. Жўжалар озуқалангандан кейин озуқа таркибидаги ёғ, оқсил, аминокислоталар, витаминлар, минерал моддалар ва ҳакозоларни организм бўйлаб тарқалишида сув катта аҳамиятга эга. Жўжаларни сувсиз қолиши нобуд бўлишигача сабаб бўлади. Жўжаларга бериладиган сувнинг ҳарорати 24 0C бўлиши лозим. Агар белгиланган меъёрдан паст бўлса нафас йўллари, ошқозон-ичак тизими яллиғланишига сабаб бўлади. Ҳарорат меъёрдан баланд бўлса еган озуқаси билан ошқозон-ичак тизимида хамирсимон массага айланиб, ич ўтишига сабаб бўлади. Сув идишлари ҳамиша тоза бўлиши шарт. Сув идишлар шилимшиқ модда, дори воситалари қолдиқлари, тўшама ва ахлатлардан тозаланиб турилиши керак. Жўжахонада ҳар бир партиядан кейин сув тизими қувурларини яхшилаб ювиб, тозалаб дезинфексия қилиш мақсадга мувофиқ. Жўжаларни ёшига қараб уларнинг сув идишлари ҳам юқорига кўтарилиши керак бўлади.
Намлик. 1-10 кунлик жўжаларда намлик миқдори 40-50%, 10-кундан кейин 60-70% бўлиши керак. Намлик меъёрдан ўзгарганда (юқори ёки паст) юқори нафас йўли ва ўпкада ўзгаришлар содир бўлади.
Тўшама. Шоли қипиғи, ёғоч қипиғи (опилка), писта пўчоғи ва сомондан фойдаланиш мумкин. Тўшамалардан фойдаланишда ёт жисмлардан эҳтиёт бўлиш керак (сим, мих, ёғоч бўлаклари ва ҳакозолар).
Биринчи ўн кунликда агар ёғоч қипиғидан фойдаланилганда аррадан ўтган қипиқни ишлатмаслик керак. Сабаби емга ўхшайди, жўжалар еб қўйиши мумкин. Сўнгра ошқозон-ичак тизимига тиқилиб жўжалар нобуд бўлади. Ўн кунликгача бўлган паррандаларда рандадан ўтган ёғоч қипиғидан фойдаланиш лозим. 10 кунликдан ошгандан сўнг аррадан ўтган ёғоч қипиғидан фойдаланилса бўлади. Жўжа боқиш даврида тўшама ифлосланган ёки намланган бўлса, тўшамани тозаламасдан туриб унинг устига бошқа тўшама солиш мумкин эмас. Энг самарали усул, ўша жойни тозалаб янги тўшама солиш ҳисобланади. Чунки тўшамалардаги микро организмлар икки хил бўлади: кислородли (О2) ва кислородсиз муҳитда ҳаёт кечиради (аероб ва анаероб). Тўшама юзасидаги микроорганизмлар кислородли (аероб), тўшама остидаги микроорганизмлар эса кислородсиз (анаероб) муҳитда яшайди. Аероб микробларга қараганда анаероб микроблар хавфли ҳисобланади. Ифлосланган тўшама устидан янги тўшама солсангиз паррандаларда титкилаш инстинкти бўлиб, тўшама тагидаги анаероб муҳитда яшовчи хавфли микроорганизмларни юзага чиқаради, касаллик авж олишига сабаб бўлади. Жўжаларнинг тагига тўшаладиган тўшаманинг қалинлиги камида 5 см бўлиши шарт. Бирон бир тўшамани тўшашга иккиланиб қолсангиз, тўшамадан кафтингизга бир оз олиб яхшилаб сиқиб кўринг, қўлингизга ботмаса, санчилмаса фойдаланиш мумкин бўлади. Жўжа боқиш даврида тўшамани қотиб қолишига йўл қўймаслик керак. Қотиб қолган тўшама жўжаларни оёқ панжалари остида яралар ҳосил қилади, тўш соҳасида қон қўйилиши (гематома) ҳосил бўлади. Тўшама нам ёки ҳўл бўлмаслилиги жуда муҳим, акс ҳолда инфексия ўчоғини ҳосил қилади. Жўжаларнинг ҳар бир партияси гўштга етиштирилгандан сўнг дарҳол остидаги тўшамалар механик тозаланиши шарт. Сабаби тўшамадаги микроблар бугун миллионлаб бўлса, эртага миллиардлаб кўпайиб кетиши мумкин.
Тўшаманинг намлиги ошиб, қаттиқ ҳолатга келиб қолиши натижасида аммиак суюқ ҳолатга айланади ва ушбу тўшамада ўювчи аммиак ҳолатига ўтади. Бундай шароитда боқилаётган паррандаларнинг панжаси остида ҳар хил яралар пайдо бўлишига олиб келади.
Озиқлантириш. Бройлер жўжаларини олдида ҳамма вақт озиқаси бўлиши шарт. 1-10 кунлигида кичик ем идиш, 10 кундан кейин катта ем идишлардан фойдаланиш керак. Флейка, қалин қоғозларни ем идиш сифатида фойдаланиш тавсия этилмайди, сабаби бундай ҳолатда паррандалар озуқани исроф қилади, ифлослантиради ва натижада бошқа паррандалар ушбу озуқаларни истеъмол қилиши натижасида заҳарланиш ёки бошқа бир инфексион ва инвазион касалликларга чалинишига олиб келади.. Бир партия жўжаларни боқишда битта корхонани емидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ, ҳар-хил бўладиган бўлса емни таркиби фарқ қилиб, жўжаларга ножўя (стресс) таъсир қилади, маҳсулдорлик пасаяди. Берилаётган емни ҳар сафар кўздан кечириб, унга сув тегмаганлиги, моғорланмаганлиги ва бошқа ёт жисмлар бор-йўқлигини кўриб кейин бериш тавсия этилади. Емни исроф бўлишига йўл қўйманг. 1 кунлик бройлер жўжалар 5-8 гр ем ейди. Катта бўлганда бу кўрсаткич 150-200 гр бўлади. Сиз шу 5-8 гр емни тўксангиз, исроф қилсангиз кейин бир бош ҳисобда 150-200 гр сизга зарар келтиради. Давомини мисолларда келтириб ёзиш керак.
Емлаш. Бройлер жўжаларини эмлаш усуллари: – кўзига, бурнига, оғиз орқали ичириш усуллари мавжуд. Ваксиналарни +20C дан +80C да совутгичда сақлаш лозим. Тайёрланган ваксинамизни 2 соатгача фойдаланиб бўлишимиз керак. Жўжаларни алиментар йўл билан эмлашдан олдин 1-2 соат давомида сув бермасдан чанқатиб олишимиз керак бўлади, шунда сувга аралаштирилган ваксина билан жўжалар бирдек эмланади. Ваксинани алиментар йўл билан истеъмол қилмаган жўжаларни аниқлашимиз учун сувга маълум миқдорда кўк рангдаги анилин бўёқ аралаштирилади. Фойдаланилаётган ваксиналаримиз қуруқ култура ваксиналар бўлиб, ҳавосиз (вакуум) муҳитда бўлади. Унга ҳаво киритиб қўймаслигимиз керак, акс ҳолда ваксина сифати бузилади. Бунинг учун шпритс ёрдамида флаконга дистилланган сув юборамиз ёки флаконни сувни ичида очамиз. Флаконга ҳаво киритиб қўядиган бўлсак ваксинани биологик хусусияти камаяди. Умумий сувга ваксинамизни аралаштиришдан олдин 1 литр сувга 2 гр қуруқ сут (сухой молоко) қўшиш керак. Фойдаланиб бўлинган ваксина идишлари ва асбоб-ускуналари қайноқ сув билан зарарсизлантирилади, бу билан эпизоотияни олдини олган бўламиз.
Емлаш жадвали.
| Касаллик номи | Ваксина номи | Емлаш вақти |
| Нюкасл бронхит | ИБК+НБ | 1-кун (спрей) |
| Гамборо | ИББ | 7-кун |
| Нюкасл бронхит | ИБК+НБ | 10-кун |
| Гамборо | ИББ | 17-кун |
| Нюкасл | НБ | 22-кун |
Емни сақлаш хонаси. Ем сақлаш хонасининг ҳарорати +5 0C, +25 0C, намлиги 40-50% бўлиши лозим. Ем халталарининг тагида поддон (таглик) бўлиши, табиий ёки сунъий ҳаво алмашиниши таъминланиши лозим. Қуёш нурларининг тик тушишига йўл қўймаслик шарт. Парранда ва даррандаларни кириши қатъиян ман этилади. Ем сақлаш хонасини кемирувчиларни, ҳашоротларни ем сақлаш хонасига киришига йўл қўймаслик ва ем сақлаш хонасини ҳамиша тоза, озода сақлаш керак.
Парранда психологияси. Жўжаларга қаровчи шахс шунчаки кириб-чиқиб кетса жўжаларга стресс таъсир қилади. Агар кириб бирон бир юмуш бажарилса жўжаларга яхши таъсир қилиб, уларга ғамхўрлик қилган одамни яхши кўради. Қаровчи ходимларни тез-тез алмаштириб туриш ҳам салбий таъсир кўрсатади. Стресснинг олдини олиш мақсадида аскорбин кислота (витамин C) 1 гр витаминни 3 литр сувга аралаштирган ҳолда берамиз.
Профилактика ва даволаш. Бир кунлик жўжаларга фақат тоза сув берилади. Сабаби улар ваксина қилинган бўлади ва 21 кун давомида инкубаторда буйракларида зарарли моддалар тўпланади, буни тоза сув билан ювиш лозим. 2-3-4-кунлари профилактика учун антибиотик бериш мумкин, сўнгра витаминлар берамиз. Чунки антибиотиклар даволаш билан бирга организмдаги витаминларни ҳам чиқариб юборади. 18-21 кунлари Коксидиостат дори воситаларини бериш керак. Профилактика қилиш мақсадида ушбу дори воситаларини 24 соат давомида, даволаш учун эса 48 соат давомида бериб борилади. Қолган кунлари ветеринария врачи жўжаларнинг ҳолати, клиник белгилари, ўлган жўжаларнинг паталогоанотомик ўзгаришлар ва лаборатория текшириш натижаларига қараб ташхис қўйилади ва даволанилади. Ҳар партияда фойдаланиладиган дори воситаларини ёзиб бориш ва сақлаб қўйиш мақсадга мувофиқдир. Сабаби бир партияда қўлланиладиган дори воситаларини кейинги партияда ҳам қўллаш мақсадга мувофиқ эмас, яъни дори воситаларини янгилаб туриш, алмаштириб қўллаш самарали фойда беради. Паррандалар боқиладиган майдоннинг атрофидаги микрофлора қанчалик дезинфексия, дезинсексия, дератизатсия ишлари амалга оширилишига қарамасдан, маълум миқдорда касаллик қўзғатувчилари сақланиб қолади. Антибиотикларни жўжаларга қўллашда дори қўлланмасида қанча вақт белгиланган бўлса шунча вақт бериш лозим. Дори воситаларидан фойдаланганимизда сувга қўшилгандан кейин 12 соатгача жўжаларга бериб бўлишимиз керак. Агар 12 соатдан ошадиган бўлса кимёвий структураси ўзгариб зарарли таъсир кўрсатиши мумкин. Антибиотикларни узоқ ёки кам вақт дозасини баланд ёки паст берилиши, тез-тез алмаштириб туриш жўжаларни катта-кичик ва ўзгармай қолишига сабаб бўлади.
Жўжаларни ташиш (транспортировка). 1 кунлик жўжаларни ташиб юришда ҳарорат 24 0C, намлик 40-50% бўлиши керак. Чунки жўжалар бир-бирига яқин жойлашган бўлади. Машинада махсус кичик вентеляторлар бўлиши зарур. Қуёш нури тик тушмаслигини таъминланиш лозим. Транспортировкада ҳарорат иссиқ ёки совуқ бўлса жўжаларни ўсиш даврида салбий таъсир кўрсатади. Транспорт йўлга чиққандан сўнг тўхтамаслик лозим. Йўлда олиб юришдан олдин жўжаларга ем-сув бермаслик керак. Сабаби организм режимга кириб қолади. Кейин олиб юриб бўлмайди. Жўжалаларни қорин бўшлиғидаги сариқлик (желток) 3 кунгача озуқа сифатида етади. Жўжалар солинадиган яшикларни тагига қоғоз тўшалса жўжаларни кир-ифлос бўлишидан сақлайди.

Зарарсизлантириш (дезинфекция). Жўжахона яхшилаб механик тозалангандан сўнг:
- 1. Хлор илиқ сувда эритилиб, кейин умумий ишлатиладиган сувга аралаштирилади. Сўнгра ускуна ёрдамида сепилади.
- Формалин сув билан аралаштирилиб 3% ли қилиб тайёрланади ва сепилади.
- Махсус дезинфексияловчи воситалар қўлланмаси бўйича тайёрланиб сепилади.
- Формалин тутатиш, ушбу усул фақат кислородли (О2) аероб микроорганизмларга таъсир қилади.
Дезинфексия воситаларини жўжахоналар атрофига ҳам сепиш мақсадга мувофиқдир. Бу воситаларни ҳеч қайсисини топишни иложи бўлмаса, сирка кислотаси (уксус)дан сувга аралаштириб фойдаланилса бўлади. Дезинфексия воситаларини сепиб бўлгач, хонага камида 7-10 кун давомида паррандалар киритилмаслиги лозим. Акс ҳолда хонадаги микроорганизмлар сони камайиши ўрнига кундан-кунга ошиб бораверади ва шу ерда боқилаётган паррандаларнинг ҳар хил касалликларга чалинишига сабаб бўлади.
Оҳаклаш – бинони барча кимёвий воситалар билан зарарсизлантириб бўлингандан кейин, охирги жараён оҳаклаш ҳисобланади. Сабаби оҳакланганда ўзида қатлам ҳосил қилиб, дезинфексия воситаларини ўтишига тўсқинлик қилади ва микроорганизмларнинг тирик сақланиб қолишига олиб келади.
Дезобарер –3 % ли формалин солинади ва янгиланиб турилади. Дезомат-жўжахоналарга киришда қўйилади. Дезоматлар тўртбурчак шаклда бўлиб ичига қалинлиги камида 5-6 см.лик губка қўйилади ва кунига 3-4 марта 3% ли формалин сепилади. Сўйиш жойи ҳам ҳар куни иш тугагандан кейин яхшилаб тозаланиб, гипохлорид калсий билан дезинфексия қилишини шарт. Ҳар бир дезинфексия воситасини қўлланмаси бўйича кўрсатилган фоизда тайёрланиши керак. Белгиланган фоиздан кам бўлса инфексияни зарарсизлантира олмайди. Агар фоиз кўп бўлса инфексияни қобиғини (капсула) куйдириб, ўзаги (ядро) тирик қолади. Маълум вақтдан сўнг, тирик қолган ўзак спора ҳосил қилиб, яна зарарли таъсир қила бошлайди.
Гофра. Гофрани ҳавонинг иссиқ вақтларида жўжахонани совутиш ва намликни сақлаш учун фойдаланамиз. Гофранинг 2 хил тури мавжуд бўлиб, уларнинг қалинлиги 10 см ва 15 см ўлчамли бўлиб, шулардан паррандачилик хўжаликларида қалинлиги 15 см бўлган гофралардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Умумий зоогигиеник эслатмалар. Жўжахонага жўжа келишидан олдин асбоб-ускуналар, жиҳозлар ва барча шароитлар тўлиқ тайёр бўлиши шарт. Жўжа келганидан сўнг қурилишлар, ускуна ўрнатишлар, бегона одамларни кириши, ортиқча шовқинлар жўжаларга ножуя (стресс) таъсир қилади. Сехга келтирилган янги жўжаларни қутиси билан печка ёнига қўймаслик зарур.
Жўжалар сехга тушмасидан аввал сув идишлари тўлдирилган бўлиши лозим, айрим ҳолатларда жўжалар чанқаб келади. Агар жўжалар чанқаб ўзини сувга урса ва чўмилиб қолса тезлик билан сувга ботган жўжаларни яшикларга солиб печка атрофида қуритиб олиб, яна умумий жўжалар орасига қўйиб юбориш керак. Жўжаларга 4 соат давомида сув ичгандан сўнг, уларга ем бериш тавсия этилади. Сабаби инкубатсион давридаги заҳарли моддалар жўжаларнинг буйракларида тўпланиб қолади ва буни тоза сув билан алиментар йўл орқали ювишимиз керак бўлади. Жўжалар биринчи куни хонага тушгандан кейин бир жойга тўпланиб бошласа, уларни ёйишга ҳаракат қилиш керак. Агар устма-уст бўлиб кетса тагидагилари нобуд бўлади. Травма олганлари боқиш даврида ҳалок бўлади. Жўжалар ем еб озиқланиб, сув ичиб дам олаётган даврида уларга халақит бермаслик керак, чунки улар шу даврда вазн тўплайдилар. Биринчи партиядан қолган дори ва витаминларни иккинчи партия жўжаларни парваришлашда фойдаланиш тавсия этилмайди. Жўжахона атрофига ўлган жўжалар, паррандалар гўнги, қорамол, ит, мушук, парранда-даррандалар бўлмаслиги керак. Жўжаларни даволашда қайси зоогигиеник омиллар бузилганда касаллик келиб чиққанини билиб, шу омилларни бартараф қилмай туриб жўжаларни даволай олмаймиз.
Парранда фабрикаларида 1% қўшимча (бонус) жўжа беришади. Сабаби 10 кунга қадар жўжаларда 1% табиий физиологик ўлим содир бўлиши мумкин. Парранда фабрикалари чиқарган жўжаларига 3 кун кафолат беради. Зоогигиеник шароитлар 100% талабга жавоб бермаса, бу талаблар бузилган ҳолатларда берилган кафолатнинг кучи йўқолади.
Хотима
Ушбу амалий қўлланма паррандачиликни (бройлер) парвариш қилишни бошлаётган шахслар, хўжаликларга йўриқнома сифатида қўлланилиши мумкин. Бунда ветеринария санитарияси, зоогигиеник, гигиеник, ветеринария профилактикаси, лаборатория ташҳиси ва даволаш тадбирларини ўз вақтида сифатли бажарилмаса, молиявий зарарга олиб келишига сабаб бўлади. Шу сабабли бройлер жўжаларини тўғри парвариш қилишга ундайди.
Ушбу тавсиянома Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ассистенти Б.Б.Жайнаров, доцент З.Ж.Шапулатова, ассистентлар Ж.Х.Курбанов, Р.Н.Эшқувватовлар томонидан тайёрланди.




















