Паррандаларда Д гиповитаминози (Рахит) касаллиги

Д гиповитаминози (Рахит. D hypovitaminosis). Сурункали касаллик бўлиб, кальций – фосфор алмашинувининг бузилиши ва суяк тўқимаси ўсишининг ёмонлашиши билан тавсифланади. Асосан 3 – 5 ойлик ёшдаги жўжалар касалланади.

Сабаблари. Асосий сабаби – рацион билан кальциферолнинг организмга меъёрдан кам миқдорда тушиши. Иккиламчи омиллар – кальций, фосфорнинг танқислиги, кальций – фосфор нисбатларининг бузилиши, ультрабинафша нурларининг етишмаслиги, антисанитария ҳолати ҳисобланади.
Ривожланиши. Кальциферол ҳам А витаминига ўхшаш ўсиш омили ҳисобланади ва углеводлар, оқсиллар, ёғлар алмашинувида қатнашади, асосан кальций – фосфор алмашинувини бошқаради. Кальциферол етишмаганда суяк тўқимасининг ўсиши издан чиқади, бўғимлар ҳамда мускулларда патологик жараёнлар ривожланади. Кальций алмашинувининг бузилиши нерв фаолиятининг, қалқонсимон без эндокрин функцияларининг бузилишига олиб келади. Ёш жўжаларда бир вақтнинг ўзида D витамини, кальций ва фосфорнинг етишмовчилиги кузатилганда рахитнинг оғир шаклда кечиши қайд этилади.
Белгилари. Кўпинча сурункали кечади. Дастлаб жўжаларда ҳолсизланиш, патларнинг ҳурпайиши, қанотларнинг тушиши, иштаҳанинг пасайиши ва ўзгариши кузатилади. Баъзан жиғилдон шишади, мускулли ошқозон атонияси, ич кетиши қайд этилади.
Кейинги босқичларда оёқларнинг заифлашуви, чўлоқланиш, ўтириб қолиш, ҳаракат мувозанатининг бузилиши кузатилиб, жўжалар кўпинча ётади, ўрнидан қийинчилик билан туради. Оёқларнинг қийшайиши тавсифий симптом ҳисобланади. Она товуқлар рационида Д витамини ва минерал моддалар ҳамда қуёш нури етишмаганда
остеомаляция ривожланади. Унинг дастлабки белгилари – тухумнинг юпқа пўчоқли, баъзида пўчоқсиз бўлиши, тухум беришдан қолиш, ҳазм тизимининг жароҳатланишлари, кейинчалик суякларнинг юмшаб қолиши ва синувчан бўлиши кузатилади.
Профилактикаси. Йилнинг фаслларига кўра паррандаларнинг Д витаминига бўлган эҳтиёжи ҳам турлича бўлади. Д2 витаминига (эргокальциферол) нисбатан Д3 – витамини (кальциферол) 30 марта кучлироқ антирахитик таъсирга эга.
Паррандаларнинг кальциферолга нисбатан суткалик эҳтиёжи (1 бошга мкг ҳисобида) 10 кунликкача бўлган жўжалар учун – 0,05 – 0,1; товуқлар учун – 2 – 4; куркалар учун – 3 – 5; ғозлар учун – 5 – 10.
Паррандалар очиқда сақланганда уларнинг Д витаминига бўлган эҳтиёжлари унинг провитаминларидан қуёш нурлари таъсирида синтезланиши ҳисобига қондирилади. Товуқларнинг Д витаминига бўлган эҳтиёжлари қафасларда сақланганда янада ортади. Шунинг учун паррандалар рационига ўт уни, витаминларнинг препаратларидан қўшиш ҳамда сунъий ультрабинафша нурлар берадиган лампалар ёрдамида нурлантириш лозим бўлади.
Профилактик мақсадда балиқ ёғи озиқаларга аралаштирилган ҳолда товуқларга 1 бошга 1 г, жўжаларга 100 г озиқага 0,5 – 1 г, она товуқлар учун бир тонна озиқага Д2 витамини 30 –45 г, Д3 витамини 1 – 1,5 г аралаштирилиб берилади.
Касал паррандалар алоҳида ажратилиб, рационнинг витамин – минерал таркиби яхшиланади, уларга балиқ ёғи ва кальциферолнинг концентратлари профилактик дозадан 2 – 3 марта кўп миқдорда қўлланилади. Кальциферолнинг дозасини ошириб юбориш Д гипервитаминозига сабаб бўлиши мумкин.