Кириш. Бугунги кунда паррандачилик жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Янги-янги паррандачилик хўжаликлари ва корхоналарининг ташкил топиши, аҳоли хонадонларида 50-100 ва ундан ортиқ сонда паррандаларнинг асралиши натижасида истеъмол бозорида паррандачилик маҳсулотларининг нарх-навосининг барқарор сақланиб туриши бунинг далилидир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 14-июндаги ПҚ-5146-сон қарорига асосан республикамизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини янада мустаҳкамлаш ҳамда паррандачилик йўналишидаги тадбиркорлик субектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ушбу соҳани ривожлантириш мақсадида имтиёзли кредитлар ҳамда субсидиялар ажратиш, паррандачилик хўжаликлари ва озуқа-ем маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарда мавжуд қувватларни тўлиқ ишга тушириш, паррандачилик йўналишида фаолият олиб бораётган тадбиркорларга солиқ ставкаларини 50%га қисқартириш, “Паррандасаноат” уюшмасига аъзо корхоналар томонидан хорижий мамлакатлардан паррандачилик соҳаси эксперт ва мутахассисларини жалб қилиш, наслли тухум инкубатсиясини йўлга қўйиш ҳамда парранда зотларини синовдан ўтказиш ва такомиллаштириш, шахсий томорқа хўжаликларига мос, ихчам парваришлаш технологиялари ва органик озуқалар турларини яратиш, аҳолида парранда боқиш ва органик маҳсулот етиштириш кўникмаларини шакллантириш каби бир қатор вазифалар амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган.
Чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ўзининг ташкилий ва таркибий хусусиятлари билан деҳқончилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш жараёнларидан фарқ қилади ва ўзига хослиги билан ажралиб туради. Паррандалар нафақат гўшти, тухуми, балки пати учун ҳам боқилади. Бу соҳа ҳозирга келиб чорвачиликдаги асосий йўналишлардан бирига айланиб улгурди. Бунинг сабаби – парранда боқиш катта харажат талаб қилмайди, сақлаш иншоотлари ҳам жуда оддий.
Мавзунинг долзарблиги. Юртимизда баҳор фасли бошланиши билан инкубатория ва паррандачилик хўжаликларидан сараланган жўжалар олинади. Чунки паррандалар қиш мавсумига қадар тез ривожланади ва тухум бера бошлайди. Бунинг учун ветеринария талабларига жавоб берадиган, барча шарт – шароитларга эга бўлган жўжаларни сақлаш жойи тайёрланади. Айрим ҳолларда жой тайёрланмасдан келтирилган жўжалар дастлабки кунларданоқ нобуд бўла бошлайди. Бундай ҳолат содир бўлмаслиги учун кенг ва ёруғ хоналар танланади. Бинодаги барча мослама ва инвентарлар ташқарига чиқарилиб, хоналар аерозол усулида дезинфексия қилинади. Инкубатордан очиб чиқган жўжаларга эса ветеринария санитарияси, зоогигиеник, гигиеник, ветеринария профилактикаси, лаборатория ташҳиси ва даволаш тадбирларини ўз вақтида сифатли бажарилиши талаб этилади.
Ҳозирги кунда қишлоқ хўжалигида, айниқса баҳор фасли бошланиши билан аҳоли хўжаликларида паррандачилик йўналиши билан шуғулланувчилар тобора кўпайиб бормоқда. Аҳоли хўжаликлари томонидан ушбу соҳани янада ривожлантириш ҳамда оила бюджетини ошириш мақсадида ҳар хил турдаги майда ва катта инкубаторлардан фойдаланиб келишмоқда ёки инкубаторларда очиб чиқарилган ёш жўжалар олиб боқишмоқда. Шуларни инобатга олган ҳолда ота-она брудер товуқларини, ёш жўжаларни яшовчанлигини сақлаб қолиш ҳамда ошириш, уларни соғлом парвариш қилиш, инкубаторларни ва инкубатсион тухумларни эса ҳар хил турдаги патоген микроорганизмлар билан ифлосланишини олдини олиш муҳим аҳамият касб этади. Бунда айниқса инкубаторийларда соғлом жўжа олишда умумий профилактика тадбирларини ўз вақтида сифатли амалга ошириш алоҳида ўринга эга.
Адабиёт маълумотлари. Мамлакатимизнинг кўпгина ҳудудларида инкубатсион тухумлари етиштирилади ва чет давлатдандан импорт қилиб ҳам олиб келинади. Транспортировка вақтида инкубатсион тухумларни махсус самолёт ёки юк машиналарида ташилади. Бу жараёнда юкхона ҳарорати 15-170C, намлиги эса 40-70% бўлиши талаб этилади. Самолёт қўниш жараёнидаги зарба, юк машинасидаги носозликлар ва йўллардаги носозликлар кузатилганда инкубатсион тухумларнинг жўжа чиқиш фоизи тушиб кетади. Сабаби тухум сариғини ушлаб турувчи 2 дона спиралдан биттаси ёки иккаласи ҳам узилиши мумкин. Бундай тухумлардан жўжа очиб чиқмайди [10].
Инкубаторларга қоʻйилган сифатли тухумдан ўртача 80—85% ва ундан юқори фоизда жоʻжа очиб чиқариш мумкин. Инкубаторларни ишлатиш учун ҳам алоҳида хона талаб этилади ва талаб этилган хонанинг ҳарорати +180C дан паст бўлмаслиги, аниқроғи +18-250C бўлиши зарур. Бундан ташқари хона ҳавосининг намлиги ҳам инкубаторлар тухумларининг очиб чиқишига таъсири бўлиб, ҳаво намлиги 50-70% бўлиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Инкубатория учун барча қулайликларни яратиб бўлганимиздан сўнг тухумларни инкубаторнинг латокларига тухумнинг учки қисмини пастга қаратиб, яъни ҳаво камераси тепага қараган ҳолатда латокларига жойлаштириб чиқилади. Инкубаторларнинг ҳозирги кунда турлари кўп бўлиб, автоматлаштирилган ва автоматлаштирилмаган турлари, бундан ташқари сиғими жиҳатидан ҳар хил турдагилари ишлаб чиқарилмоқда. Шулардан мисол тариқасида товуқ тухумлари учун уй шароитида 24, 48, 88 таликдан инкубаторлардан бошлаб, паррандачилик фабрикаларида 55 минг гача ва ундан ортиқ тухумга моʻлжалланган «Универсал-55», ИКП-90, «Кавказ, Стимул ИВ-16» инкубаторлардан фойдаланиб келинмоқда. Тадбиркорликни уй шароитида бошлаш мақсадида эса ҳозирги кунда 500-1000 та товуқ тухуми сиғадиган инкубаторлардан фойдаланиш тавсия этилади (2-расм) [9].
1-жадвал.
Тухумларни инкубатсия қилиш учун оптимал сақлаш шароитлари.
| Сақлаш вақти (кун) | Ҳарорат (°С) | Намлик (%) | Айланиш | Ҳолат |
| 1-3 | 18-21 | 70-80 | Йўқ | Пастга қараган |
| 4-7 | 15-18 | 70-80 | Йўқ | Пастга қараган |
| >7 | 10-12 | 80-88 | Мавжуд | Юқорига қараган |
1-расм. Оталанган тухумнинг ривожланиш босқичлари
Одатда инкубаторларда товуқ тухумларига оптимал ҳарорат +37,50C ҳисобланади, шунинг учун ҳам ҳозирги кундаги замонавий инкубаторларда барча турдаги парранда тухумлари учун ўртача ҳарорат +37,50C этиб белгиланади ва тухумни очиб чиқиш жараёнида ҳам ҳар хил турдаги паррандаларнинг тухумлари ҳар хил вақтда латокларга жойлаштириладиган қилиб ишлаб чиқилмоқда. Агарда парранда тухумлари учун инкубаторларга ҳароратни универсал қилиб ҳар қандай тухумга мўлжаллаб ҳарорат +380C этиб белгиланса, бунда тухумлардан кўпроқ фоизини хўрозлар ташкил этиши кузатилган. Товуқ тухумлари инкубаторга жойлаштирилгандан сўнг 18 кун ўтгач латоклардаги тухумлар инкубаторларнинг махсус яшикларига латоклари билан ёки латокларсиз териб чиқиладики, бу жўжаларни тухумдан осонлик билан очиб чиқишини таъминлайди. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, тухумларни инкубаторларга қўйишдан аввал ва қўйилгандан сўнг 4-9 кунлари овоскопдан ўтказиш орқали уларни оталанган ва оталанмаганлари ажратилади ва оталанган тухумлар инкубаторнинг латокларига териб чиқилади. Бундан ташқари тухумларнинг нормал ҳолати (катта-кичиклиги, текислиги, пўстлоғининг тоза ва бутунлиги ва ҳакозолар) ва уларни оғирлигини ҳам ўлчаб кўриш, оғирлиги эса ўртача 52-65 граммни ташкил этиши инобатга олинади [4,8].
Маҳаллий ва хорижий муаллифлар томонидан олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, инкубатсия натижаларининг пасайишининг асосий сабаблари қуйидагилардан иборат (муҳимлилик даражасида тартибланган):
– наслли ота-она галасини боқишдаги бузилишлар;
– тухумни узоқ муддатли сақлаш ёки уларни сақлаш шароитларининг қониқарсизлиги;
– аралаш омиллар – тухумнинг оталаниш даражасининг пастлиги, гала ёши, бактериал ифлосланиш, моғор, касаллик, қобиқ нуқсонлари, инкубаторнинг тухумларни жойлайдиган махсус идишига тухумларнинг нотўғри қўйилиши, тухумларнинг синиши, ёрилиши ва бошқалар;
– инкубатсия технологиясидаги бузилишлар;
– гендаги ўзгаришлар сабаб бўлади [12].
Инкубаторияларда тухумдан жўжалар очиб чиқгандан сўнг жўжахонага жўжа келишидан олдин барча асбоб-ускуналар, жиҳозлар ва барча шароитлар тўлиқ тайёр бўлиши шарт. Жўжа келганидан сўнг қурилишлар, ускуна ўрнатишлар, бегона одамларни кириши, ортиқча шовқинлар жўжаларга ножуя (стресс) таъсир қилади. Сехга келтирилган янги жўжаларни қутиси билан печка ёнига қўймаслик зарур. Жўжалар сехга тушмасидан аввал сув идишлари тўлдирилган бўлиши лозим, айрим ҳолатларда жўжалар чанқаб келади. Агар жўжалар чанқаб ўзини сувга урса ва чўмилиб қолса тезлик билан сувга ботган жўжаларни яшикларга солиб печка атрофида қуритиб олиб, яна умумий жўжалар орасига қўйиб юбориш керак. Жўжаларга 4 соат давомида сув ичгандан сўнг, уларга ем бериш тавсия этилади. Сабаби инкубатсион давридаги заҳарли моддалар жўжаларнинг буйракларида тўпланиб қолади ва буни тоза сув билан алиментар йўл орқали ювишимиз керак бўлади. Жўжалар биринчи куни хонага тушгандан кейин бир жойга тўпланиб бошласа, уларни ёйишга ҳаракат қилиш керак. Агар устма-уст бўлиб кетса тагидагилари нобуд бўлади. Жароҳат олганлари боқиш даврида ҳалок бўлади. Жўжалар ем еб озиқланиб, сув ичиб дам олаётган даврида уларга халақит бермаслик керак, чунки улар шу даврда вазн тўплайдилар. Биринчи партиядан қолган дори ва витаминларни иккинчи партия жўжаларни парваришлашда фойдаланиш тавсия этилмайди. Жўжахона атрофига ўлган жўжалар, паррандалар гўнги, қорамол, ит, мушук, парранда-даррандалар бўлмаслиги керак. Жўжаларни даволашда қайси зоогигиеник омиллар бузилганда касаллик келиб чиққанини билиб, шу омилларни бартараф қилмай туриб жўжаларни даволай олмаймиз [11,13].
2-жадвал.
| Инкубатор ва жўжаларни очиб чиқариш шкафи
(выводной шкаф) |
Кун | Ҳарорат (0C) | Намлик (%) |
| Инкубатор | 1-18 | 37,5 | 28,2 – 29,0 |
| Жўжаларни очиб чиқариш шкафи (выводной шкаф) | 19-20 | 37,2 | 29,0 |
| 21 | 37,2 | 30,0 |
2-расм. Самарқанд вилояти, Пастдарғом тумани “Дарғом Парранда Файз” паррандачилик фабрикасининг инкубатория ҳамда паррандаларни парваришлаш бўлимлари
Уй шароитида инкубаторлардан фойдаланишдан аввал тухумлардан очиб чиқиш фоизини ошириш мақсадида тухумларни дезинфексия қилишнинг турли хил усуллардан фойдаланилади. Сабаби инкубаторларга қўйиладиган тухумларнинг ички эмбрион қисми эмас, балки аксинча ташқи пўстлоқ қисми 93% микроорганизмлар билан зарарланганлиги сабабли янги очиб чиқган жўжалар тез нобуд бўлишади ва ушбу патоген микроорганизмлар инкубаторлардаги қулай шароит эвазига яхши ривожланишади. Шунинг учун инкубаторларда очиб чиқариладиган тухумларни ва инкубаторларни дезинфексия қилиш муҳим ҳисобланади. Шулардан инкубаторларни дезинфексия қилиш мақсадида турли усуллар ва воситалардан фойдаланилади. Тухумларни уй шароитида дезинфексия қилиш мақсадида тоза +35-400C даги илиқ дистилланган сувга 3%ли перикс водород эритмасини 1,5%ли қилиб тайёрлаб олиб тухумларни дезинфексия қилишимиз мумкин. Бундан ташқари тухумларни 1 литр тоза дистилланган сувга 50 мл сирка кислотасини аралаштириб ҳам дезинфексия қилиш тухумларнинг очиб чиқиш фоизини ошириши амалда синаб кўрилган.
3-расм. Самарқанд вилояти, Самарқанд тумани “Оҳалик Ломанн Парранда” паррандачилик фабрикасида инкубатордан очиб чиқган ёш жўжаларни юқумли касалликларга қарши ваксинатсия қилиш жараёни.
Бозор иқтисодиёти даврида, амалиёт шуни кўрсатадики, паррандачилик билан шуғулланишдан аввал ҳудуддаги кўплаб юқумли касалликлар, жумладан, салмонеллёз гуруҳидаги парранда касалликларига қарши терапевтик ва профилактика чораларини ўтказиб бориш зарур. Ушбу чора-тадбирлар паррандачилик фабрикаларига бактерияларнинг кириб келишига тўсқинлик қилиш, саноат паррандачиликда ушбу турдаги инфектсияларнинг кўпайиши ва тарқалишига йўл қўймасликка қаратилган [7]. Шу сабабли ҳам тухумларни дезинфексия қилишдан ташқари инкубаторларни ҳам дезинфексия қилиш соғлом жўжа очиб чиқиш самарадорлигининг муҳим тамойили ҳисобланади. Бунинг учун аҳоли хўжаликларида фойдаланиладиган инкубаторларни турли физик ва кимёвий усуллардан фойдаланишимиз мумкин. Буларга инкубаторнинг ички қисмига ултрабинафша лампасини камида 20-30 дақиқа ёқиб қўйиш орқали, формалинни калий пермонганат эритмаси билан аралаштириш натижасида ҳосил бўлган реаксия орқали, ҳар хил турдаги кимёвий препаратлар ва дорихоналарда сотиладиган махсус дезинфектантлардан фойдаланган ҳолда инкубаторларни дезинфексия қилиш шулар жумласидандир (3-расм) [6,8].
Аслида уй шароитида тухумларни инкубаторга қўйишдан олдин уларни ювиш тавсия этилмайди, сабаби пўстлоқ қисмидаги тешикларнинг ёпилиб қолиши натижасида ҳам очиб чиқиш фоизи камайиши мумкин. Баъзи муаллифлар пероксид эритмаси билан дезинфексия қилиш ва қуритишни тавсия қилади. Аммо бу усул билан катта паррандачилик фабрикаларида яхши самара бермайди. Шунинг учун ушбу фабрикаларда қуруқ дезинфексия қилиш ишлари амалга оширилади. Шундан сўнг тухумларни қўйишдан олдин +270C даражага қадар қиздирилади.
Инкубатсия товуқ тухумларида 21 кун давом этади. Инкубатордан очиб чиқган жўжаларнинг ўлимига сабаб бўлувчи энг кўп сабаблар ўрганилганда уларни энг аввало нотўғри, сифатсиз озиқлантириш, хона ҳароратининг меъёрида бўлмаслиги (юқори ёки паст), нотўғри сақлаш, инфексион (юқумли) ва инвазион (юқумсиз) касалликлар билан касалланиши, ҳар хил ёт нарсалар билан озиқланиши (тахта қириндиси, ахлат ва ҳакозо) билан изоҳланади. [1].
3-жадвал
Товуқ тухумларини инкубатсия қилиш
| Давр (ҳафта) | Муддат (кун) | Ҳарорат | Намлик | Айлантириш | Тухумни совутиш |
| 1 | 1 — 7 кун | 37,8 °С | 50-55% | Кунига 4 маротаба | Йўқ |
| 2 | 8 – 14 кун | 37,8 °С | 45% | Кунига 4-6 маротаба | Йўқ |
| 3 | 15 – 18 кун | 37,8 °С | 50% | Кунига 4-6 маротаба | 15-20 дақиқа давомида кунига 2 марта |
| 4 | 19 – 21 кун | 37,5 °С | 65% | Йўқ | Йўқ |
Агар юқорида кўрсатилган талабларга тўлиқ амал қиладиган бўлсак, шундагина инкубаторлардан тухумларнинг очиб чиқиш фоизи, очиб чиқган жўжаларнинг яшовчанлиги юқори бўлиб, кўзланган мақсадга эришишимиз мумкин бўлади [5,9].
Инкубатсия амалиётида инкубатория тухумларини инкубаторларга қўйишдан аввал инкубатория тухумларини сақлаш хоналарида узоқ муддат сақлаш (7-10 кундан ортиқ) салбий оқибатларга олиб келади, инкубатсион тухумларда иккинчи кундан бошлаб салбий таъсирлар намоён бўла бошлайди. Норвегия давлати тадқиқотларида (2001), 112 та Росс 208 подасидан олинган инкубатсия натижаларига асосланиб, тухумни инкубатсиядан олдин сақлаш инкубатсияга салбий таъсир қилувчи энг муҳим омил эканлигини кўрсатди. Инкубатсион тухумларни сақлаш натижасида жўжаларнинг очиб чиқиш сифати ҳам пасайиши кўпчиликка маълум. Иккинчи кундан кейин тухумдан очиб чиқиш фоизлари кунига 0,7% га пасайиб боради. Мисол учун, яқинда Белгиядаги Катҳолиеке Университеит ван Леувен томонидан ўтказилган тадқиқотда Кобб жўжаларида 7 кун сақлангандан сўнг ўсиш суръати сўйиш ёшига қадар камайганлигини кўрсатди. Бу тухумлардан чиққан жўжалар 42 кунлигида бир кун сақланган тухумдан чиққан жўжаларга нисбатан вазни 200 граммга енгил бўлган [2,6].
Агар инкубатсиянинг оптимал ҳарорат ва намлик кўрсаткичларига амал қилинса, жўжалар ўз вақтида, 21-куни, 70% дан ортиғи тухумдан чиқади.
Инкубатсия учун қўйиладиган тухумлар қуйидаги талабларга жавоб бериши зарур:
- 7-10 кундан ортиқ муддат сақланмаган бўлиши, ўртача 2-кун
- Ўрта ўлчамли, овал, бир томондан бироз торайган (барча ностандарт тухумлардан воз кечилади)
- Қобиқ ҳолати силлиқ, синмаган, ёрилмаган, тоза
4-расм. Инкубатсион тухумларни инкубаторларга жойлашдан аввал овоскопия усулида яроқлилигини аниқлаш.
Тухумларни биринчи овоскопия қилиш, тухумларни латокларга жойлаштиришдан аввал амалга оширилади. Инкубатсияга яроқли тухумларнинг белгилари қуйидагилар ҳисобланади: тухумларнинг бир хил тузилиши ва силлиқлиги, тухумнинг тўмтоқ учида ҳаво камерасининг мавжудлиги, тухум ўртада сариғининг бўлиши, сариғи атрофида эса оқсил суюқлигининг бўлиши ва бегона ёт қўшимчалар орқали тухумларнинг ифлосланмаслиги (ахлат, тўшама, қон ёки шиллиқ, синган ёки ёрилган тухумларнинг суюқлиги) эътиборга олинади (1-4-расмлар) [3].
Хулоса:
- Паррандачилик хўжаликларга ветеринария санитарияси, зоогигиеник, гигиеник, ветеринария профилактикаси, лаборатория ташҳиси ва даволаш тадбирларини ўз вақтида сифатли бажариш ва уларни тўғри парвариш қилиш муҳим аҳамият касб этади.
- Паррандачилик соҳасида инкубатория тизимини ҳамда паррандачилик фабрикаларини ёки аҳолидаги мавжуд инкубаторлардан тўғри фойдаланмаслик, талабларига амал қилмаслик оқибатида паррандачилик соҳасида кўпгина паррандаларнинг нобуд бўлиши ёки бозорларда сифатсиз парранда маҳсулотларининг сотилиши, бу билан аҳолининг саломатлигига ҳавф туғдириши мумкин.
- Ҳар қандай йўналишдаги тухумларни инкубаторларга жойлашдан аввал тухумларни ва инкубаторларни дезинфексия қилинмаслиги оқибатида тухумларни очиб чиқиш жараёнида тухум эмбрионларини ҳамда тухумдан очиб чиқган жўжаларнинг юқумли касалликлар билан чалиниш фоизининг юқорилиги ва кўп сонли паррандалар галасининг касалланиб нобуд бўлишига олиб келади.
- Паррандалар салмонеллёзига қарши кураш, инфектсия ёки бактерия ташувчиси бўлган қушларни ўз вақтида аниқлаш, стандарт санитария, гигиена ва даволаш чораларини қўллаш.
Курбанов Жонибек Хайруллаевич, таянч докторант, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети
Шапулатова Зумрат Жаҳонгировна, в. ф. н., доцент




















