Паррандаларни озиқлантириш

Озиқалардаги тўйимли ва биологик фаол моддалар паррандалар организмига энергия манбаи ва қурилиш материаллари сифатида ҳамда моддалар алмашинуви жараёнларининг меъёрида кечиши учун зарур бўлиб, паррандаларнинг юўумсиз касалликлари кўпинча озиқлантириш ва сақлаш қоидаларининг бузилиши оқибатида келиб чиқади. Паррандалар организими эҳтиёжларини тўлиқ қондириш учун озиқалар таркибида қуйидаги озиқавий ва биологик фаол моддалар бўлиши зарур:

  1. Органик моддалар.

1.1. Таркибида азот сақловчи моддалар;

1.1.1. Оқсиллар, аминокислоталар;

1.2. Таркибида азот сақламайдиган моддалар;

1.2.1. Ёғлар (глицеридлар, ёғ кислоталари, мум, стеринлар ва бошқалар);

1.2.2. Хом клетчатка (лигнин, целюлоза, пентозалар);

1.2.3. Азотсиз экстрактив моддалар (органик кислоталар, қанд, гликоген, крахмал ва бошқалар);

1.2.4. Биологик фаол моддалар (витаминлар, гормонлар, ферментлар ва бошқалар);

Рацион таркибидаги оқсиллар мураккаб тузилишга эга бўлган органик моддалар бўлиб, ўсиш, ривожланиш, кўпайиш, ҳимояланиш ва маҳсулот беришда асосий аҳамиятга эга. Шунинг учун паррандалар рационида оқсилларнинг етарли даражада бўлиши зарурий омиллардан бири ҳисобланади. Аминокислоталар оқсилларнинг асосий структуравий элементлари ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, рационлар таркибидаги оқсилларнинг тўлақийматлилиги уларнинг аминокислоталар таркибига кўра баҳоланади. Бугунги кунда 100 дан ортиқ аминокислоталар аниқланган бўлиб, улардан 20 таси оқсиллар синтезида қатнашади. Аминокислоталардан лизин, метионин, триптофан, аргинин, гистидин, лейцин, изолейцин, фенилаланин, трионин, валин ва глицин товуқлар организми учун жуда зарур ҳисобланади.

Аминокислоталарнинг етишмаслиги товуқларда иштаҳанинг пасайиши, жўжаларнинг ўсиш ва ривожланишдан қолиши, она товуқларда эса тухум беришнинг камайишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам, товуқларни озиқлантиришда метионин, лизин, триптофан, аргинин каби аминокислоталарнинг етарли даражада бўлиши асосий аҳамиятга эга.

Тухум берадиган товуқлар учун омихта емларда аминокислоталардан метионин 0,30%, лизин – 0,70, триптофан – 0,16 ҳамда аргинин 0,85% бўлиши керак.

Товуқлар организмининг энергияга бўлган эҳтиёжи асосан углеводлар ва ёғлар ҳисобидан таъминланади. Товуқлар рационининг 65-80 фойизи донли озиқалардан иборат бўлиб, уларнинг таркибини крахмал ва клетчатка ташкил этади.

Крахмал – донларнинг ун қисмининг асосини ташкил этади, яъни донларнинг 70-84 фоизи крахмалдан иборат бўлади.

Клетчатка – асосан донларнинг пўстлоқ қисмини ташкил этади. Клетчатка озиқаларга керакли ҳажм беради ва ичаклар фаолияти ҳамда шира ажралишини яхшилайди. Лекин, клетчатканинг ҳазм бўлиши қийин бўлганлиги учун ҳам, унинг озиқалар таркибидаги миқдори меъёридан кўп бўлмаслиги керак.

Паррандаларни озиқлантиришда ёғларнинг аҳамияти катта, чунки ёғларнинг энергетик қиммати ўта юқоридир. Озиқавий ёғларнинг 1 килограммида 8500-8700 ккал алмашинув энергияси бўлиб, углеводлар энергиясидан 2-3 марта кўпдир. Ўсимлик ёғлари ҳайвонот олами ёғлари билан 1:1 нисбатда аралаштирилган ҳолда рационга жўжалар учун 2-3%, катта ёшдаги товуқлар учун 3-5% гача қўшилади. Ёғларнинг рационда меъёрдан кўп бўлиши товуқларнинг семириб кетиши ва ёғ босишига сабаб бўлиши мумкин.

Паррандаларни озиқлантиришда рационнинг минерал қисми (макро- ва микроэлементлар) асосий аҳамиятга эга. Уларнинг минерал моддаларга бўлган эҳтиёжларини озиқалар таркибидаги макроэлементлар (кальций, фосфор, натрий) ва микроэлементлар (марганец, рух, мис, темир, кобальт) тўлиқ қондира олмайди. Шунинг учун ҳам улар товуқларга қўшимча равишда берилиши зарур.

Кальций – суяк тўқимасининг асосий қисмини ташкил этади. Организм таркибидаги 99% кальций суякларда тўпланган бўлса, фақатгина 1% кальций бошқа тўқималарда учрайди. Озиқалардаги кальцийнинг етишмайдиган қисми товуқларга бўр, ракушка, суяк уни, тухум пўчоғи кабиларни қўшимча равишда бериш билан қопланади.

Рационда кальций етишмаслиги ёш жўжаларнинг ўсишдан қолиши, она товуқларда тухум беришнинг камайиши, тухум пўчоғининг юпқаланишига сабаб бўлади.

Рацион таркибида кальций элементининг ортиқча бўлиши ҳам салбий оқибатларга олиб келади. Яъни ёғларнинг ҳазмланиши ёмонлашади, фосфор ва микроэлементларнинг (марганец, темир, йод) алмашинуви бузилади.

Фосфор – паррандалар организмида моддалар ва энергия алмашинуви жавраёнларининг меъёрида кечишида асосий аҳамиятга эга. Организмда унинг 80 фойизи суякларда, 20 фойизи эса тўқималар ва биологик суюқликлар таркибида бўлади. Фосфорнинг етишмаслиги кальций етишмовчилигига нисбатан кам учрайдиган ҳолатдир. Чунки фосфор донлар, кунжара, кепак ва ҳайвонот оламидан олинган озиқалар таркибида етарлича даражада бўлади.

Рацион таркибида фосфорнинг ортиқча даражада бўлиши, кальцийнинг сўрилишига тўсқинлик қилади ва унинг етишмовчилигини кучайтиради.

Натрий – донли озиқалар таркибида жуда кам миқдорда бўлиб, паррандаларнинг натрийга бўлган эҳтиёжлари ҳайвонот оламидан олинадиган озиқалар (гўшт-суяк уни, балиқ уни) ва ош тузи ҳисобига қондирилади. Рационда натрийнинг етишмаслиги оқибатида паррандаларнинг иштаҳаси пасаяди, ёш жўжалар ўсишдан қолади, катта ёшдаги товуқларнинг ўлими кўпаяди, бир-бирини чўқийди (коннибализм), тухум бериши камаяди.

Натрийнинг ортиқча бўлиши эса товуқларнинг заҳарланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам ош тузи рационга 0,5% гача қўшилиши мумкин. Товуқларда ош тузидан заҳарланиш қонли ич кетиши, чанқоқнинг кучайиши, тухумнинг пўчоқсиз бўлиши каби белгилар билан кечади.

Микроэлементлар – (марганец, рух, мис, темир, кобальт, йод) паррандалар организмида моддалар ва энергия алмашинувида катта аҳамиятга эга бўлиб, рационга уларнинг тузлари қўшилади. Микроэлементларнинг етишмаслиги оқибатида ёш жўжалар ёмон ўсади, суяклар қийшайиб қолади, оқсаш кузатилади. Она товуқларда пар ва патлар синувчан, дағал бўлиб қолади, тушиб кетади, тухумнинг сифати ва миқдори камаяди.

Паррандаларни тўлақимматли озиқлантириш уларни биологик фаол моддалар (аминокислоталар, витаминлар ва ферментлар) билан таъминланишига кўп жиҳатдан боғлиқ.

Биологик фаол моддалар паррандалар организмининг ташқи муҳит таъсиротларига чидамлилигини оширади, озиқалардан рационал фойдаланиш ва маҳсулдорликни ошириш имконини беради.

Витаминларнинг етишмовчилиги моддалар алмашинувида чуқур ўзгаришлар кузатилиши, ўсишдан қолиш, маҳсулдорликнинг пасайиши ҳамда паррандалар орасида кўплаб ўлимга сабаб бўлади. Паррандаларнинг касалликларга нисбатан чидамлилиги пасаяди.

Паррандаларнинг ёши ва физиологик ҳолатига қараб, уларнинг витаминларга бўлган эҳтиёжи турлича бўлади. Масалан, тухум берадиган товуқлар учун 1 тонна озиқада A витамини 10 млн ҲБ, Д3 – 2 млн ҲБ, Е – 10 г, В1 – 2 г, В2 – 5 г, В3 – 20 г, В4(холин-хлорид) -500 г, В12 – 0,025 г, C – 50 г бўлиши керак.

Товуқларни озиқлантириш уларни сақлаш шароитига қараб турлича бўлади, айниқса катакларда сақланганда озиқа рационларининг тўйимли моддалар, минераллар ва витаминлар бўйича тўлақимматли бўлишини таъминлаш лозим.

Товуқлар учун рационлар таркиби донли озиқалар ёрмаси, соя кунжараси, пахта шроти, масхар шроти, ўт уни (витамин уни), озиқабоп ёғлар (ўсимлик мойлари ва ҳайвонлар ёғи), озиқабоп ачитқилар, минерал моддалар (бўр, сапрофел, суяк уни, гўшт – суяк уни, қон уни, балиқ уни) ва витаминлардан иборат бўлади.

Макка дони – паррандалар учун тўйимли озиқа ҳисобланиб, таркибида 4 – 6% ёғлар, 8 – 10% протеин, аминокислоталар, сариқ макка донида 10 – 20 мкг/кг каротин бўлади. Шунинг учун рационнинг 30 – 40 фоизини макка дони ташкил этиши лозим.

Буғдой дони – калорияси бўйича макка донидан юқори ва кўп миқдорда (12 – 13,7%) протеин сақлайди. Паррандаларнинг ёши ва физиологик ҳолатини ҳисобга олган ҳолда омихта емларга 15 – 35% гача қўшилиши мумкин.

Арпа дони – донлар ичида таркибида кўп миқдорда аминокислоталар сақлаши билан ажралиб туради. Лекин, пўстлоғининг борлиги унинг энергетик қимматини пасайтиради. Арпани пўстлоғидан тозалаб ишлатиш унинг ҳазмланишини яхшилайди. Арпадан рационга майдаланган ҳолда 30 – 40% гача аралаштириш мумкин. Юқорида келтирилган донлардан ташқари сули, жавдар донлари ҳам товуқлар рационига 6 – 15% гача қўшилиши мумкин.

Техник чиқиндилар – (кунжара ва шротлар) донлардан ёғ олиш пайтида ҳосил бўладиган маҳсулотлар бўлиб, товуқлар учун тўйимли озиқалар ҳисобланади.

Шротлар – ёғ-мой экстракциялаш заводларида донлардаги мойларни бензин, дихлорэтан каби эритувчилар ёрдамида олишдан ҳосил бўладиган чиқиндилар бўлиб, таркибида 7% гача ёғлар, 37 – 40% гача протеин бўлади.

Кунгабоқар кунжараси ва шротидан ёш паррандалар рационига 5 – 7%, катта ёшдаги товуқлар рационига 15 – 17% гача қўшилиши мумкин.

Соя кунжараси ва шротидан 12 – 20% гача қўшилиб, бошқа кунжара ва шротларга нисбатан тўйимлигининг юқорилиги ва таркибида лизин, аргинин аминокислоталарининг кўплиги билан ажралиб туради.

Пахта шроти таркибида 43% протеин сақлайди, лекин цистин, метионин аминокислоталарининг камлиги билан тавсифланади. Пахта шроти таркибида госсипол заҳарли моддаси бўлиб, унинг миқдори 0,02% дан ошмаслиги керак. Пахта шротидан паррандалар рационига 4% гача қўшиш мумкин, унинг таркибидаги госсипол қиздириш йўли билан зарарсизлантирилади.

Ҳайвонот оламидан олинадиган озиқалар: гўшт – суяк уни, ёғсизлантирилган қуритилган сут, балиқ уни, балиқ қиймаси (фарш) паррандалар учун протеин, аминокислоталар ва минерал моддаларга бой бўлган тўлақимматли озиқалар ҳисобланади.

Балиқ уни таркибида 52 – 59 фоизгача протеин ва шунингдек, лизин, метионин, А, В2, В3, В12 витаминлари, холин, кальций, фосфор, йод каби моддалар бўлиб, узоқ муддат сақланганда оксидланиши натижасида бузилиши ва озиқавий қиммати пасайиши мумкин. Балиқ унидан паррандалар рационига 3 – 7% гача қўшиш тавсия этилади.

Гўшт – суяк уни – ҳайвонларнинг гўшти, ички аъзолари ва ўлган моллар гавдасини қайта ишлаш йўли билан олиниб, таркибида 30 – 50% протеин, 11 – 18%  ёғлар, 25 – 40% минерал моддалар бўлади. Рационга 3 – 7% ҳисобида қўшилиши мумкин.

Гўшт уни – гўшт ва ички аъзоларнинг истеъмолга яроқсиз қисмидан тайёрланиб, таркибида 64 – 74% гача протеин бўлади ва рационга 3 – 7% гача қўшилади.

Парлардан тайёрланган ун – пар ва патларни махсус қозонларда гидролизлаш йўли билан олиниб, таркибида олтингугурт сақловчи аминокислоталар кўп бўлади.

Гўшт – пар уни – ўлган товуқларни бутунлай майдалаш йўли билан тайёрланиб, 63% гача протеин сақлайди. Рационга 3 – 7% гача қўшилади.

Ёғи олинган қуритилган сут – таркибида 2 – 3% оқсил, 0,5 -1,5% ёғлар, 7 – 8% кул моддаси бўлади. Рационга 2 – 3% гача қўшилади.

Ҳайвонот оламидан олинган ёғлар – жуда энергияга бой озиқа ҳисобланиб, очиқ ҳаво таъсирида тез бузилишидан ҳосил бўлган перикислар витаминларнинг парчаланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳайвонот оламидан олинган ёғлар ишлатилганда витаминларни бузилишдан сақловчи моддалар, яъни антиоксидантларни (сантохин, дилудин) қўллаш эҳтиёжи туғилади. Ёғлар рационга 2 – 3% ҳисобида қўшилиши мумкин.

Рационнинг озиқалар бўйича таркибий меъёри (% ҳисобида)

№

 

Озиқалар тури Катта ёшдаги товуқлар Ёш жўжалар
1 Макка дони 0-60 0-60
2 Арпа дони 0-30 0-30
3 Сули дони 0-20 0-20
4 Буғдой дони 0-40 0-30
5 Нўхат дони 0-12 0-10
6 Буғдой кепаги 0-7 0-10
7 Кунгабоқар шроти 0-17 0-15
8 Соя шроти 0-20 0-25
9 Гўшт-суяк уни 1-7 1-5
10 Балиқ уни 3-7 3-7
11 Ёғи олинган қуритилган сут 0-2 0-3
12 Ўт уни 2-5 2-5
13 Ёғлар 0-4 0-5
14 Ракушка ёки известняк 4-6 0-2
15 Бўр 0-4 0-2
16 Суяк уни 0-3 0-2
17 Озиқабоп фосфор 0-3 0-2
18 Ош тузи 0-0,5 0-0,4
19 Примекслар 0-1,0 0-1,0
20 Витамин А 7-10 млн ҲБ/1 тонна 6-8,5 млн ҲБ
21 Витамин Д3 2 млн ҲБ/1 тонна 1,5 млн ҲБ
22 Витамин Е 10 г/1 тонна –
23 Тривит (АДЕ) 1 бошга 1 томчи;

150 г/1 тонна

1 бошга

1 томчи

24 Рибофлавин (В2) 4-6 г г/1 тонна 4-6 г г/1 тонна
25 Холин – хлорид (В4) 10 г/1 тонна 10 г/1 тонна
26 Никотин кислотаси (В5) 20-25 г/1 тонна 30 г/1 тонна
27 Пиридоксин (В6) 1 т – 3 г/1 тонна 2 г/1 тонна
28 Цианoкобаламин (Б12) 2,5 мг/1 тонна 25 мг/1 тонна
29 Сантохин 125 г/1 тонна 150 г/1 тонна
30 Дилудин 125 – 200 г/1 тонна 200 – 400 г/1 тонна
31 Бентонит (гилмоя) 10 кг/1 тонна 5 кг/1 тонна

Сувли ва витаминли озиқалар сифатида сабзи, картошка, қанд лавлаги, қовоқ, карам кабилар товуқлар рационига қўшимча равишда берилиши мумкин. Паррандаларга картошкадан бошқа сабзавот ва полиз экинлари хом ҳолда майдаланиб, озиқалар билан биргаликда едирилади.

Витаминли ўт уни – товуқлар рационига қўшилиши шарт бўлган компонентлардан бири ҳисобланади. Чунки, қуёш нурлари тик тушмайдиган жойларда қуритилган ўт унлари таркибида ҳалигача аниқланмаган омиллар бўлиб, паррандалар организми учун жуда зарур ҳисобланади. Ўт унлари таркибидаги каротиндан паррандаларнинг ичакларида ретинол синтезланади. Ўт унларидан ёш жўжаларнинг рационига 3 – 5%, катта ёшдаги товуқлар учун 5 – 10% ҳисобида қўшилиши шартдир.

Паррандаларга бериладиган озиқаларнинг бир бошга 1 кунда бериладиган миқдорига рацион дейилади. Рацион мавжуд озиқалардан ташкил топиб, паррандаларнинг ёши, физиологик ҳолати ва маҳсулдорлигига қараб тузилади.

Манба: «ПAРРAНДAЛAРНИНГ ЮҚУМСИЗ  КАСАЛЛИКЛАРИ» Муаллиф: СамҚXИ ҳайвонлар касалликлари ва паразитология кафедрасининг доценти Эшбўриев Б.М.