Куркаларни боқиш

Куркаларнинг кучли оёқлари ва кенг дум патлари бўлиб, бошида ва бўйнида ўзига хос тери ўсимталари (кораллар) мавжуд, тумшуғининг устки қисмида гўштли ортиқчаси осилиб туради ва парранда эҳтиросга (ҳаяжон) келган вақтида у 12–15 см.га етади. Куркалар учиш қобилиятини йўқотмаганлиги учун уларнинг қаноти қирқилади, бундан ташқари паррандахона деворлари баланд қилиб қурилади ёки ёпиқ биноларда боқилади. Куркалар инжиқ бўлгани учун уларнинг 30–35 бош урғочиларига 3–4 бош эркаклари нисбатда (1 эркак куркага 8–12 бош урғочи ҳисобидан) ҳар бир бўлимга қўйилади.
Куркаларни яхши ривожлантириш учун хонанинг нисбий намлиги 60–70% бўлиши керак. Агар нисбий намлик паст бўлса курканинг нафас олиш йўллари қуриб безовталанади, кўп сув ва кам озуқа истеъмол қилади. Агар нисбий намлик 75 фоиздан ошиб кетса, нафас органлари орқали сувнинг буғланиши ва иссиқлик энергиясининг чиқарилиши қисқаради. Натижада организмдан ортиқча сув ҳазм қилиш (ошқозон-ичак) органлари орқали ташқарига чиқарила бошлагани учун ич кетиш ҳолатлари кузатилади. Бундан ташқари, нам ва қуруқ ҳаво зарарли микроорганизмларнинг ривожланишига олиб келади, бу эса инфекцион касалликлар қўзғатувчиларининг организмда пайдо бўлишига сабаб бўлади. Куркачалар учун айниқса паст ҳарорат ва юқори намлик жуда ҳавфли ҳисобланади. Куркачаларнинг яхши ривожланиши учун хонанинг ҳавоси тоза бўлиши катта аҳамиятга эга, лекин елвизакдан эҳтиёт бўлиш керак. Ҳар хил шовқинлар парранданинг маҳсулдорлигига салбий таъсир кўрсатади.
Курка жўжаларининг тухумдан очиб чиқиши эркак куркалар уруғларининг сифатига боғлиқ бўлади. Эркак куркаларнинг уруғлантириш қувватига бир неча омил таъсир этиши мумкин. Қишда совуққа чидамсиз, қоронғи хоналар ҳам салбий таъсир этади. Уларнинг рационида ҳайвонларга оид озуқалар, айниқса моцион (юриш, ҳаракат қилиш) етарли миқдорда бўлиши керак(ш.ж. урғочи куркаларга ҳам). Урғочи куркалар – 15оС гача совуққа чидамли бўлади, 5 – 10оС ҳароратда тухумни яхши қўяди. 1 бош куркага 1 – 1,5 м2 майдон ажратилади. Куркаларни чиқиб ўтириши учун қўноқлар 7 х 7 см дан 9 х 9 см гача бўлган ўлчамдаги бруслардан, ердан баландлиги 60 – 80 см қилиб ҳар бир бош куркага узунлиги 50 см қилиб ўрнатилади. Кул ва қумдан иборат ванналар албатта ташкил этилиши керак. Одатда она куркалар бир мавсумда 60 – 80 донагача тухум қўяди. Куркалар 12 ойлигидан тухум қўйишни бошлайди.
Она курка бошида 4 – 6 дона тухум қўяди, кейин 1 – 3 кун дам олади, кейин яна тухум қилишни бошлайди. Эркак куркалар жуфтлашиш вақтида урғочи куркаларни яраламаслиги учун оёғидаги тирноғини 1 йилда 2 марта кесиб, эгов билан текислаб туриш керак бўлади. Она куркаларнинг маҳсулдорлигини ошириш учун хонада қўшимча ёруғлик ташкиллаштирилади. Уй паррандалари орасида курка баданига кўп ёғ йиғиш хусусиятига эга бўлгани учун семириб кетишнинг олдини олиш мақсадида уларга доимий равишда моцион учун шароит яратилади.
Она куркалар 20 дона атрофида тухум қўйгандан кейин “ғўл–ғўл” деб товуш чиқаришни бошлайди. Агар она курка тухум қўйишни давом эттириши керак бўлса, унда уясидан ҳайдаб салқин хонага қамаб қўйилади ва ёнига эркак курка қўйиб юборилади, айрим ҳолларда кучлироқ таъсир этувчи факторлар, яъни ёруғликни кучайтириш, шовқин, хонани алмаштириш ва бошқалар қўлланилади. Лекин шу билан бирга тухумларнинг уруғланиш фоизи пасайиши мумкинлигини ҳам инобатга олиш керак бўлади. Курк бўлган куркалар март ойидан июнь ойигача тухумга ётқизилади. Курка тухумларини ўзларидан бошқа яна товуқлар ҳам очиб чиқиши мумкин. Курк бўлган куркалар тагига йилнинг иссиқ даврларида 17 – 19 донагача, салқин даврларида 15 – 17 донагача, курк бўлган товуқлар тагига эса йилнинг иссиқ даврларида 9 – 11 донагача, салқин даврларида 7 – 9 донагача курка тухумини қўйиш мумкин. Курка жўжалари тухумдан 27 – 28 кунда очиб чиқади. Қоронғи хонанинг бир чеккасига уя қўйилади, ичига 10 см қалинликда қуруқ тупроқ солиниб, устидан тўшама қўйилади. Уя ёнига озуқа, сув ва минерал қўшимчалар қўйилади. Кул билан қум аралашмаси албатта уя ёнида бўлиши керак. Уя ёнида ҳарорат 10°С дан юқори бўлиши лозим. Урчиш даврида кўпинча эркак куркалар озуқа емай қўяди, бунинг натижасида озиб кетишнинг олдини олиш учун кечаси эркак куркалар урғочиларидан ажратилиб алоҳида хонага қўйилади ва витаминли (сабзи, сут маҳсулотлари, озуқа хамиртуриши, ўстирилган дон, ўт уни ва бошқалар) озуқа аралашмалари билан боқилади. Озуқаларнинг бир қисми майдаланган ҳолда берилади. Эрталаб эркак куркаларга бир кунлик рационнинг учдан бир қисми берилади. Кундузи ва кечқурун паррандага намланган озуқа берилади, кечаси майдаланган дондан иборат қуруқ озуқа аралашмаси ёки ўстирилган дон берилади.
Насл олиш мавсумида рацион миқдори кўпайтирилади. Озуқадаги “Е” дармондори миқдори кўпайтирилади, рацион таркибидаги келиб чиқиши ҳайвонларга оид протеин моддаси 20 фоизгача кўтарилади. Намланган ем аралашмаси тайёрланганда сут обрати ёки гўшт бульони ишлатилади. Намланган ем аралашмасини куркалар иштаҳа билан чўқиб ейишмайди, шунинг учун емга қичитқиўт, беда каби ўтлар майдалаб қўшилади, кўк ўт беришнинг иложи бўлмаса, ширали озуқалар берилади (лавлаги, сабзи ва бошқалар).
Урғочи куркаларга кундузи ва кечқурун витаминли намланган озуқа, кечасига қуруқ озуқа ёки ўстирилган дон берилади. Озуқага яна майдалаб кесилган илдизмевалилар ва сабзавотлар 1 бошга 200 грамм миқдорида, қуруқ ўт – 70 граммгача, сут – 100 граммгача, ойига 30 донагача тухум берадиган урғочи куркаларга эса бир кунда 130 грамм дон ва 50 грамм унли озуқалар берилади. Курк бўлган куркаларга ҳар куни 1 – 3 марта моцион (юриш) ташкиллаштириш керак бўлади. Агар курк бўлган парранда вақти – вақти билан емаса, ичмаса, унда уясидан олиниб емдоннинг олдига қўйиб қўйилади ҳамда ўзи мустақил равишда емни чўқиб емагунча ва сувни ичмагунча бир неча марта бу ҳаракат қайтарилади. Курк бўлган курка озуқани чўқиб егунича 7 – 8 ва 26 – кунлари тухумларнинг ичидаги эмбрион ривожланиши овоскопда кўрилади. Курка жўжалари 27 – 28 – кунлари тухумдан очиб чиқади. Тухумдан очиб чиққан курка жўжаларини алоҳида қутига солиб қўйилади. Барча тухумлардан курка жўжалари очиб чиққандан кейин ҳаммаси битта қилиб она курка тагига қўйилади. Битта она курка тагига 40 тагача курка жўжаларини қўйиш мумкин, чунки она курка уларни бемалол боқиб парвариш қила олади.

Куркалар қиш мавсумида одатда 3 маҳал озиқлантирилади. Эрталаб бир кунлик дон рационининг учдан бир қисми берилади, кундузи намланган ем аралашмаси ва кечқурун бир кунлик дон рационини учдан икки қисми берилади. Куркалар учун дон озуқаларидан энг яхшиси маккажўхори, арпа ва буғдой донлари ҳисобланади. Қиш мавсумида рационга яна димланган ўт уни ва ширали озуқалардан лавлаги, сабзилар берилади.
Об–ҳаво яхши бўлган кунларда, айниқса қуёшли кунларда, куркалар қордан тозаланган майдонга айланишга чиқарилади. Куркаларга моцион бўлмаган вақтлари рационга балиқ ёғи қўшилади.

Урчиш мавсумида куркаларга бир кунда 4 маҳал озуқа берилади: 1-марта бир кунлик рационнинг учдан бир қисми миқдорида донли озуқа берилади, 2 ва 3-мартада кўкатлар қўшилган ва намланган ем аралашмаси берилади, 4- марта бир кунлик дон аралашмаси рационидан учдан икки қисми миқдорида берилади.
Куркачиликда яйловлар (ўтлов майдонлари)нинг мавжудлиги катта аҳамиятга эга. Эрта баҳордан кеч кузгача куркаларни боқишда ўтга бой бўлган яйловлардан фойдаланиш лозим бўлади. Ана шу яйловларда куркалар ўз организмларига зарур бўлган витаминга бой турли – туман кўк ўтларни ва ҳашоратларга оид протеинга бой озуқаларни – чигирткалар, қуртлар, қўнғизлар, чувалчанглар ва бошқа қурт – қумурсқаларни топиб чўқиб ейди.