Туяқушлар учун сайр майдони

Туяқушлар сайр майдончасида сайр қилишидан ташқари яна озиқланиши ҳам керак. Ушбу экзотик қушлар ўтлоғини табиий яшаш шароитга яқинлаштириш учун тўсилган
сайр майдони ичида ўтлоқ жойларни тошлоқ жойлар билан аралаш келиши улар учун энг мақбул табиий шароит ҳисобланади. Бундан ташқари, туяқушлар сувда чўмилишни
хуш кўради, шунинг учун сайр майдонида катта бўлмаган сув ҳавзаси ёки сунъий равишда сувпуркагич, сувсачраткич ўрнатиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Агар катта ёшдаги туяқушлар кўп миқдорда, яъни 100 бошгача бўлса, сайр майдони учун уларнинг 8 бошига 1 гектар ер майдони ҳисобидан ажратилади. Сайр майдони ҳамма томондан тўсилган бўлиши керак. Сайр майдонига тўсиқ сифатида фундаментга ўрнатилган ходага қотирилган металл сетка ўрнатиш қулай бўлади. Фақат металл сетка ячейкаси йирик бўлмаслиги керак, акс ҳолда қушлар бошини ичига тиқиб
шикастланиши, айрим ҳолларда нобуд бўлиши ҳам мумкин.
Тўсиқларни қуришда фундаментсиз, ходаларни ерга кўмиб ҳам қурса бўлади, лекин ҳар хил ёввойи ёки уй йиртқич ҳайвонларини (тулки, чиябўри, ит ва бошқалар) сайр майдонига кириш эҳтимоли кучаяди. Улар қушларга ҳамла қилишмаса ҳам қушларни қаттиқ қўрқитиб юбориши мумкин. Туяқушлар жуда сезгир бўлишади, шунинг учун уларни стресслардан сақлаш керак бўлади. Тўсиқлардан қушлар сакраб ўтиб кетмаслиги учун унинг баландлиги 2 метрдан кам бўлмаслиги, ҳатто ундан ҳам юқори қилиб ўрнатиш тавсия этилади. Мўътадил иқлим шароитида туяқушларга совуқдан кўра намлик, зах об-ҳаво кўпроқ зиён етказади. Агар яшаш ҳудудингизда тез-тез ёғингарчилик бўлиб турадиган бўлса, унда, албатта, шийпон ёки соябон қуриш тавсия этилади, масалан, девор ёки тўсиқ бўйлаб қуриш мумкин. Сайр майдонида емдонлар шийпонлар тагига қўйилса, ёғингарчилик вақтида емдондаги озуқа ҳўлланиб қолмайди. Қушлар ҳам қуруқ жойда яхши озиқланади.
Сайр майдони тўғридан-тўғри оғилхона (катак, бўлма)га туташган бўлиши керак. Ҳар бир оғилхонадан сайр майдонига алоҳида чиқиш йўли бўлиши керак. Сайр майдони ҳудуди 1 бош туяқуш учун ёшига қараб 10 м2 дан 250 м2 гача ажратилади.
Сайр майдонини ўрашда, девор тўсиқ ўрнатишда бир-бирини инкор этувчи икки факторга эътибор бериш керак: сайр майдони узунлиги ва уни қуриш нархи. Сайр майдони тўғри бурчакли шаклда бўлиши ва томонларини ўзаро нисбати 1:5 дан 1:10 гача бўлиши керак. Томонлари тенг тўғри тўртбурчак (квадрат) шаклида бўлса, уни қуриш учун материал кам сарф бўлади, шунинг учун анча арзон тушади, лекин майдон
томонларининг ўзаро нисбати қониқтирмайди.
Саноат ёки тижорат мақсадида туяқушларни парвариш қилишда 1 жуфт туяқуш учун 1,5-1,6 гектар ер майдони ажратиш керак бўлади, бундан ташқари, пайдо бўладиган наслини ҳам ҳисобга олиш керак. Туяқушлар иқлим шароитларига енгил мослашадилар, туяқушчиликни ҳосилсиз бўш ерларда, экин экишга яроқсиз ерларда ҳам катта муваффақиятлар билан ривожлантириш мумкин.

Тузувчилар: А.Х. Холматов – Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот
институти “Иммуногенетика” лабораторияси мудири, қишлоқ хўжалик
фанлари номзоди. Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ