
Сачратқи – цикорий – Сichorium L. – мураккабгулдошлар (мураккабгуллилар оиласи)га мансуб кўп йиллик доривор ўт бўлиб, пояси тик, шохланган, бўйи 30-120 сантиметр, ёпирма барглари тескари тухумсимон, чўзиқ, чети патсимон бўлинган, йирик тишли, поядаги барглари наштарсимон, асоси пояни ўраб туради, поянинг юқори қисмидаги барглари яхлит. Тўпгуллари кўп гулли саватча, саватчалари поянинг учида ёки шохчаларидаги қисқа гулбандларида тўп-тўп бўлиб жойлашган, гуллари зангори, икки жинсли. Уруғи сарғич-қўнғир, узунлиги 2-3 миллиметр. Июндан кузгача гуллаб уруғлайди.
Сачратқининг ватани Ўрта Ер денгизи атрофидаги мамлакатлар хисобланади. Қадимдан инсонлар ундан кенг фойдаланиб келишган, қадимги Миср, қадимги Рим ва қадимги Грецияда ва қадимий туркий халқлар унинг илдизини қуритиб, туйиб чой қилиб аскарларига кунига уч махал ичиришган, натижада аскарлар баққувват, қудратли бўлиб, касалликларга чалинмай жанг қилишганини Александр Дуюманинг асарларида келтирилган. Бу доривор ўсимликни юнонлар – “андизеа”, римликлар “сагвис”, араблар “андуниай” ва форсийлар эса “касни” деб номлайдилар. Ҳозирда Евросиё, Африка, Америка ва Австралияда кўплаб учрайди. Сачратқининг икки тури: салатли ва оддий тури маданийлаштирилган бўлиб, кенг майдонларда етиштирилмоқда. Уруғидан ва илдизидан кўпайтирилади. Июнь ойидан кеч кузгача гуллаб, меваси пишади. Юртимизнинг ҳамма вилоятларида ўсади. Сачратқи гулидан, ер устки қисмидан ҳамда илдизолди тўпбарглари алоҳида-алоҳида йиғиб олиниб, соя ерда қуритилади. Меваси етилганда йиғилади. Илдизи эрта баҳорда ёки кеч кузда кавлаб олиниб, тупроқдан тозалаб, сувда ювиб, майда бўлакларга бўлиб, очиқ ҳавода қуритилади.
Илдизи таркибида инулин, интибин, аччиқ гликозидлар, дармондори В1 бисёрдир. Барги таркибида инулин, дармондори С, органик кислоталар, гули таркибида цикорин гликозиди, витамин С, органик кислоталар ва цирагага бойдир. Сутшира таркибида аччиқ моддалар, тараксастрол, каучук ва бошқа бирикмалар мавжуддир. Халқ табобатида ўсимликнинг ҳамма қисмлари ишлатилади.
Ибн Сино бу ўсимлик баргларини яллиғланиш, ярали темираткини даволаш билан бошқа аъзо касалликларини ҳам, шунундек, бўғим оғриғи, кўз шамоллашини, ўсимлик сутшираси билан кўздаги оқ доғларни даволаган. Юрак хасталигида ва унинг мушакларини мустаҳкамлашда, халқумдаги шишларни, меъда-ичак хасталиклари, кўнгил айниши, меъда ва ўн икки бармоқли ичак яраси, жигар ва ўт халтаси, ўт йўллари хасталиклари ва ўт ҳайдашда кенг қўллагани тарихий манбалардан маълум. Илдизидан тайёрланган малҳамни илон, ари ва бошқа ҳашоратлар чаққан ерга малҳам суйкаб даволаган(1 ва 2).
Марказий Осиё халқлари юқорида зикр этилган хасталиклардан ташқари, офтоб урганда, айниқча болаларни сачратқи дамламасида ювинтиришади, ўсимлик кулини қаймоққа аралаштириб, ҳар ҳил қўтир, темиратки, эшакем тошганда сурилади, дамламаси буйрак ва талоқ, тепки, сўлак безлари, қулоқ ости безлари шамоллашида, илдизи жигар, талоқ, камқонлик, безгак, қандли диабетда, янги кавлаб олинган илдизи ичбуруғда ва шамоллашда ишлатилади. Булардан ташқари ўсмаларни даволашда, оғиз шиллиқ қавати шамоллаганда(стоматит), оёқ, қўл ва белдаги бўғим оғриқларида(подагра, радикулит, миозит), жигар ва ўт йўллари хасталиклари(гепатит, холецистит, калькулёз, холецистит, холангит) да ишлатилади(3 ва 4).
Бу доривор ўсимликнинг хали очилмаган қирралари жуда кўпдир, ўсимликнинг имкониятларини эндигина 20-25 фоизи ўрганилди холос. Кўп олимлар ушбу ўсимлик устида катта ишларни олиб боришмоқда. Жумладан, ҳайвонларда ўтказилган текширишлар натижасида маълум бўлишича, сачратқи гулининг дамламаси мияни тинчлантирувчи, юрак фаолиятини яхшиловчи, пешоб ҳайдовчи ва буриштирувчи хусусиятларга эга эканлигини тажрибалар исботлади. Илдиз дамламаси эса янги бошланган қандли диабет касаллигида қондаги қанд миқдорини камайтириб, беморнинг умумий аҳволини яхшилайди, қондаги қанд миқдорини камайтириб, меъда ости бези хужайраларининг курашувчанлигини оширади, шамоллашга қарши даво бўлиши билан бирга тўқималарнинг ўсиш қобилятини кучайтиради. Умуман қандли диабет касалликларини даволашда сачратқидан кенг фойдаланиши исботланган.
Сачратқини кофе ўрнида ишлатиш мумкун, сабаби – баъзи хафақон хасталигига учраган ёки кофеин ичиш ман қилинган беморлар сачратқи илдизидан тайёрланган ичимликни кофенинг ўрнига ичишади, натижада ҳасталик тезроқ тузалишига олиб келади. Мевасидан тайёрланган дамламаси эса иситмани пасайтиришда яхши натижа беради.
Хулоса. Бу доривор ўсимликни махалла хиёбонларида, деҳқон ва фермер хўжаликларининг дала четларига алоҳида қилиб экилса, ундан махаллабай усулда кластрлар ташкил қилиниб, фармацептикада ишлатилса, кўпайиб бораётган хасталикларни олдини олиш билан бирга, халқимизнинг узоқ умр кўришига имкониятлар эшиги очилишига кенг ёрдам беради. Бунда деҳқон ва фермерлар дала четларидан унумли фойдаланиб, кўпроқ даромад олишга имкониятлар туғилади.
Фойдаланилган адабиётлар:
- Абу Али ибн Сино. «Тиб қонунлари китоби», Ўзбекистон ФА нашириёти, Тошкент- 1960 йил;
- Абу Али ибн Сино. «Шифо китоби», Ўзбекистон ФА наширёти, Тошкент – 1960 йил;
- Азимжон Жўраев. “Халқ табобати”, “Шарқ” нашриёт-матбаа, Тошкент-2008 йил;
- Иброҳимжон Асқаров. “Табобат Қомуси”, “Мумтоз сўз” – Тошкент – 2019 йил;
- Иброҳимжон Асқаров. “Сирли Табобат”, “Фан ва технологиялар нашриёт-матбаа уйи”, Тошкент – 2021 йил;
- Абдумалик Ўринбоев, Нўьмонжон Дадабоев, Шермухаммад Аминов. «Неьматлардан нажот излаб», Тошкент – 2017йил;
- Абдумалик Ўринбоев. «Найнаво ва Найнаволиклар», Андижон -2020 йил.
Абдумалик Ўринбоев – селекционер-патентшунос, ихтирочи-велосаёҳатчи, “Найнаво оқшоми” илмий экспериментал уруғчилик кўп тармоқли фермер хўжалигининг илмий ходими, Ўзбеистон тиббий–илмий фаолият билан шуғулланувчилар “ТАБОБАТ” Академиясининг аьзоси, Ўрта Осиё халқлари тарихи институтининг “ТУРОН” Фанлари Академиясининг ФАХРИЙ АКАДЕМИГИ.




















