Беданаларини Сақлаш ва парвариш қилиш

Тарихда инсон беданани тўлиқ қўлга ўргатишнинг уддасидан чиқа олмаган, шунинг учун ярим ёввойи бўлган беданаларни катакларда боқиш тавсия этилади. Бедана боқилаётган бино хонаси яхши иситилиши, вентиляция мавжудлиги ва сунъий ёритиш тизимларига эга бўлиши керак. Электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш учун қўшимча электр таъминотига эга бўлиш яхши натижалар беради.

Беданаларни узоқ вақт қуёш нурида сақлаш мумкин эмас. Офтоб нури таъсирида беданалар нотинчланиб безовта бўла бошлайди. Беданаларни шовқинли жойларда сақлаш тавсия этилмайди. Санитария нормаларига кўра, бедана боқишда биноларни аҳоли яшаш жойидан 300 метрдан кам бўлмаган масофада жойлаштириш тавсия этилади.

Беданалардан истеъмол тухуми олиш учун улар қафасларга 1 м2 майдончага 100–120 бош ҳисобидан жойлаштирилади. Агар беданалардан насл олмоқчи бўлсангиз беданалар зичлиги камайтирилади. Беданалардан тухум олиш учун 15×15 мм катталикдаги сим катак полларда сақлаш мақсадга мувофиқ. Декоратив мақсадда кенг вольерларда паррандалар сақланади.

Беданалардан наслли ва истеъмол тухуми олиш мақсадида уларни боқишнинг турли вариантлари тавсия этилади:

а) Бир катакда 3–5 бош макиён беданага 1 хўроз бедана сақланади. Ёруғлик режими бир кунда 18 соат бўлади. Хона ҳарорати +17–25ºC бўлади. Катак баландлиги 15–17 см (“Япон” зоти учун), бундан баланд катакларда парранда чўчиб кетган пайтлари учишга ҳаракат қилиб ўзини жароҳатлаши мумкин. Катак полининг ўлчами 50×25 см.ни ташкил этади.

б) Ёш, 20–30 кунлик бедана макиёни полининг ўлчами 15×15 см бўлган 5 қаватли уя катакчалари мавжуд бўлган катакларга жойлаштирилади. Бундай шароитда бедана макиёни ҳар 16–24 соатда тухум беради ва маҳсулдорлик даври узаяди.

в) Бедана макиёнлари 30–50 бош паррандага мўлжалланган катакларда сақланади. Катак полининг ўлчами 60×60 см бўлади. Олд томонининг баландлиги – 13 см, орқа томони – 11 см. Эшик катакнинг юқори қисмида жойлашади. Катакнинг олд томонидан полнинг симли тўри ташқарига чиқиб туради ва тухумларнинг йиғилиши учун учи тепага қайрилган бўлади. Полнинг қиялиги (7–12ºС) тухум думалаши учун мўлжалланган.

Манба: agro.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!