Беданаларни боқиш бўйича тавсиялар

206

Беданалар анчагина ҳуркак парранда бўлиб, парваришлашда эҳтиёткорликни талаб этади. Чўчиб кетган беданалар саросимага тушиб, учиб кетишга ҳаракат қилади, ўзларини катакларга уради. Узоқ вақт стресс ҳолатига тушиб қолган беданалар бўйнини эгиб, гавдасини ерга босиб учишга тайёргарлик кўраётгандек бўлади. Тўқ ва хотиржам ҳолатдаги паррандалар бир жойда кам ҳаракатда бўлиб, мудраб ўтиришади.

Бир бош бедана хўрози ва 3–10 бош бедана макиёнларини катакда боқишда кунига ўртача 2–9 тадан тухум олиниши кузатилган. Беданаларни иложи борича катта галаларда сақлаш юқори маҳсулдорлик (тухум) олиш учун омил бўлади. Тухум қўйишни тушдан олдин одат қилган товуқлардан фарқли ўлароқ макиёнлар одатда кечқурун, сокинлик пайтида тухум қўйишни маъқул кўришади. Кўпинча озиқлангандан кейин дархол тухум қўйиши ҳам мумкин. Тухум қўйишдан олдин макиёнлар безовта бўлиб чийиллаган овоз чиқаришади ва тухум қўйиш вақтида бошини орқага ташлайди. Қариган бедана макиёнлари ўз вақтида сўйилмаса тухум қўйишдан тўхтайди ва ёш хўрозчалар уларни чўқиб ўлдиришлари мумкин. Агар ёш хўрозча қари бедана макиён орқасидан қувиб юрган бўлса, дарҳол бедана макиёнини бошқа катакка ажратилиб, семиртириш учун кучли озуқалар билан боқилади ва гўштга сўйилади. Айрим ёш беданаларнинг кўзини юмиб, бўйнини ва оёғини узайтириб чўзилиб ётиши ўлаётган бедананинг аҳволини эслатади, аслида эса бу бедана шундай йўл билан дам олиб, ухлаётган бўлади.

Уй беданаларининг зотлари

Беданаларнинг зотлари, чатиштирилган ва мутант шакллари бир-биридан экстерьерлари, патлар ранги, тана вазни ва ҳажми, жўжаларининг тухумдан чиқиш фоизи, тухум бериши ва бошқа кўрсаткичлари бўйича фарқ қилади.

Бедананинг “Япон” зоти кўп миқдорда тухум бериши, касалликларга чидамлилиги ва жўжаларининг тухумдан чиқиш фоизи юқорилиги (90% атрофида) билан ажралиб туради.

Бедананинг “Фараон” зоти юқори сифатли гўшт олиш мўлжалланган. Бу ҳақиқий бедана-бройлер ҳисобланади. Уларнинг тирик вазни япон зотидан 40 фоиз юқори бўлади.

“Эстония” зоти кўп тухум бериши йилига 310 дона, ҳамда гўштининг алоҳида ўзига хос мазали таъми билан ажралиб туради. Бедананинг “Француз” ва “Эстония” зотлари 45 кунлик ёшида тирик вазни 280–300 граммни ташкил этади.

“Британия қора” зоти ўзига хос патлар рангига эга бўлиб, макиёнларнинг тирик вазни оғирлиги 210 граммни ташкил этади.

Бундан ташқари беданаларнинг “Америка альбинос бройлерлари”, “Англия оқ” зоти, “Маньчжур тилла ранги”, “Смокинг”(тукседо), “Мармар ранг”, “Австралия сариқ-жигар ранг” зотлари ҳам мавжуд.

“Хитой” зотли беданалар декоратив мақсадларда боқилади. Бундан ташқари декоратив мақсадда боқиладиган “Калифорния”, “Жигар ранг пахмоқли”, “Тангачалик” ва “Виржиния” зотлари ҳам маълум. Айрим ҳолларда “Виржиния” зотини гўшт етиштириш мақсадида ҳам етиштирадилар.

Манба: agro.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!