Беданаларни кўпайтириш

166

Наслчиликда беданаларнинг макиёнлари 3 ойликдан 8 ойликкача бўлганлари ва нарлари 3 ойликдан 6 ойликкача бўлганлари танланади. Турли наслли ва яқин қондошларини ўзаро чатиштириш тавсия қилинмайди.

Инкубацион тухум олиш учун 1 та нарга 2–4 кўпи билан 5 та макиён тўғри келиши керак. Япон беданаларининг макиёнлари нарларига шунчалик кўникиб қолишадики, макиёнлар янги қўйилган нарларни қабул қилмайди. Бундай вақтларда нарлар бошқа катакларга ажратиб қўйилади ва 2–3 кундан кейин яна шу катакка қўйилади. Нарлар алмашганда тухум қўйиш пасайиши мумкин, лекин бир ҳафта ичида яна тикланади.

Беданаларнинг жуфтлашиш даврида рацион таркибидаги протеин ва витаминли қўшимчалар миқдорини бирмунча кўпайтириш тавсия этилади. Буғдой кепаги уларга фойдали ҳисобланади. Макиёнлар ичига нарлар қўйилганидан бир ҳафтадан кейин очириш учун инкубацион тухумларни инкубаторларга териш мумкин бўлади.

Қисқа вақт жуфтлаштириш йўли билан инкубацион тухум олиш учун эрталаб макиён ёнига нарни 15–20 дақиқага ҳар 2–3 кунда бир марта қўйилади.

Япон беданаларининг жинсини 20 кунликдан патининг рангига қараб ажратиш мумкин. Бедана нарларининг бўйни ва кўкраги тўқ жигар рангда бўлади. Макиёнларининг бўйин ва кўкраклари оч жигар рангда бўлиб, йирик қора нуқталари мавжуд. Айрим беданаларнинг рангидан жинсини ажратиб олиш имкони бўлмаса, наслга қолдирилмайди.

Беданаларнинг бошқа зотларини ташқи кўринишидан ажратиш қийинчилик туғдиради, шунинг учун уларнинг жинсини клоакасидан билиш мумкин: нарининг клоакаси атрофи қизғиш рангда, макиёнини клоакаси атрофи кўкимтир-жигар рангда бўлади. Шу билан бирга хўрозини макиёнидан тирик вазнига қараб ҳам ажратиш мумкин: макиёни хўрозидан 15 фоизга каттароқ бўлади. Эркагининг бўйни ва танаси урғочисиникидан узун бўлади. Ёш нари баланд овозда қичқириши билан макиёнлардан ажралиб туради.

Калифорния беданасининг нари кўзининг устки қисмида оқ чизиқ борлиги (1,5 ойликда пайдо бўлади) билан ажралиб туради. Оқ инглиз зотининг нарлари бошида қора доғлари бўлади. Умуман ҳамма бедана зотлари нарларининг кўриниши макиёнларига қараганда башангроқ бўлади.

Беданаларнинг “Япон” зотини ёшини аниқлаш бирмунча қийин. Ёш беданалар патларининг ранги очроқ бўлади, ёши катталарининг ранги тўқроқ бўлади. Катта ёшдаги беданаларнинг патлари тепа томонидан тўкилган бўлади.

2 ойлик беданаларнинг гўшти жуда мазали бўлади. Ёши катта беданалар гўшти таначаларининг ранги тўқроқ, териси тез йиртилувчан, уларнинг гўшти кўпроқ қайнатилади.

Инкубация

Инкубация учун ўрта йирикликдаги тухумлар танлаб олинади. Бедананинг “Япон”, “Мармар ранг” ва “Эстон” зотлари учун инкубацион тухум вазни 9–12 граммни, “Фараон” зоти учун 12–18 граммни ташкил этади.

Инкубацияга қўйишдан олдин тухумлар ҳарорати +10–12оС ва нисбий намлиги 70–75 фоиз бўлган хонада 3 кун сақланиши лозим.

Бедана тухумларининг инкубация вақти ўртача 17 кунни ташкил қилади (сайроқилар – 16 кун, Калифорния зоти – 22 кун, Виржиния зоти – 23 кун).

Манба: agro.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!