Беданаларни саноат услубида боқиш

94

Беданаларни ҳафтада бир марта, ювилган йирик ҳажмли қумда чўмилтириш уларни зараркунанда (эктопаразит) лардан тозалашда яхши самара беради. Паррандалар иштиёқ билан чўмилишади. Катакка баландлиги 8 см келадиган идиш ичидаги 4 см қалинликдаги қум билан қўйилади. Бир қисми қум ва бир қисми дарахт қипиғи чириндиси аралашмалари бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Беданалар боқилаётган хонанинг нисбий намлиги 60–70 фоизни ташкил этиши керак. Агар беданалар патларини ҳурпайтириб, ҳансираб, тумшуғини очиб нафас олса, тухум бериши камайса, билингки ҳаво таркибидаги нисбий намлик камайиб кетган.

Бундай ҳолатларда катак олдига бир идишда ёки челакда сув қўйиш яхши натижа беради. Хона полини тез-тез ювиб туриш ҳам хонанинг ҳаво нисбий намлигини кўтаради. Аммо беданаларни доимий нам жойларда сақлаш ва боқиш тавсия этилмайди.

Беданани “Япон” зоти учун бир кунда 17–18 соатлик ёруғлик бериш энг қулай шароит ҳисобланади. 24 соатлик ёруғлик берилганда беданалар кўпроқ тухум беради, лекин маҳсулдорлиги қисқа вақт ичида камайиб кетади. Хонани кучли ёритиш тавсия этилмайди, чунки кам ёруғликда ҳам беданалар яхши кўриш қобилиятига эга, ўзларини хотиржам тутадилар.

Катакда боқилаётган беданалар қуёш нурида бир-бирларини ва тухумларини чўқиб ташлайдилар. Бедана боқилаётган ўлчами 4×4 метр бўлган хонага қуввати 40 ватт бўлган бир дона оддий лампочка етарли бўлади. Ёруғликни ёқишнинг энг қулай вақти тонгда 600 да ва ўчириш вақти кечқурун соат 2300 да ҳисобланади.

Бир кунлик ёруғлик вақтини узайтирсак, озуқа истеъмоли кўпаяди ва парранда тез қарий бошлайди. Бир кунлик ёруғлик вақти қисқартирилса тухум бериш маҳсулдорлиги камаяди ва парранда кечаси билан оч қолади.

Ёруғлик ва қоронғиликни кетма-кетлик билан қўллаш яхши натижа беради. Масалан: 1 соат ёруғлик ва 2 соат қоронғилик беданаларнинг ўсиши, ривожланиши ва маҳсулдорлигига ижобий таъсир кўрсатади, яъни ёруғликда парранда бир маромда озиқланади ва қоронғиликда уни ҳазм қилади.

Беданалар турадиган катакларни 3 ойда бир марта яхшилаб тозалаб, ювиш керак бўлади. Бунинг учун паррандани бошқа жойга вақтинча ўтказиб, катакларни яхшилаб тозалаб, кир ювиш кукуни қўшилган иссиқ сувда чўтка билан ишқалаб ювилади ва қуритилади.

Бедана гўнгидан чиқаётган буғ инсон ва бедана учун зарарли ҳисобланади, шунинг учун гўнгни тез-тез тозалаб туриш тавсия этилади. Парранда нўхат билан боқилганда, улар иштаҳа билан истеъмол қилишади. Гўнгидан кўп миқдорда буғ ажралиб чиқади. Лекин бедана учун нўхат жуда фойдали озуқа бўлгани сабабли уни бериб туриш тавсия этилади.

Манба: agro.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!