Беданани озиқлантириш

92

Япон” беданалари бошқа зотлардан кўп тухум бериши билан ажралиб туради, уларнинг тухумлари такрорланмас, ўзига хос ажойиб таркибга эга. Беданалар фақат катакларда сақланиши сабабли уларда керакли бўлган қўшимча озуқа топиб истеъмол қилиш имкони йўқ. Шунинг учун беданага керакли моддаларга бой бўлган озуқалар бериш керак бўлади. Тухум ва гўшт йўналишидаги беданаларнинг озуқа таркиби асосан оқсил, дон, витаминлардан иборат, уларга яна чиғаноқ, майда тош ва сув ҳам бериб туриш зарур. Юқорида кўрсатилган озуқалар таркибида етишмовчилик бўлса, унда бедана маҳсулдорлиги (тухум бериши) ва соғлигига салбий таъсир этади.

Беданалар бир кунда 3 ёки 4 марта куннинг ёруғ пайтида бир хил вақтда озиқлантирилади. Вояга етган урғочи беданалар озуқаси таркибида 21–25 фоиз хом протеин бўлиши шарт. Озуқа таркибида протеин моддасининг кам ёки кўплиги тухумнинг сифатига, ҳажмига ва сонига жуда тез таъсир кўрсатади. Озуқа таркибида протеин кам бўлганида беданалар тухум беришни камайтиради, тухумлар майда бўлади ва чўқиб ташлаш ҳоллари кўпаяди.

Озуқа таркибида протеин кўп бўлганда инкубация учун яроқсиз бўлган сариғи иккиталик тухумлар сони кўпаяди. Оддий парранда озуқаси таркибида протеин моддаси кам бўлади, шунинг учун, масалан ПК-1 парранда емига бир кунга ҳар бир бошга 2 граммдан протеинга бой озуқа (творог, балиқ, фарш ёки бошқалар) қўшимчалари қўшилади. Тухум бериши камайган, қариб қолган бедана макиёнлари рационидаги протеин миқдорини камайтириш керак бўлади.

Уйда боқиладиган тухум берувчи беданаларнинг протеинга бўлган талаби оддий ёввойи беданаларга нисбатан кўпроқ бўлади. Озуқанинг кўп миқдори (40%), айниқса донлар кечаси берилади. Донли озуқаларни парранда секин ҳазм қилиши сабабли, айниқса кечаси донли озуқалар берилганда паррандалар эрталабгача ўзини тўқ тутади.

Товуқ озуқаси бедана учун энг яхши озуқа ҳисобланади, фақат озуқа таркибидаги хом протеин моддасини 21–23,5 фоизгача кўтариш керак бўлади. Озуқа нам аралашма ҳолатида берилганда беданалар сувга чанқоқликни ҳис этишмайди.

Бир кунда битта бедана 22–27 грамм озуқа истеъмол қилади. 1 кг тухум массасини олиш учун 5–7 кг ем-озуқа сарфланади. Бир йилда бир бош бедана макиёни 9 кг атрофида ем-озуқа истеъмол қилади.

Ёруғлик вақтининг узайиши, хона ҳароратининг пасайиши, озуқа рационини нотўғри тузилиши ва бошқа беданаларни безовта қиладиган ҳолатларда озуқа-ем сарфи кўпайиши мумкин.

Манба: agro.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!