Ғозларни кўпайтириш

119

Насл учун саралаш

Ғозлардан насл олиш ишлари октябрь ойининг иккинчи ярми-ноябрь ойининг бошларида ўтказилади ва 3:1 нисбатда, яъни учта урғочи ғозга битта эркак ғоз ҳисобида қолдирилади. Яроқсиз деб ажратилган ғозлар ёғли жигарини олиш учун семиртиришга қўйилади. Наслга саралашда зотнинг ажралиб турувчи белгиларига, яъни тирик вазни, қомати, пат қоплами ва гўштининг турларига эътибор берилади. Эркак ғозларнинг тирик вазни олдиндан аниқланади ва галадан ажратилади. Эркак ғозларнинг урғочисига нисбатан олинадиган наслнинг сифатига, яъни маҳсулдорлигига ва чидамлилигига таъсири катта бўлади.

Шунинг учун эркак ғозларни наслга танлаб олишга катта эътибор бериш керак. Эркак ғоздан хўжаликда 4 йил, урғочисидан 5–6 йил фойдаланиш мумкин. Уларни саралаш ва боқиш жараёнининг қандай даражада бажарилганлигини инкубацион тухумлар сифатидан билиш мумкин. Агар эркак ғоз урчиш мавсумида озиб кетса, инкубацион тухумнинг урчиганлигига ва сифатига таъсир этади. Бундай эркак ғозларга қўшимча равишда озуқа берилади.

Эркак ғозларда қариндошлик урчишлар бўлмаслиги учун улар ҳар уч йилда алмаштириб турилади. Эркак ғозлар бошқа хўжалик ёки ҳудудлардан бир кунлик ғоз жўжаси ёки тухум олиб келиш ҳисобига алмаштирилади. Зотнинг чидамлилигини ошириш мақсадида икки зот чатиштирилади, бунда урғочи ғоз тухум йўналишида, эркак ғоз гўшт йўналишида бўлиши мақсадга мувофиқ.

Ота-она галасини парваришлаш

Она ғозларнинг тухум қўйишни бошлашини бесаранжом бўлишидан билиш мумкин. Улар инига тез-тез ўтиради ва ҳашакларга кўмилиб олади. Она ғозлар, одатда, кун ора тухум қўяди. Тухумни ҳаво ҳарорати нолдан паст бўлганда инида қолдириб бўлмайди. Совуқ кунлари териб олинган тухумлар ҳарорати +8–12оС, яхши шамоллатиб туриш имконига эга хоналарда сақланади. Тухум учун юқори ҳарорат ҳам, паст ҳарорат ҳам зарарлидир.

Ғозлар асосан гўштга боқилишини инобатга оладиган бўлсак, унда олинадиган барча тухумлар ғоз жўжасини очириб чиқариш учун ишлатилади. Авваломбор ҳаммаси тўлиқ уруғлантирилган, инкубацияга яроқли тухумларни олишни аниқлаш зарур. Бунинг учун бир неча шароитлар яратиш керак бўлади. Биринчидан, бир бош эркак ғозга урғочи ғозлар сони тўрттадан ошмаслиги керак. Иккинчидан, ғозларни фақат уяларда тухум беришга ўргатиш зарур, уяни озода ва тоза тутиш керак. Уянинг поли тахтадан ясалади, тўшамаси янги, қалин ва қуруқ бўлиши керак.

Тухум териш. Тухумларни уядан кунига икки маҳал териш тавсия этилади. Тухумлар иссиқлигида терилса мақсадга мувофиқ бўлади. Уядан янги териб олинган тухумлар +12–18оС гача совутилади ва инкубацияга қўйилгунга қадар ҳаво ҳарорати +12оС ва нисбий намлиги 75–80% бўлган тоза хонада сақланади. Тухум сақлаш идиши (сават, қути, картон қути, фанердан ёки тахтадан ясалган мосламалар) тоза, қуруқ, моғорсиз ва бегона ҳидсиз бўлиши керак.

Тухумларни инкубаторга ёки курк бўлган ғознинг тагига қўйилгунга қадар горизонталь ётқазилган ҳолатда 15 кунгача сақлаш мумкин. Тухумларни 10 кундан кўп сақлаганда, уларнинг сифати пасаяди ва тухумдан ғоз жўжаларини очиб чиқиш фоизи камаяди. Тухумларни ҳар 3–4 кунда муртак тухум қобиғи плёнкасига ёпишиб қолмаслиги учун ағдариб туриш зарур.

Инкубацион тухумга бўлган талаб. Тухумлар инкубаторга ёки курк бўлган ғознинг тагига қўйишдан олдин сараланади, жуда йириги (икки сариқлик) ва жуда кичкинаси, нотўғри шаклланганлиги (япалоқроқ, жуда узун, думалоқ ва бошқалар) ҳамда қобиғи ёрилган (икки тухум бир-бирига аста уриб аниқланади) тухумлар олиб ташланади. Тухумларнинг ичи овоскопда ёки қоронғи хонада ичкарига тушаётган қуёш нурига қаратиб кўрилганда, тухум ичида учли томонида пуга (ҳаво), қон доғлари, бегона нарса ҳамда сариғи силжувчи бўлса, улар яроқсиз бўлганлиги учун ажратиб ташланади.

Агар ғоз тухумлари устининг 50 фоиздан кўпи ифлосланган бўлса, тухумлар инкубацияга қўйишдан олдин ювилади. Тухумлар эҳтиёткорлик билан қобиқ устидаги кутикуласига зарар етказмасдан ювилади. Улар ўзининг ҳароратидан +5–6оС га юқори бўлган тоза сувга солинади. Устидаги ифлос нарсалар 1–1,5 фоизли перекис водородида ёки нимранг перманганат калийда ювиб ташланади. Ғоз тухумида 70% оқсил мавжуд. Тухумлар узоқ вақт сақланганда қобиқ орқали ичига тушган микроорганизмлар учун жуда яхши муҳит бўлганлиги сабабли улар катта тезликда ривожланишни бошлайди ва тухум оқсилини парчалайди. Натижада инкубация даврида тухум ичида тумаклар – қорамтир сузиб юрувчи доғлар пайда бўлади. Айрим ҳолатларда оқсилларнинг парчаланиши оқибатида катта миқдорда газ ҳосил бўлиши натижасида пайда бўлган босимга тухум қобиғи бардош бера олмай ёрилиб кетади ва ён атрофдаги бошқа тухумларни ҳам зарарлайди.

Табиий курк бўлиш

Тухумни инкубаторда очириб чиқариш имкони бўлмаса, унда курк бўлган она ғозлар ёки бошқа паррандалар (курка, товуқ, ўрдак ва бошқалар) тагига қўйиб очириш мумкин бўлади. Курк бўлган парранданинг йириклигидан келиб чиқиб, ғоз ёки курка тагига 9–15 дона тухум қўйилади, ўрдакка 8–10 дона, товуққа 5–7 дона тухум қўйилади. Курк бўлган парранда қанотини очмасдан танаси билан ҳамма тухумларни тўлиқ қоплаши шарт. Тухумлар парранданинг тагидан думалаб чиқмаслиги, тўшама ёки полга тушиб қолмаслиги учун хабардор бўлиб туриш керак.

Курк ғозни танлаб олиш. Тухум қилиш мавсумининг охирига келиб, ғозлар ўзларидан пат ва парларини юлиб, инларига тахлай бошлайди. Урғочи ғоз охирги тухумини қилгандан кейин уяда қолади, фақат озиқланиш учун ташқарига чиқиши мумкин. Шу даврда курк паррандани топиш зарур бўлади, кейинчалик ташлаб кетмаслиги учун уни яхшилаб текшириб кўриш керак. Одатда, ёши каттароқ курк бўлган ғозларга берилади. Тухумни унинг тагига қўйишдан олдин, 3–4 кун бошқа тухумларни қўйиб текшириб кўрилади, агар ташлаб кетмаса, тухумни бемалол қўйиш мумкин. Хонада тинчлик, осойишталик бўлиши керак, ёруғлик хира бўлгани маъқул. Куркни текшириш учун тухум босиб ётган жойига одам яқинлашса, ғоз туриб кетмасдан, қанотларини қимирлатиб қўрқитиш учун ўзига хос товуш чиқарса, унда курк ишонарли бўлади.

Уяга кўникиб, хотиржам ўтириши учун курк уяга кечаси ўтқазилади. Яхши курк ғоз тухумга ўтқазилгандан кейин дарров тухумларни тагига олишни бошлайди ва хотиржам ўтиради. Тухумлар исигандан кейин четидан ўртага думалатиб олишни бошлайди. Марказда жойлашган тухумлар иссиқ бўлади. Ғоз эмбрионлари инкубация даврида иссиқликни кўтара олмайди, шунинг учун уларни марказдан ташқарига ва аксинча думалатиб, жойини алмаштириб туриш иссиқлаб кетишдан сақлайди ва муртакнинг ҳамма тухумларда бир хил ўсишини таъминлайди. Тухумдаги муртакка тоза ҳаво ва хона ҳарорати +12–14оС зарур бўлгани учун хонани вақти-вақти билан шамоллатиб туриш керак.

Уя тухум қўйишдан олдин 2 фоизли каустик содаси, 2 фоизли оҳак хлори ёки 1 фоизли формалин билан дезинфекция қилинади, қуритилади, полига қуруқ, чиримаган, моғорламаган сомондан тўшама солинади. Тўшама тагига кул билан ромашка ўсимлигининг кукуни аралаштирилиб ҳар хил зараркунандалар пайдо бўлмаслиги учун сепилади.

Курк бўлган ғозларни парваришлаш. Курк бўлган ғозларга ҳар куни сув ва озуқа берилади. Озуқа ва тоза ичимлик суви уя ёнига қўйилади. Куркларни дон ва дон чиқиндилари билан боқиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ғозлар озиқланиши ва айланиши учун тахминан 20 дақиқа вақт кетади. Айланиш вақтида чўмилиши учун ҳам шароит яратиб бериш керак. Бунинг учун ҳовлида тоғорага ёки бошқа идишга сув қўйилади. Агар курк ғоз ўз вақтида жойига қайтмаса, у ҳайдаб киргизилади ва тухумларга ўтқазиб қўйилади. Айрим ҳолларда курк ғоз бир неча кун ўрнидан турмайди. Бундай ҳолларда уни аста кўтариб, ем ва сувнинг олдига олиб келиш керак. Бу вақтда уя кўздан кечирилади, синган тухумлар бўлса олиб ташланади, гўнгдан ва ифлослардан тозаланади, янги, тоза ва қуруқ сомон тўшалади.

Агар курк ғоз тухумда уч ҳафта ўтиргандан кейин тухумини чақиб, ичидаги эмбрионни чўқиб еб, тухумнинг сувини ичиб қўйса, бунга рацион таркибида келиб чиқиши ҳайвонларга оид озуқалар етарли бўлмаганлиги сабаб бўлади. Шунинг учун тухумда ўтирган курк ғоз рационига творог, сут ва бошқалар келиб чиқиши ҳайвонларга оид бўлган озуқалар қўшилади.

Инкубацион тухумнинг ривожланишини кузатиб бориш. Инкубациянинг 11-куни тухум овоскопда ёки қуёшнинг нурида юқорида таъкидлаб ўтилганидек кузатилади. Кузатув вақтида уруғланмаган ёки муртаги нобуд бўлган тухум аниқланиши мумкин. Уруғланмаган тухумнинг ичи бир текис ёруғ бўлади, уруғланган тухумда бутун тухум бўйлаб чўзилиб турган ипсимон қон тизими ва қора доғча катталигида кўзга ўхшаб кўриниб турган муртакни кузатамиз. Муртаги нобуд бўлган тухумда муртакни ўраб олган қон ҳалқасини кўриш мумкин. Бундай тухумлар уядан олиб ташланади. Уядан яна тухум – тумаклар ҳам олиб ташланади.

Инкубациянинг 27 куни иккинчи кузатув ўтказилади. Бу вақтда ғознинг тумшуғига ўхшаган (букри) ҳаракатдаги соя кўринади. Муртаги нобуд бўлган тухумда қон томирлар тизимисиз бир текис қора масса (қуйқа) кўринади. Айрим ҳолларда бундай тухумлар товланади. Бундай тухумлар ҳам уядан олиб ташланади. Ғозлар тухумидан 28–30 кунда жўжаси очиб чиқади. Оғир вазнли зотларда 1–2 кунга кечроқ чиқиши мумкин.

Ғоз жўжасининг очиб чиқиши. Курк ғоз тухумда ўтирган вақтда тухумнинг ичидаги жўжа билан алоқа ўрнатилади. Ғоз жўжаси тухумни очиб чиқишдан икки кун олдин, агар тухум совиб кетса ёки намлиги пасайиб кетса, унинг очиб чиқиши қийинлашгани туфайли чийиллаган товуш чиқаради. Курк ғоз товушни эшитиб, дарров тухумларни иситиш учун ағдара бошлайди. Тухумнинг қобиғи исиб ёки намлиги жойига келганда, ичидаги жўжа “го-го-го” деб товуш чиқаради. Уларни эшитиб курк ғоз ҳам шундай товуш чиқаради. Очиб чиқишидан бир кун олдин тухум қулоққа қўйилса, жўжанинг тумшуғи билан тухум қобиғини ураётган товушини эшитиш мумкин.

Жўжалар тухумдан очиб чиқиш вақтида курк ғозлар безовта бўлишади, бу даврда уларни уядан олиб бўлмайди. Очиб чиққан жўжаларнинг усти тўлиқ қуримагунча ва киндиклари тортилмагунча уларга тегиб бўлмайди. Қуриган ғоз жўжалари киндигини жароҳатламаслиги учун тагига сомон ёки латта солинган қутиларга жойланади ва бошқа иссиқ хонага олиб чиқилади. Шу билан бирга тухум қобиқлари ҳам олиб ташлайдилар.

Жўжа чиқиши тугагунича хона ҳарорати 26–28оС да ушланади. Агар айрим тухумлардан жўжа чиқиши қийинлашса ва чийиллаган хавотирли товуш чиқса, қобиқ ости пардаси қуриб, ёпишиб қолган бўлса ёки жўжа тухумнинг учли томонидан ёриб чиққан бўлса, бундай жўжаларга ёрдам бериш керак бўлади.

Бунинг учун эҳтиёткорлик билан тухум қобиғини майда парчаларга бўлиб ажратиб олинади, агар шунда қон кўринса ёрдам бериш дарҳол тўхтатилади. Ғоз жўжалари тўлиқ тухумдан очиб чиққандан кейин она ғознинг олдига қўйиб юборилади. Агар бир вақтнинг ўзида 2–3 курк ғозлар жўжа очиб чиққан бўлса, унда ҳамма жўжаларни бир қилиб, бир она ғозга қўшиб қўйиш мумкин.

Сунъий инкубация

Ғоз тухумлари бошқа паррандалар тухумларидан ўзининг катталиги, қобиғининг қалинлиги, тузилиши, кимёвий таркиби ва инкубация вақтининг узунлиги билан ажралиб туради. Шунинг учун ғоз тухумининг инкубацияси ўз хусусиятларига эга. Энг муҳими, бошида ва охирида фарқли режим талаб этилади.

Инкубациянинг биринчи кунлари тухумни тез (2–3 соатда) ва яхши иситиш керак. Охирги кунлари, жўжа очиб чиқишидан олдин физиологик иссиқликни ўз вақтида ва доимо ташқарига чиқариб туриш зарур. Сувда сузувчи паррандалар учун инкубация вақтида қўшимча совутиш ва ҳавони намлаб туриш тизими керак.

Ғоз эмбрионларининг ривожланиши учун керак бўлади ҳаво ҳарорати ва нисбий намлик камеранинг шамоллатилиши ва ҳаво ҳаракатининг тезлигига боғлиқ. Ғоз жўжасининг тўлиқ ривожланиши учун 19247 мл кислород талаб этилади ва 14019 мл углекислота ажралиб чиқади. Бу товуқ муртагининг ривожланиши учун керак бўлган кўрсаткичдан уч баробар ва ўрдакникидан икки баробар кўпдир.

Инкубатор параметрлари. Ғоз тухумларини “Универсал” инкубаторларида инкубация режими турли схемада ҳар хил қўйилади (1- ва 2-жадваллар).

Қуйидаги схемада тухумлар инкубаторларга қўйилганда инкубация параметрлари қуйидагилар бўлади: бир партия тухум ўртача шкафда 1-кундан 9-кунгача, 10-куни охирги шкафга ўтказилади, лотокда 52 донадан тухум қўйилади (“Универсал” инкубаторида).

1-жадвал

Номи

Кун

Қуруқ термометр кўрсаткичи, оС

Нам термометр кўрсаткичи, оС

Вентиляция қопқоғини очиқлиги, мм

Инкубация шкафи

1–9

37,8–38

30–31

15

Инкубация шкафи

10–28

37,5

28

15

Очириб чиқариш шкафи

37,2

29 (чиқиш олдидан, чўқиш вақти)

32 (очиб чиқишда)

20

Қуйидаги схемада тухумлар инкубаторларга қўйилганда инкубация параметрлари қуйидагича бўлади: бир партияда бир вақтнинг ўзида шкаф хажмига нисбатан 75 – 100% тухумни қўйиш (“Универсал” инкубатори).

2-жадвал

Номи

Кун

Қуруқ термометр кўрсаткичи, оС

Нам термометр кўрсаткичи, оС

Вентиляция қопқоғини очиқлиги, мм

Инкубация шкафи

1–15

37,8

29

15

Инкубация шкафи

16 –28

37,4

27,5

15

Очириб чиқариш шкафи

37,2

29 (чиқиш олдидан, чўқиш вақти)

32 (очиб чиқишда)

20

Ғоз жўжаларининг наслини баҳолаш. Ғоз жўжаларининг касал ва яроқсизларидан ташқари ҳаммаси боқишга қўйилади. Кучсиз, киндиги битмаган, кам ҳаракат, оёқлари икки томонга тарвақайлаган ва бошқа камчиликлари бор ғоз жўжалари алоҳида ушланади. Оёқлари тарвақайлаб кетган ғоз жўжаларининг оёқлари бирлаштирилиб, бинт билан бойлаб қўйилади, 2–3 кундан кейин суяклари қотганда бинт олиб ташланади.

  П.Рахматуллаев, Х.Нормухамедов

Дўстларингизга ҳам улашинг!