Гўштга семиртириш

“Япон” беданаларининг ортиқча хўрозлари ва тухум беришга яроқсиз макиёнлари алоҳида ажратиб, сўйишдан олдин гўштга боқишга қўйилади.

Гўштга боқишда нар ва макиёнлар бир-бирларидан алоҳида сақланади. Парранда яхши иситиладиган, паст ёруғликда, хона ҳарорати 20–24оС бўлган жойда боқилади. Хона ёруғлиги кам бўлса беданалар кам ҳаракат қилади, кам энергия сарф қилади ва вазни тез ошади. Ёруғ кун вақти 10–12 соатгача камайтирилади.

Беданалар кунига 3–4 марта озиқлантирилади. Бир ой мобайнида беданалар гўштга боқилади. Улар ҳар куни 3–4 маҳал озиқлантирилади. Паррандага ҳар хил донлардан таркиб топган омухта ем берилади. Бу даврда беданаларга тариқ ва макка дони бериш тавсия этилади.

Бройлерларга мўлжалланган омухта емга 30 дақиқа сувда қайнатилган нўхатни емига қўшиб бериш мақсадга мувофиқ бўлади. Озуқанинг калориясини ошириш учун таркибига 5 фоиз озуқа ёғи қўшилади.

Гўштга боқиш тартибига аста-секинлик билан ўтказилади. Бедана гўштига яхши кўриниш бериш учун қирғичдан ўтказилган сабзи ҳам берилади.

Бу даврда бедана гўштига ёқимсиз маза ва ҳид бериши сабабли пиширилган балиқ, балиқ уни, балиқ ёғи, кўк пиёз ва саримсоқ пиёзлар бериш тавсия этилмайди. Сўйишдан олдин бедананинг ичимлик сувига озгина миқдорда туз қўшиб берилади.

Беданани сўйиш

Тухум ва гўшт йўналишидаги беданаларни одатда гўшт учун сўйиш ҳам мумкин. Беданаларни эрталаб озуқа беришдан олдин, жиғилдони бўш вақтида сўйиш тавсия этилади. Беданаларни катта қайчи ёки ток қайчи ёрдамида сўйиш қулайдир. Сўйилган парранда бир неча дақиқага қони яхшилаб оқиб кетиши учун оёғидан осиб қўйилади. Кейин қайчи билан аста терига жароҳат бермасдан қанотлари кесилади ва патлари юлиб ташланади. Патлар ўсиб чиққан йўналиши бўйича юлинади, акс ҳолда териси йиртилиб кетиши мумкин.

Одатда, бедана патлари енгил юлинади, айрим ҳолларда патларни юлиш енгил бўлиши учун қайнаб турган сувга 10 сонияга солиб олиб, кейин юлинади. Бундан ташқари яна эритилган парафинга ҳам солиб, совугандан кейин жуда осонлик билан пати юлиб ташланади, асосийси, сифатли юлинади. Бедана таначасидан патларини тозалаш учун хўжаликларда махсус ярим автомат машина қўлланилади.

Бедана таначаси патлардан тозалангандан кейин чала қолган майда патларини куйдириш учун енгил оловга айлантириб олинади. Сўнг оёқчалари кесиб ташланади, олд қисмидан узунасига кесилади ва ичак-чавоқлари клоакасининг тери атрофи билан кесиб олинади. Кейин бедана таначаси совуқ сувда ювиб олинади.

Агар сувда кўпроқ туриб қолса гўштнинг таъм сифати пасаяди. Ишлатиш ёки музлатиш учун тайёр бўлган гўштни 0–4оС ҳароратда ва нисбий намлиги 80% бўлган жойда уч кунгача сақлаш мумкин. Музлатиш учун енгил шамоллатилган (қуритилган) ва устида сув томчилари бўлмаган гўшт таначалари қўлланилади. Музланган бедана таначалари уй ҳароратида ёки микротўлқинли мосламада эритилади.

Манба: agro.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!