Ҳозирча парранда, кейин қуён ва асалари

1

Паррандачилик маҳсулотларига йил сайин аҳолининг талаби ошиб бормоқда. Аслида ҳам бу йўналиш ҳам тухум ҳам гўшт етказиб бериши билан аҳамиятлидир.

Хўш, бу соҳани янада ривожлантириш учун нима қилмоқ керак? Бунинг учун тутзорлардан самарали фойдаланишни ният қилган “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси янги лойиҳани амалиётга жорий этмоқда. Мақсадни тўлиқ амалга ошириш учун эса Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси билан ҳамкорликда Ўзбек-Венгр бизнес форуми ташкил этди.

Бу эса ипакчилик билан бир вақтда тутзорларда паррандачиликни ривожлантириш, парранда маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва экспортини таъминлашга хизмат қилади.

Қайд этиш жоизки, бугунги кунда уюшма тизимида 43 минг гектардан кўпроқ тут плантациялари мавжуд ва яна 6 минг 400 гектарда янгилари барпо этилмоқда. Бу эса тутзорлар орасида паррандачиликни ривожлантириш ва улар учун озуқа етиштириш имконини беради. Шу боис паррандачилик йўналишидаги корхоналар билан ҳамкорликни ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда. Келгусида тутзорлар орасида қуёнчилик, асаларичилик ва қўйчиликни ривожлантириш ҳам мўлжалланмоқда.

— Биз Ўзбекистон билан доимий ҳамкорлик қилишга тайёрмиз,-дейди Венгрия элчисининг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Янош Ваник. –Бугунги кунда аҳолининг парранда маҳсулотларига бўлган талаби йил сайин ошиб бормоқда. Бу эса жўжаларни хавфсиз озиқ-овқат билан парваришлаш ва сифатли гўшт маҳсулоти етказиб беришни талаб этади. Бизнинг мамлакатимизда парранда учун сифатли озуқа ва қўшимчалар ишлаб чиқарувчи корхоналар жуда кўп.

Форум доирасида Венгриянинг паррандачилик йўналишдаги йирик компаниялари -«Babolna Tetra», «MasterGood» ва «Agro Feed» маҳсулотлари тақдимотини ўтказди.

 

Сайёра Шоева, ЎзА
Дўстларингизга ҳам улашинг!