Паррандаларда жиғилдон тиқилиш қасаллиги

Синонимлари: қаттиқ жиғилдон, жиғилдон атонияси, жиғилдоннинг кенгайиши – жиғилдоннинг озиқа массаси билан тўлиб қолиши, унинг тонусининг йўқолиши, тўлиқ ёки қисман тиқилиши билан тавсифланади. Кўпинча товуқлар, куркалар, тустовуқлар, каптарлар ва катта ёшдаги жўжалар касалланади.

Белгилари. Кўпинча сурункали кечади. Ҳолсизланиш, бефарқлик, иштаҳанинг пасайиши, жиғилдоннинг қаттиқ ёки хамирсимон консистенцияда бўлиши, катталашиши ва осилиб туриши, баъзан деворининг атрофияга учраган жойидан донларнинг тўкилиши, кескин ориқлаш, анемия ва тухум беришнинг тўхташи, жиғилдоннинг катталашиши кузатилади. Асфиксия оқибатида ўлим қайд этилиши мумкин.

Даволаш. Этиологик омиллар йўқотилади, жиғилдон ювилади, 20 – 30 мл кунгабоқар ёки вазелин ёғи ичирилиб, кейин оғизга йўналтирилган ҳолда массаж қилинади. Жиғилдон массаси дағал озиқалардан иборат бўлса, жарроҳлик йўли билан олиб ташланади ва парранда 2-3 кун давомида парҳезда сақланади.

Профилактикаси. Озиқлантириш қоидаларига риоя қилиш, озиқаларни паррандаларнинг ёшига қараб танлаш, узоқ муддат оч қолдириб, бирданига кўп миқдорда озиқа бермаслик, сув билан етарли даражада таъминлаш, витамин ва минерал моддалар етишмовчиликларининг олдини олиш лозим.

Манба: «ПAРРAНДAЛAРНИНГ ЮҚУМСИЗ  КАСАЛЛИКЛАРИ» Муаллиф: СамҚXИ ҳайвонлар касалликлари ва паразитология кафедрасининг доценти Эшбўриев Б.М.