Жўжаларни парваришлаш

Жўжаларни паррандахоналарга ўтказишдан олдин, уларнинг соғлом ва тетик ҳолатда эканлигига амин бўлишимиз лозим. Жўжаларни келтиришдан олдин паррандахоналар ѐз мавсумида 24 соат, қиш мавсумида 48 соат иситишга қўйилади.
Паррандахона бўйича ем ва сувнинг тақсимланиши: жўжаларни жойлаштириш вақтида сувнинг ҳарорати хона ҳароратидай бўлиши учун жўжаларни келтиришдан маълум вақт олдин сувдонларда жўжахонага бир маромда қўйилади, жўжалар жойлаштирилгандан сўнг омухта емлар (бошланғич) тарқатилади. Катакларда боқиладиган жўжалар учун катакларни тайѐрлаган заводнинг йўриқномасига асосан катакларнинг поли ва сим тўрлари созланади.
Жўжаларни жойлаштириш олдидан қафасларнинг пастки қисмига 20х30 см ўлчамидаги беш варақ қоғоз устма – уст қилиб тўшалади. Инкубатордан чиқарилган жўжалар 6 соат 5 ичида қафасларга қуйидаги зичлик меъѐрларига қатъий амал қилган ҳолда жойлаштирилади: 1 – 3 ҳафталик ѐшдагилар 350 см2/бош, 3 – 16 ҳафталик ѐшдагилар 450 см2/бош, 16 ҳафта ва ундан катта ѐшдагилар 500 см2/бош.
Жойлаштириш зичлиги меъѐрларга амал қилингандагина, жўжаларнинг озиқланиши ва сув ичишига етарли шароит яратилган бўлади. Жойлаштириш зичлиги оширилганида паррандалар маҳсулдорлиги пасаяди, камайтирилганда эса ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самараси тушиб кетади.

Сувдон ҳамда емдонларнинг атрофига тез ва чаққонлик билан жўжалар жойлаштирилади. Катакларга жойлаштиришда хонани охиридан бошлаб ҳамма катакларга бош сони бир хил миқдорда тақсимланади. Жўжалар паррандахонага жойлаштириб бўлингач, бир неча соат ўтгандан сўнг уларнинг янги жойга мослашиб олганлиги кўздан кечириб чиқилади.
Жўжаларнинг шу вақтдаги ҳолати асосий кўрсаткич ҳисобланади. Жўжалар бир текис тарқалган ва бемалол ҳаракат қилаѐтган бўлса, демак, хона ҳарорати ва хонани шамоллатиш (вентиляция) меъѐрда бўлади.
Жўжалар бир жойга тўпланишиб, ғужанак бўлиб туришган ѐки хонанинг бир жойидан ўзларини олиб қочишаѐтган бўлса, демак, хона ҳарорати паст ѐки елвизак пайдо бўлган бўлади.
Жўжалар полда чўзилиб ѐтиб, тумшуғини очиб харсиллаб нафас олаѐтган бўлса, демак, хона ҳарорати жуда исиб кетган бўлади.
Жўжаларни ўстиришнинг дастлабки кунларида барча кирувчи ва чиқувчи шамоллатиш мосламалари (дарчалари) беркитилади, шамоллатгичлар ишлатилмайди. Бино ичи ҳарорати ва ҳавоси сифатига қараб шамоллатгичлар аста –секин ишлатила бошлайди, бунда бино ҳарорати ўта совиб кетмаслиги, елвизак бўлмаслиги талаб этилади. Жўжаларга берилаѐтган озуқа ва сув ҳарорати бино ичи ҳавоси ҳарорати даражасида бўлиши керак.
Мабодо жўжаларнинг сув ичмаѐтганлиги кузатилса, унда қафаснинг ҳар бир бўлмасидан 2 – 3 бошдан жўжа олиб, вакуум суғоргичдаги сувга тумшуғи ботирилгач, дарҳол сув ичишни бошлашади, қолганлари эса уларга тақлид қилишади. Жўжалар биринчи бор суғорилганидан сўнг, ерга тўшалган қоғоз устига кўпи билан 1 см қалинликда озуқа сепилади. Тўшалган қоғоз ҳар куни бир варақдан камайтирилиб борилади.
Ўстиришнинг дастлабки кунларида авто суғоргичнинг лиқ тўла бўлишини таъминлаш лозим. Жўжалар суғоргичларга ўрганганларидан кейин ундаги сув сатҳи камайтирилади. Суғоргичлар доимо тоза бўлиши керак.

Жўжаларга берилган совуқ сув ошқозон – ичак йўлида туриб қолади, чунки сув иссиқлиги организмни ҳарорати даражасига кўтарилмагунча модда алмашиш жараѐнларида иштирок эта олмайди. Бу сувнинг исиши учун жўжа организми ўз иссиқлик балансидан қўшимча иссиқлик ажратишга мажбур бўлади. Бу эса жўжалар вазнининг ортишига халақит бериб, шамоллашга олиб келади.

Ҳаѐтининг биринчи кунлариданоқ жўжаларни муҳитнинг ноқулай шароитлари (стресс омиллари) таъсиридан асраш лозим, чунки бу уларнинг ўсишини секинлаштиради, организм чидамлигини пасайтиради. Қафасли батареянинг барча қисмларида бир хил микроиқлим(микроклимат) яратишнинг иложи бўлмаган тақдирда бир кунлик жўжаларни қафаснинг ўрта ва юқори қаватларига, 3 ҳафталик бўлганидан кейин эса барча қаватлар бўйича текис жойлаштирилади. Олти ҳафталигидан тирик вазни бўйича улар қайта жойлаштирилади, яъни ўртадан паст вазнли жўжалар пастки қаватга, ўрта вазнлилари ўрта қаватга, ўртадан юқори вазнлилари юқориги қаватга жойлаштирилади.
Дастлабки 2 ҳафта давомида жўжаларга қуруқ озуқа кунига 6 марта, 2 – 8 ҳафталигида 4 марта, 8 ҳафталигидан то ўсиш даврининг охиригача 3 мартадан берилади. Жўжаларга қанчалик эрта сув ва озуқа берилса, қолдиқ тухум сариғи ўшанчалик тез сўрилади, жўжаларнинг омон сақланиш миқдори ошади, ўсиши ва ривожланиши яхшиланади, фойдаланишга яроқли жўжалар салмоғи кўпаяди.
Жўжаларнинг соғлом ўсиши ва ривожланишини назорат қилиш мақсадида уларнинг вазни вақти – вақти билан тарозиларда 5 гр.гача аниқликда ўлчаб турилади, уларни пат ўсиши, ѐши бўйича туллаш даражаси, умумий ҳолати бўйича 8 баҳоланади. 6, 10 ва 14 ҳафталигида вазн ўлчами натижаларига қараб жўжалар галасининг бир текис ўсганлиги аниқланади. Бир хил йирикликда бўлган жўжаларни асраш осонлиги, маҳсулдорлиги анча юқори бўлишлиги, пўстлоғи мустахкам бўлган тухум бериш хислатига эга бўлишлигини унитмаслик керак.
Галадаги жўжалар гавдаси бирдек текис бўлмаслиги, яъни ҳар хил йирикликда бўлиши, уларнинг дастлабки кунларида бино ичи ҳароратининг ўта юқори ѐки ўта паст бўлиши, тумшуғининг чала қирқилиши, ҳар хил ѐшли паррандаларнинг бир жойда сақланиши, озуқа тарқатишнинг ноқулай тизими, қафасларда турли ѐшдаги  парррандаларни бир жойда сақланиши, озуқа тарқатишнинг ноқулай тизими, қафасларда бир хил зичликни мавжуд эмаслиги, касаликка чалиниш, тўлиқ озиқланмаслик ва бошқалар сабаб бўлиши мумкин. Жўжаларнинг озуқа ва сув истеъмоли, ахлатининг кўриниши ҳар куни ҳисобга олинади. Меъѐрлардан кескин фарқ қилиш жўжаларни ўстириш шароитларининг бузилганлиги ѐки касалликка чалинганлигидан дарак беради.

Тухум йўналишидаги жўжаларни боқишда ерда боқишга нисбатан қафасларда боқиш кўп афзалликларни беради. Бунинг учун ѐш жўжалар учун бир ярусли Р-15 ва уч ярусли БКМ-3 катак ускуналарини қўллаш мақсадга мувофиқ бўлади.

Атроф муҳит, ташқи шароит парранданинг соғлиги ва маҳсулдорлигига ўз таъсирини кўрсатади. Бинодаги ҳарорат, ҳаво намлиги ва унинг таркибидаги зарарли газлар асосий омиллардан ҳисобланади. Парранданинг ѐшидан келиб чиқиб оптимал хона ҳароратини аниқлаш мумкин.

Парранданинг ҳолати хона ҳароратининг энг яхши оптимал кўрсаткичи ҳисобланади. Хона ҳароратининг тез пасайиб кетишидан эҳтиѐт бўлиб, аста-секинлик билан хона ҳарорати пасайтириб борилади.
Шуни таъкидлаш лозимки, ҳаво ҳарорати +30оС дан паст бўлса, қолдиқ тухум сариғи секин сурилиши, юқумли касалликлардан жўжа ўлими ошиши аниқланган. Шу сабабли жўжаларга инкубаторда ишлов бериш, ташиш ва жўжахонага жойлаштириш пайтларида ҳарорат тушиб кетишига йўл қўймаслик лозим.
Тунда ҳаракатланмаганлигидан жўжаларга кундузга нисбатан кечаси кўпроқ иссиқлик керак бўлади. Жўжахона совуқ бўлганда, жўжаларнинг патлари ҳурпайган, нам бўлади, эрталаб чарчагандек кам ҳаракат қилади, озуқани суст чўқийди ва иссиқ жойга ўтишга ошиқади.
Хонада нисбий намлик 60-70% ни ташкил этиши лозим.
Бир кунлик жўжалар паррандахонага келтирилгандан кейин биринчи 2—3 кунликда ѐруғлик 24 соат давомида берилади. Бу жўжаларнинг янги муҳитга мослашишига, ўз кучини тиклаб олишига ва керакли миқдорда озуқа ҳамда сув истеъмол қилишига имкон беради.
Қуйидагилар тухум йўналишидаги паррандаларга ѐруғлик беришнинг асосий қоидалари ҳисобланади:
— паррандаларни ўсиш даврида ҳеч қачон ѐруғлик даврини узайтирмаслик;
— паррандаларнинг маҳсулот (тухум) бериш даврида ҳеч қачон ѐруғлик даврини қисқартирмаслик.
Паррандахонага ѐруғлик ва қоронғиликни алмашлаб бериш тартибига амал қилиш муҳим аҳамият касб этади. Жўжаларни 3 кундан бошлаб 10 кунгача ѐруғ-қоронғи тартиби бўйича боқилади, яъни жўжахона 4 соат ѐруғлик ва 2 соат қоронғилик қилиб борилади. Кейин доимий, лекин аста-секин камайтириб бориладиган ѐруғлик тартибига ўтилади.

Ушбу тартибни қўллаш тухум йўналишидаги жўжаларни боқишда қуйидаги афзалликларни беради:
— жўжалар бир вақтнинг ўзида биргаликда дам олади ва ухлайди, уларнинг ҳаракатлари (ўзини тутиши) уйғунлашади;
— сув ичиш ва озуқа истеъмол қилишда кам қувват жўжалар ҳам фаоллашади;
— жўжа галаларининг ҳаракати мувозанатлашади;
— бир ҳафталик жўжалар ичида ўлим ҳолатлари камаяди.