Ёш жўжаларнинг диспепсия касаллиги ва даволаш йўллари

Ёш жўжалар диспепсияси (Dispepsia) – Ошқозон ва ичакларнинг мотор, секретор, ҳазмлаш ва сўрилиш функцияларининг бузилиши билан тавсифланади. Ҳамма турдаги ёш паррандалар, кўпроқ 1 ойликкача бўлган товуқ ва куркаларнинг жўжалари касалланади.

Сабаблари. Жўжаларни жуда ёшлигидан дағал, қийин ҳазмланувчи озиқалардан иборат рационда боқиш, бузилган, ачиган ва моғорлаган озиқалар ва сифатсиз, туриб қолган сув берилиши, узоқ вақт оч қолдириб кейин озиқлантириш. Иккиламчи омиллар инкубация технологиясининг бузилиши, тухум сифатининг пастлиги ва таркибида ретинол, каротиноидлар ва В гуруҳи витаминларининг меъёрдан кам бўлиши, ҳарорат режимининг бузилиши ҳисобланади.

Ривожланиши. Этиологик омиллар таъсирида ошқозон ва ичакларнинг моторикаси, секретор функцияси ва озиқавий моддаларнинг сўрилиши издан чиқади. Секретор безлар ажратган шира озиқаларни ҳазмлай олмайди. Ошқозон ширасининг кислоталиги жуда паст, таркибидаги пепсин миқдори меъёрдан кам бўлади. Ичаклар ширасида трипсин, амилазалар, липазалар етишмайди, жигарда ўт суюқлиги ишлаб чиқариkbши камаяди. Оқибатда ҳазм каналида ярим ҳазмланган, токсик моддалар тўпланиб қолади, чиритувчи микрофлоралар ривожланади. Интоксикация ва токсик диспепсия ривожланади.

Белгилари. Ҳолсизланиш, бефарқлик, иштаҳанинг пасайиши ёки йўқолиши кузатилади. Касалланган жўжаларнинг кўзи ёпилган, бўйни чўзилган ҳолатда бўлади. Ич кетиши касалликнинг патогномоник белгиларидан бири ҳисобланиб, тезак суюқ, сарғиш – кўкимтир, оқиш ёки жигарранг, кўпик ёки шилимшиқ модда ҳамда ҳазмланмаган озиқалар аралашган бўлади. Клоака атрофи тезак билан ифлосланади. Лаборатор ва паталогоанатомик текширишлар ёрдамида юқумли касалликлардан (пуллароз, сальмонелёз, эймериоз ва бошқалар) фарқланади.

Даволаш. Ҳамма жўжаларга 2 – 3 кун давомида кучсиз дезинфекцияловчи воситалар сифатида 0,1 %ли калий перманганат, 0,01 %ли формалин, 0,02 %ли ичимлик содаси, 0,2 %ли темир сульфат каби эритмалар берилади. Ромашка, зверобой, тимин, дуб илдизи настойкалари яхши самара беради. Антибиотиклар, сульфаниламидлар ва нитрофуранлар қўлланилади. Антибиотиклар озиқа билан 1 бошга 5 – 10 мг ҳисобида, сульфаниламидлар 1000 бошга 10 – 40 грамм, фуразолидон 1 бош жўжага ўртача 2 – 5 мг миқдорида берилади.

Профилактикаси. Она паррандалар гуруҳи ва ёш жўжаларни озиқлантириш технологиясига асосий эътибор қаратилади. Ёш жўжалар махсус тайёрланган омихта ем билан бир кунда 5 – 6 марта озиқлантирилади. Рационга енгил ҳазмланувчи озиқалар (пшено, оқланган арпа, чакки, қатиқ, ацидофилли сут зардоби) киритилади. Ёш жўжаларнинг ўн беш кунлигигача уларнинг рационига бўр, тухум пўчоғи, ракушка каби аралашмалар киритилмайди. Даволаш ва профилактик мақсадларда пропион – ацидофилли булионли культура, ацидофил булион культура (АБК, ПАБК) 1 бошга 1 – 2 мл, 3 – 5 кун давомида тавсия этилади.

Манба: ПAРРAНДAЛAРНИНГ ЮҚУМСИЗ  КАСАЛЛИКЛАРИ – Эшбўриев Б.М.