КАКЛИК ЗОТЛАРИ

Какликлар – гавдаси унча катта бўлмаган, товуқсимонлар оиласига мансуб бўлиб, системали равишда турли гуруҳга кирувчи паррандадир. Каклик номи билан қирғовулдошлар оиласига кирувчи парранданинг 5 тури ва яна карқургасимонлар(тетерев) оиласига мансуб парранданинг 3 тури аталади. Шундай қилиб бир хил какликлар учун қирғовул ва беданалар, бошқа бир хиллари учун эса карқурга(тетерев) ва булдуруқ(рябчик)лар яқин қариндош ҳисобланади.

Генетик хусусиятлари ҳар хил турда бўлишига қарамай ушбу икки оиладаги какликлар ташқи кўриниши бир – бирига жуда ўхшаш. Уларни унча катта бўлмаган тирик вазни ва ихчам гавда бичими бирлаштиради. Барча какликлар тирик вазни ўртача 330 гр.дан 900 гр.гача оғирликда бўлади. Мана шу қушлар учун узун думлар, кокил, тож, сирғалар хос эмас, фақат эркак тоғ каклик(каменная куропатка)лар оёқларида пихи мавжудлиги билан ажралиб туради. Бўйни, қаноти ва оёқлари(панжалари) ўртача узунликда, лекин оёқлари баланд ўтлар устида харакатланаётганлиги сабабли калтага ўхшаб кўринади. Думи ҳам калта ва тўмтоқ кесилган. Патлари силлиқ бўлади, шу билан бирга жанубий худудларда яшовчи какликларнинг оёқлари патсиз, аммо қутб олдида яшовчи какликлар оёқлари панжаларининг учигача патлар билан қопланган бўлади. Бу уларни нафақат совуқдан сақлайди, балки оёқларини таянч майдонини кенгайтириш ҳисобига қорда эркин ҳаракатланиш ва ҳаттоки қалин қорда чўкмасдан бемалол югуриш имконини беради. Қушлар ранги кўпинча чипор ва йўл – йўл бўлишига мойилдир. Какликларнинг жанубий турларида (чил, тоғ, дашт, соқолли, тибет турлари) ранглари кулранг ва кирчил сариқ тусда бўлиши кўпинча кузатилади, ушбу турлари йилнинг барча мавсумларида ҳам бир хил рангда бўлади.

Какликнинг шимолий турларида(оқ, тундра, оқ думли турлари) ёзги ва қишги патлари бир – биридан катта фарқ қилади. Йилнинг совуқ даврларида парранда деярли бутунлай оқ рангда бўлади, аммо ёзги либоси карқурга ёки булдуруқлар типидаги қизғиш – қўнғир рангда бўлади. Уларнинг яна бир ўзига хос карқургага яқин қилувчи фарқи, бу эркагининг жуфтлашишиш мавсумидаги ёрқин қизил рангдаги қоши ҳисобланади. Какликларнинг қирғовулдошлар оиласига мансуб турларида хеч қачон бундай безаги бўлмайди.

Какликлар ернинг фақат Шимолий ярим шарида истиқомат қилишади, яна шуни таъкидлаш керакки уларнинг ареали(қушларнинг бирор тури тарқалган жойлар) икки бир – биридан алоҳида ажралиб қолган ўзаро боғланмаган худудга бўлинган. Шимолий турлари бепоён тундра кенгликларида: Осиё, Шимолий Америка, Европа ва бир қатор шимолий оролларда (Гренландия, Янги ер, Шпицберген ва бошқалар) яшайди. Жанубий турлари шарқдан – Монголия ва Тибетдан тортиб, ғарбдан – то Кавказ, кичик Осиё ва Жанубий Европа худудларигача тарқалган. Бирдан – бир уларни боғлаб турувчи нарса, на униси ва на буниси ўрмон майдонларида учрамайди. Барча какликлар фақат очиқ майдон кенгликларида: тундра, ўрмон – дашт, дашт, чўлу – биёбон ва ярим чўлларда, баланд тоғлардаги ўтлоқларда ва тоғли тошлоқларда учрайди.

Умуман бу қушлар ўтроқ, доим бир жойда яшовчи ҳаёт кечиришади, лекин оқ ва тундра каклиги қиш қаттиқ келганда жанубга – ўрмон – тундра (ўрмон билан тундра оралиғидаги ерлар) ва тайга (игна баргли қалин ўрмон) атрофларига кўчиб ўтади, чил каклик эса Сибирдан Қозоғистон худудларига учиб ўтишади. Қушлар уялаш даврида жуфт – жуфт бўлиб учрайди, кузда 10 – 15 нафар бўлиб гала ҳосил қилади, ушбу гала бутун қишни бирга ўтказади ва баҳорда тарқалиб кетади. Какликнинг шимолий турлари қишда ҳам бирга тўпланишмайди ва кўпинча алоҳида учрайди. Какликнинг овози баланд ва 1 – 1,5 км масофадан эшитилади, улар томондан чиқарилаётган товуш узуқ – юлуқ, масалан тоғ каклиги «кек-кек-кек» деб овоз чиқаради ва шу сабабли “каклик” деб ном олган. Бу қушлар фақат кундузи фаол хаёт кечиради ва ўзларини эҳтиёткор тутади. Озуқа қидириб туриб ҳам теварак атрофни доимо кўздан кечириб туради, тош ёки тепалик устига чиқиб, бўйнини чўзиб қотиб туради. Ҳавф туғилган пайт патларининг ҳимовий рангидан фойдаланиб ўтлар ичига яширинади. Какликлар тез учишига қарамай умуман учишни хуш кўришмайди. Улар жуда тез югуради, шунинг учун тезкор ва чопқир оёқларига таянади.

Какликлар ўсимликлар билан озиқланади, бегона(ёввойи) ўтлар уруғлари, бошоқли ўтлар донлари, реза мевалар, куртаклар, ингичка илдизлар, ёш баргчалар, баъзида ҳашоратлар билан ҳам озиқланади. Аксарият товуқсимонларга ўхшаб озуқани ердан қидиради ва тундрада яшовчи турлари баъзан буталар ва баланд бўлмаган дарахт шохларига куртакларни қидириб учиб чиқади. Какликларга айниқса қишда озуқа топиш қийин бўлади, улар қорни қазиб очади ва кузги экинларни, қишловдаги куртакларни ва музлаган куртакларни чимдилаб ейди. Кўпинча очликдан озиб–тўзиб кетиши оқибатида нобуд бўлади.

Какликлар бир йилда бир марта кўпаяди, шунга қарамай улар жуда серпуштдир. Жуфтлашиш даври эрта бошланади, март – апрель ойларида “ток – ток”лаётган эркак какликни кўриш мумкин. Шу вақтда бирор бир ўт билан қопланган дўнгликка чиқиб олиб урғочисини чақиришни бошлайди. Какликлар моногам парранда, шунинг учун ҳар бир эркаги фақат битта урғочиси билан жуфтлашади. Шу билан бирга эркаги бутун бир уялаш даври ва авлодини боқишда қатнашади. Бу товуқсимонлар орасида кам учрайдиган холат.

Каклик ўз уясини ўтлар орасида, буталар тагида, ўт билан қопланган дўнгликларда ва қоя ёриқларида қуради, уясини ўтлар ва патлар билан ясайди. Тухум қўйиш 9 – 15 донага етганда қуш босиб ётишни бошлайди, айрим ҳолларда уларнинг сони 25 донагача ҳам етиши мумкин. Тухумлар оч жигар ранг(зайтун ранг), тупроқ(лой) ранг, охра(сарғиш қизил) рангда бўлиб, усти майда холчалар билан қопланган. Тоғ каклиги тухумининг бир томони ниҳоят даражада ингичкалашган бўлади. Инкубация вақти 24 – 25 кун давом этади. Асосан урғочиси босиб ётади, эркаги айрим холларда босиб ётиши мумкин, лекин у яқин атрофда қўриқчилик қилади. Урғочи каклик тухумларни босиб ётганда ҳайрон қоларли даражада барқарорликни намоён қилади ва уясини олдига бир неча метр яқин келинса ҳам жойидан қимирламай ётади, уни қўл билан бемалол кўтариб олинган холлар ҳам кузатилган. Урғочи каклик ҳар куни бир донадан тухум қилишига қарамай тухумлар сони тўлиқ бўлгандан кейин босиб ётишни бошлайди, шунинг учун жўжалари бир неча соат ичида бирданига тухумдан чиқа бошлайди. Каклик жўжалари тўлиқ ривожланган холда тухумдан чиқади, усти пат ва парлар билан тўлиқ қопланган бўлади. Бир неча соатдан кейин уясини тарк этиб, онасини орқасидан эргашади. Мустақил равишда озиқланади, лекин исиниб олиш учун вақти вақти билан онасини қанотига яширинади. Ёмғир ва совуқ уларнинг биринчи душмани, ноқулай об – ҳавода кўпинча танаси совуб кетишидан нобуд бўлади. Лекин жуда серхаракат, жуда тез югуради, бирор ҳавф туғилганда ерга ётиб, қимирламай қотиб қолади. Жуда тез ўсади, 2 ҳафталик бўлганни ўзида вазнини уч баробарига кўпайтиради, бир йил бўлганда жинсий балоғат ёшига етади. Табиатда кўплаб душманлари бўлгани учун ва атроф мухит ноқулай факторлари туфайли умри қисқа бор йўғи 1 – 4 йил яшайди. Лекин тутқинликда бу қуш тескариси, яъни жуда узоқ ҳаёт кечиради, 20 йил яшаган холлари ҳам кузатилган.

Какликлар серпуштлиги туфайли очиқ майдондаги энг оммавий паррандалардан бири ҳисобланади, шунинг учун йиртқич ҳайвонларнинг асосий озуқаси ҳисобланади. Тундрада какликларни шимол тулкиси (песец), бойўғли, сапсан (йиртқич қуш), шумкар(кречет)лар ов қилишади, улар уясини бўрилар, оқ айиқлар вайрон қилишади. Жанубий худудларда тулкилар, сассиқкузан(хорёк), манула, ҳар турли йиртқич қушлар: бургут, лочин, калхат, бўктарги(лунь – йиртқич қушларнинг бир тури)лар учун асосий озуқалардан бири ҳисобланади. Йиртқичлардан какликнинг ранги атроф мухит билан уйғунлашганлиги ва қимирламай туриши ҳимоя қилади, чунки улар ҳавф туғилганда кўпинча қотиб қимирламай туради. Агар бу ҳам ёрдам бермаса ва душман яқин келиб қолган бўлса, дарров учиб кетади ва узоқлашади. Ерга қўниб душманни чалғитиш учун бир мунча вақт югуриб кетади. Тухум босиб ётишда какликлар умуман усталик билан найранг ишлатади. Тулки ва итлардан уясида беркиниб ётмайди, душманни чалғитиш учун уларга яқинлашиб боради ва намойишкорона жароҳат олган қушдай очиқдан очиқ қанотини судрай бошлайди. Йиртқич қушни тутиб олишга ҳаракат қилади, у эса қадамба қадам қоча бошлайди. Каклик йиртқични уяси олдидан керакли масофага четга олиб кетгандан кейин хеч нарса бўлмагандей учиб кетади. Об – ҳаво уларнинг оммалашувига қаттиқ таъсирини ўтказади: ноқулай об –ҳаво бўлган йили ушбу қушлар сийраклашиб қолади, кейин серпуштлик натижасида 1 – 2 йил ичида умумий сони яна тикланади.

Барча какликлар овланадиган ёввойи қушлар тоифасига киради. Танаси унча катта бўлмаса ҳам гўшти жуда мазали бўлгани ва оммавийлиги уларни энг севимли ов объектларидан бири бўлишига олиб келди. Дастлаб какликларни тўр ёрдамида овлашган, овчи аста секин какликка яқинлашиб келган ва кейин тўрни устига ташлаб тутган. Кейинчалик какликларни милтиқ ёрдамида ов қилишган, бундай ов учун исковуч итлар зотлари яратилган(пойнтерлар – юнги қисқа ва силлиқ бўладиган катта овчи итлар бир тури, сеттерлар, курцхаарлар). Ҳозирги вақтда какликлар турлари кам эмас, лекин уларнинг умумий сони камайиб бормоқда. Бунинг асосий сабаблари улар яшайдиган мухитни етишмаслиги, далаларга пестицидлар ёрдамида ишлов берилиши ва ҳаддан ташқари кўп ов қилинишидир. Какликларни тутқинликда декоратив ва жанговор қуш сифатида боқилади.

Манба: «Какликларни парваришлаш бўйича тавсиялар» Ўзбекистон Республикаси “PARRANDASANOAT” уюшмаси; раҳбар П.Э.Рахматуллаев; тузувчи Х.И.Нармухамедов.