Ўрдак боқиш бўйича тавсиялар

Ўрдак — серҳаракат, сув ҳавзаларида ва яйловларда озиқланувчи, гўшти юмшоқ ва мазали парранда тури. Ўрдаклар кичик гавдаси, калта оёқлари ва бўйни, ранглари ҳар хиллиги билан эркаги урғочисидан фарқланади.
Ўрдакларнинг енгил вазн зотлари 150 кунликдан, оғир вазн зотлари 175 кунликдан доимий боқиш учун қишки паррандахонага ўтказилади. Бу вақтда ўрдаклар тирик вазни ва патларининг ҳолатига қараб саралаб олинади. Галаларга бир хил ёшдаги ва бир хил вазндаги ўрдаклар олинади.
Ўрдаклар тухумга кираётганда, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш учун кунлик ёруғлик даври 13–14 соатга узайтирилади ва озуқа сифатини ошириш учун таркибидаги клетчаткани камайтириш ҳамда оқсилга бой озуқаларни кўпайтирилади. Ёш ўрдаклар яхши боқилганда 150 кунлигида урғочиларининг тирик вазни 3 кг, эркаклариники 3,5–4 кг ни ташкил этади.
Тажрибали паррандачилар ота-она галасини тузиш учун ажратиб олинган галани 400–500 метр масофага йўл бўйича ҳайдаб боришади, галадан ортда қолган ўрдаклар асосий галага бошқа қўшилмайди. Тухум қилиш даврида маҳсулдор ўрдакларнинг тумшуқ ва оёқлари ранглари хиралашади. Ва аксинча, маҳсулдорлиги паст ўрдаклар тухумга ўз заҳирасини кўп сарф қилмаганлиги учун ранги тиниқ ва рангдор бўлиб туради. Ота-она галасини тўғри ташкил этилса ҳар бир ўрдакдан 13–14 ойлик ёшигача интенсив равишда тухум олиш мумкин.

Ўрдак тухумларини йиғиб олиш
Урғочи ўрдаклар тухумини кечаси соат 2–3 ларда қўяди. Шунинг учун куннинг совуқ вақтларида тухум эрталаб 5 дан бошлаб ҳар соатда терилади. Тухум қўйиш жараёни соат 11–12 ларгача боради. Шу сабабли ўрдаклар бу вақтгача ташқарига, яъни сайр майдончасига чиқарилмайди. Териб олинган тухумлар қипиқ солинган қутиларга ёки тухум флейкаларига учлик томонини пастга қилиб тахлаб чиқилади. Тухумлар нисбий намлиги 75–80%, ҳаво ҳарорати + 8–12°С хонада сақланади.
Ўрдак тухумларини бошқа паррандалар ҳам босиб, жўжа очиб чиқиши мумкин. Ўрдак тухумларини курк бўлган товуқнинг тагига 7 тадан 11 тагача, курканинг тагига 17 тадан 19 тагача қўйиш мумкин. Курк бўлган парранда инкубацион тухумни 26 кун босиб ўтиргандан кейин ичидан жўжа чиқишни бошлайди.

Ўрдакларни гўштликка боқиш
Боқиш учун оёғида тетик турадиган, суяклари маҳкам ва яхши ривожланган, патлари яхши ўсган ўрдак жўжалари саралаб олинади. Уларнинг юмшоқ тортилган қорни, ичида озгина кўринадиган тухум сариғи, атрофидаги патлари қуруқ ва тоза бўлиши керак. Кўзлари бўртиб турган, ялтироқ, тетик, қанотлари танасига тортилган ва ёпишиб туриши керак. Кам харакат, шалпайган, қорни осилиб турган, тумшуғи чала очиқ, қанотлари осилган ўрдак жўжалари боқишга саралаб олинмайди. Ўрдак жўжаларини яхши, бир текис боқишда, уларнинг бир хил вазнда бўлиши катта аҳамиятга эга.
Ўрдаклар сув ҳавзаси ва сайр майдончаси бор жойларда боқилади. Сув ҳавзаси йўқ жойларда ўрдакларни тўхтовсиз сув билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Ўрдакларни сувли ерларда баҳор, ёз, куз мавсумлари куну тун очиқда ушлаш мумкин. Ушбу шароитда ўрдаклар кечасига қолиши учун қирғоқда тўсилган ёки тўсилмаган сайр майдонлари бўлиши керак. Қиш совуқ келмайдиган жойларда ўрдакларни йил давомида очиқ жойда усти ёпиқ бостирмаларда ушлаш мумкин. Қиш мавсумида уларнинг тагига сомонли тўшама қалин қилиб солинади.
Сайр вақтида сув ҳавзасидан фойдаланадиган ўрдакларнинг ёғ ишлаб чиқувчи безлари яхши ривожланган бўлади. Улар патларини ёғ билан мойлаб туради, натижада патлари эгилувчан, маҳкам, сувда ҳўлланмайдиган бўлади. Улар совуқ ҳавода совуб кетишдан сақлайди, иссиқ кунлари эса қизиб кетишдан сақлайди. Ўрдаклар сув ҳавзаларида боқилганда 20% га озуқа кам сарфланади. Лекин ўрдаклар стандарт вазнларига етади. Бу сув ҳавзасидаги сув ўтлари, қурбақа, қиқичбақа ва сув ҳашоратлари билан қўшимча озиқланиши натижасидир. Ўрдаклар сувнинг 1 метр тагидаги озуқаларни ҳам шўнғиб ейиши мумкин.

Ўрдакларни озиқлантириш
Ўрдаклар аралаш услубда озиқлантирилади. Рацион таркибига кўк озуқалар, илдизмевалилар, қуруқ ва намланган дон қоришмалари ва минералли қўшимчалар киради. Ўрдаклар учун асосий озуқа бу – донлилар: арпа, сулу, маккажўхори, буғдой, мош, тариқ ва бошқалар. Арпани катта ўрдакка ва ёш ўрдакка ҳам бериш мумкин. У ўрдаклар танасини қопловчи патларнинг ўсиши ва танани зич қоплашини таъминлайди. Кунлик рацион таркибидаги донларнинг 30–40 фоизини ташкил этади. Рационга патларнинг ўсишини таъминлаш ва каннибализм касаллигининг олдини олиш учун 20% гача сули дони қўшилади. Буғдой донларини катта ёшдаги ўрдаклар рационига дон қоришмаларини 35% миқдорида қўшиш мумкин.
Агар ўрдаклар сув ҳавзасида боқилса, улар ўзларига ҳамма керакли озуқа моддаларини етарли миқдорда оладилар, шунинг учун кунлик рацион таркибидаги донли концентратларни 30–50 фоизгача қисқартириш мумкин. Жавдар чиқиндилари тўйимлилиги бўйича буғдойга тенглаштирилади. Лекин ўрдакларга 6–10% миқдорида йиғиштириб олинган ҳосил 3 ойдан кейин берилади, чунки жавдарнинг янги олинган ҳосили ўрдакларнинг ичини суради.
Ўрдаклар лавлаги, шолғом, қовоқ, картошкаларни иштаҳа билан истеъмол қилади. Оқсилга бўлган талабни ўрнини балиқ, сут обрати ва пахтаси ҳамда бошқа оқсилга бой озуқалар билан тўлдириш мумкин.