Ўрдак жўжаларини боқиш бўйича тавсиялар

Кейинги даврда ўрдак боқишга жиддий эътибор берилиши натижасида ўрдак тухуми ва гўштини ишлаб чиқариш анча ортди. Ўрдак 200 тага етказиб тухум олишга эришилди. Шу билан бирга ўрдак тухуми бутун йил давомида инкубация қилиниб, илгаригидек баҳор, ёз ва куз фаслларидагина эмас, балки қиш даврида ҳам ўрдак болалари очирилиб, боқиб ўстирилмоқда.

Ҳозирги кунда ўрдак жўжаларини гўштга боқишнинг 4 хил усулидан фойдаланилмоқда:

1. Катта чекланмаган сув ҳавзаларида боқиш

Чекланмаган, катта сув ҳавзаларига қўйиб боқишнинг дастлабки кунларида ўрдак жўжалари қуруқ, ёруғ ва иссиқ хоналарда асралади. Хона зах ва қоронғи бўлса, жўжалар ўзини ёмон ҳис этади, касалланади, яхши ўсиб ривожланмайди. Хона ҳарорати полдан 10 см баландликда 1-10 кунлик жўжалар учун 28-21°С, 11-20 кунликлари учун 20-16°С бўлиши керак.

Ёз ойларида ўрдак жўжалари 14-15 кунлигидан бошлаб сувга қўйилиши мумкин. Эрта баҳор ёки кеч куз фаслларида эса 15-20 кунлигидан бошлаб аста-секин сувга тушишга ўргатилади. Сувга туширишдан аввал сувнинг ҳарорати текшириб кўрилади. Агар сув юзасининг 10 см қатламида ҳарорат 10-12°С ёки ундан юқори бўлса, жўжаларни хавотирланмай, бемалол сувга тушириш мумкин. Бу усул бўйича ўстирилганда ўрдак болалари бир суткалигидан бошлаб то 25 кунлик бўлгунча суткасига 5-6 марта қорилган ем билан боқилади. Қорилган емнинг таркибида арпа уни ёки майда ёрмаси, кунжара, кепак, балиқ уни, пиширилган картошка, майда қилиб тўғралган кўк ўт бўлиши керак.

2. Чекланган сув ҳавзаларида боқиш

Чекланган сув ҳавзаларида ўрдак жўжаларини ўстириш чекланмаган сув ҳавзаларида ўстиришдан унчалик фарқ қилмайди. Бу усулда ўрдаклар тушириладиган сув майдони симтўр билан маълум катталикдаги секцияларга бўлинган бўлиб, ўрдаклар ана шу секциялар ичига қўйилади.

Боқиш давомида ўрдак жўжалари озиқлардан ташқари сувдаги, майин, юмшоқ сув ўтлари ва тирик ҳашаротлар билан озиқланади. Бу эса жўжаларга қўлдан бериб едирилган концентрат озиқларни маълум миқдорда тежаб қолиш имконини беради. 60-70 кунлик ҳар бир ўрдак суткасига 600 г сув ўтларини ейди. Бундан ташқари, сувда ҳаёт кечирадиган бир неча турдаги жониворлар билан озиқланади.  Бундай усулда ўрдак гўшти етиштириш ниҳоятда самаралидир. Чунки бунда ўрдакларнинг озиқларга бўлган кунлик талаби 30% сувдаги табиий озиқлар ҳисобига қопланади.

3. Қуруқликда катакларда парваришлаш

Ўрдакларни қуруқликда боқиб ўстириш асосан катта паррандачилик хўжаликларида ташкил этилади. Бундай усул билан ўрдак ўстиришда ёш ўрдаклар 10 кунлик бўлгунча махсус ишланган катакларда асраб боқилади. Ўрдак жўжалари тўдасини қабул қилишдан олдин яхшилаб тозаланади ва ювиб чиқилади. Тайёр бўлган катакларнинг ҳар 1 м2 полига 30 бошдан 1 суткалик ўрдак жўжалари қўйилади. Ўрдак болаларининг дастлабки ёшида сех ичидаги ҳарорат 29-30°C, кейинчалик эса 25-26°C атрофида бўлиши керак.

4. Батарея катакларда боқиш

Батарея сехидаги ўрдак жўжалари юқори сифатли хилма-хил озиқлар билан боқилиши лозим. Ҳар бир бошга 20 г комбикорм, 1 г кунгабоқар кунжараси, 1 г балиқ уни, 2 г қаймоғи олинган сут, 1 г гўшт ва суяк уни, 4 г барра беда уни, 0,5 г суяк уни, 0,3 г балиқ мойи бўлса, уларнинг озиқ моддаларига бўлган талаби яхши қонади. Рационнинг тўйимлилиги 32-35 г озиқ бирлиги ва 5,5-6 г протеинга тенг бўлиши керак.

Ўзбекистон иқлим шароитида эрта баҳор, ёз ва куз фаслларида ўрдак очириш ва ўрдак жўжаларини сув ҳавзаларига қўйиб, 60-70 кунлик бўлгунча жадал равишда боқиб, ўртача тирик вазни 2-2,3 кг га етганда боқишдан олиб гўштга топшириш мумкин.

Манба: «Қишлоқ хўжалик чорва молларини озиқлантириш», Б.М.Тожибоев, И.Е.Хошимов