Паррандачиликда ветеринария муолажалари

69
Республика ветеринария хизматининг мавжуд йўриқномалари ва мутахассис- олимлар томонидан тайёрланган тавсиялар бўйича товуқчилик хўжаликларидаги паррандаларни қуйидаги «Эпизоотияга қарши тадбирлар режаси» (лойиҳаси) асосида белгиланган схема бўйича эмлаш талаб этилади. Ушбу эмлаш муолажалари асосан ёш ва ўсувчи жўжалар орасида ўтказилиб, дастлаб жўжаларнинг 1 кунлигида «Марек» касаллигига қарши, 8 ва 10 кунликларида (2 марта) «Гамборо касаллиги» га қарши, 14, 35 в 70 кунлик ёшида (3 марта) «Нюкасл касаллиги» га қарши, 28 ва 60 кунликларида (2 марта) «Инфекцион ларенготрахеит» касаллигига қарши, 40 ва 80 кунлигида (2 марта) «Инфекцион бронхит» га қарши, 120 кунлигида «Чечак» касаллигига қарши эмлаш ўтказилиши зарур.Барча соҳада бўлганидек, сўнгги йилларда Республикамиз паррандачилик тармоғида ҳам хорижий давлатлар билан узвий ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, ижобий натижаларга эришилмоқда. Айни пайтда эпизоотик жараён мураккаблашиб, ветеринария мутахасиссларидан ҳушёрликни талаб этади. Чунки, ўтган даврда Республикамизда учрамаган юқумли касалликларнинг ҳам хавфи туғилиб, профилактик чоралар кўриш зарурати мавжуд.
Айни пайтда жўжалар орасида колибактериоз, эймериоз (коксидиоз) ва бошқа ичак энтеробактериозлари ҳам алоҳида ҳолатда ёки аралаш шаклда кўп учраб, оғир асорат беради ва катта талофат етказади. Ушбу касалликларга қарши самарали махсус (специфик) профилактик воситалар мавжуд эмаслиги сабабли соҳа тадқиқотчилари томонидан антибиотик ва коксидиостатиклар, жумладан, «Коликокстат» ва «Коликоксид» препаратлари антибактериал ва антиэймерий таъсир этувчи аралашмалар шаклида тавсия этилган бўлиб, мавжуд йўриқнома асосида қўлланилганда самарали химиопрофилактик ва даволовчи таъсир кўрсатади. Шунингдек, жўжаларга дастлабки кундан бошлаб А, Д, Е, С ва В гуруҳига кирувчи витаминларни, турли микро ва макро элементларни ҳамда айрим стимулловчи воситаларни белгиланган меъёрларда бериб борилиши, кўпчилик юқумсиз касалликларнинг олдини олиб, парранда организмининг юқумли касалликларга нисбатан чидамлилигини (резистентлигини) оширади ва жониворларнинг соғлом ўсиб етилиши ҳамда маҳсулдорлигини ортишида муҳим аҳамият касб этади.

Дўстларингизга ҳам улашинг!