ПАРРАНДАЛАРНИНГ ҲАЗМ ТИЗИМИНИНГ КАСАЛЛИКЛАРИ

 

Ҳазм тизимининг касаллаклари ҳамма турдаги паррандалар орасида кенг тарқалган бўлиб, барча юқумсиз касалликларининг 20 фоизини ташкил этади. Ёш жўжалар орасида инкубация қоидалари, озиқлантириш ва сақлаш талабларининг бузилиши оқибатида мускулли ошқозон ва ичакларнинг яллиғланишлари (кутикулит, диспепсия, гастроэнтерит) кенг тарқалган бўлса, катта ёшдаги паррандалар ва ўстириш давридаги жўжаларда оғиз бўшлиғи ва жиғилдоннинг касалликлари кўпроқ учрайди.

Стоматит (Stomatitis). Оғиз бўшлиғи ва тилнинг яллиғланиши бўлиб, қуруқ озиқалар билан боқиш ва сувнинг етишмаслиги, рационнинг асосий қисмини унсимон озиқалар ташкил этиши, жуда иссиқ озиқалар берилиши ва бошқа сабаблар оқибатида келиб чиқади. Иккиламчи сабаблари А гиповитаминоз, тил ва тумшуқларнинг аномалиялари, катта ёшдаги паррандалар рационида кальций, фосфор ва витаминларнинг етишмаслиги бўлиши мумкин.

Белгилари. Иштаҳанинг йўқолиши, ориқлаш, оғиз шиллиқ пардасининг қизариши, кўтарилиши, оғриқли бўлиши, озиқани қабул қилиш ва ютишда қийналиши, оғиздан сўлак оқиши.

Даволаш. Оғиз бўшлиғи 0,1% ли калий перманганат эритмаси билан кунига 1 — 2 марта, 7 — 10 кун давомида чайқалади ва йодглицерин малҳами суртилади.

Профилактикаси. Касалликнинг сабаблари йўқотилади. Рацион таркиби таҳлил қилиниб, етишмайдиган моддалар қўшилади, озиқалар намланган ҳолатда берилади, паррандахоналарда санитария-гигиеник қоидаларга риоя қилиниши лозим.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Жиғилдоннинг яллиғланиши (ingluvitis) катта ёшдаги товуқ, курка, цесарка ва каптарларда кўпинча юқумли касалликларнинг асорати сифатида кузатилади.

Сабаблари. Паррандаларга узоқ муддат бузилган, чириган озиқалар (бузилган гўшт, балиқ уни, моғорлаган донлар, барда ва бошқалар) берилиши, озиқаларга минерал ўғитларнинг аралашиб қолиши ҳамда паррандаларнинг чиқинди сувлар билан суғорилиши, айрим ҳолларда жиғилдонга мих, игна, майда шиша синиқларининг тушиши, минерал моддалар ва витаминларнинг етишмовчилиги касалликка сабаб бўлиши мумкин.

Белгилари. Умумий ҳолсизланиш, иштаҳанинг пасайиши ёки йўқолиши, жиғилдоннинг юмшоқ консистенцияда бўлиши, пайпасланганда оғиздан чириган ҳидли ҳаво келиши ҳамда кўкимтир — сарғиш рангли суюқлик оқиши кузатилади. Юқумли характердаги инглувитларда (ўлат, холера) ва заҳарланишларда нисбатан кучли даражада ҳолсизланиш, тож ва сирғаларнинг кўкимтир рангда бўлиши ва кўп миқдорда ўлим кузатилади.

Диагноз. Паталогоанатомик ёриб кўриш ва жиғилдон массасида токсикологик таҳлил ўтказиш асосида қўйилади.

Даволаш. Жиғилдон ингичка зонд ёки резина шланглар ёрдамида 0,05% ли калий перманганат, 0,1% ли этакридин лактат, 2% ли борат кислотаси, 5% ли натрий гидрокорбанат каби эритмалар билан ювилади. Шундан кейин паррандалар кун давомида 1% ли танин, 0,5% ли натрий салицилат ёки 0,1% ли хлорид кислоталари эритмалари билан суғорилади.

Профилактикаси. Паррандаларни тоза сув билан таъминлаш, яхши сифатли озиқалар билан озиқлантириш, товуқхоналарга яқин жойларда минерал ўғитларнинг сақланишига ва саноат чиқиндилари ва чиқинди сувларнинг тўпланишига йўл қуймаслик лозим.

Манба: ПAРРAНДAЛAРНИНГ ЮҚУМСИЗ  КАСАЛЛИКЛАРИ — Эшбўриев Б.М.

Дўстларингизга ҳам улашинг!