29 C
Uzbekistan
Понедельник, Август 19, 2019
Домой Паррандачилик Паррандаларнинг юқумли ларинготрахеит касаллиги (ЮЛТ)

Паррандаларнинг юқумли ларинготрахеит касаллиги (ЮЛТ)

Паррандачилик фойдали ва қизиқарли бизнес. Бироқ, паррандачиликда ўзига хос муаммолар бўлиб, улардан энг хавфлиси паррандалар юқумли касалликлари. Товуқ ва бошқа паррандалар турли хил касалликларга дучор бўлиши мумкин. Юқумли касалликлардан айниқса хавфлиси юқумли ларинготрахеит — нафас олиш тизимининг жиддий вирус касаллиги. Муаммо ўз вақтида ҳал этилмаса, қисқа вақт ичида бутун товуқ галаси касалланади.


Паррандалар юқумли ларинготрахеит касаллиги (ЮЛТ) контагиозли юқумли вирус касаллиги  бўлиб, катарал ва фибринли-геморрагик ринит, трахеит, конъюктивит ва буғилиш ҳодисасини кузатилиши билан ифодаланади. Касалликни вирус чақириб, касалланган паррандаларнинг ўлими 2-75% ни ташкил қилади. Парррандалардан қирғийлар камроқ касаллликка чалинади. Оммавий равишда паррандалар касалликка ҳаво орқали чалинади.

http://atmagro.ru

Вирусни уювчи натрий, крезол, хлорли оҳак формалин ва креолин (3:1) эритмалари тезда фаолсизлантиради.

Касаллик ўткир, ярим ўткир ва сурункали кечиб, унинг ларинготрахеал ва конъюнктивал шакллари мавжуд. Касаллик паррандаларда ларинготрахеал шаклда намоён бўлганда у ўткир кечади ва унда умумий маюслик, ланжлик, анорексия (иштаҳа йўқолиши), кам ҳаракатлилик кузатилади. Тинч ўтирган касал паррандада ҳар хил ҳуштакли, қаҳ-қаҳли ва хириллаган товуш эшитилади. Кекирдак ва ҳиқилдоқни фибрин ва қонли экссудат билан битиши нафас олишни қийинлаштиради, парранда тумшуқларини очиб нафас олади. Улар экссудатни йўтал билан чиқаришга ҳаракат қилади. Касалланган паррандалар тухум туғишни тўхтатади. Касалликнинг конъюнктивал шаклида дастлаб гуруҳдаги 10-15 жўжа, кейин ҳаммаси касалланади. Уларда кўз шиллиқ пардаларини қизариши, қавоғларини шишиши, ёруғдан қўрқиш, кўздан ёш оқиш кузатилади.

Трахеяда казеоз модданинг тиқилиб қолиши

Касалликка клиник, эпизоотологик маълумотлар, патологоанатомик ўзгаришлар асосида дастлабки ва лабораториявий текшириш асосида эса якуний диагноз қўйилади.

Паррандаларнинг юқумли ларинготрахеит касаллигини юқумли бронхит, гиповитаминоз А, респиратор микоплазмоз, чечак ва юқумли тумовдан фарқлаш керак бўлади. 

Касалликни махсус даволаш воситаси йўқ, бироқ секундар инфекцияларга қарши кенг доирада таъсир этувчи антибиотиклардан ва иодли препаратлардан фойдаланса бўлади. 

Паррандаларнинг юқумли ларинготрахеит касаллигини бартараф этиш. Касалдан тузалган товуқларда кейинчалик вирус билан зарарланишга иммунитет ҳосил бўлади. Вакцинациядан 14-20 кун кейин қон зардобида антителолар пайдо бўлиб, иммунитет 2-3 ой давом этади. Ҳозирда кенг қўлланиладиган Авивак ИЛТ, ВНИИБП, Nobilis ILT, AviPro ILT, Клон НТ, О ва Т-20 штаммларидан қуруқ вирус-вакциналарни санаб ўтиш мумкин. Хўжаликларда паррандаларнинг конъютивасига, ичириш ҳамда клоака шиллиқ пардасига суркаш усули билан эмланади. 7-10 кундан кейин иммунитет шаклланади ва товуқлар яшаганича давом этади. 

Паррандаларда юқумли ларинготрахеит касаллигини олдини олиш.

oВирусни паррандахонага киритмаслик учун инкубацион тухум ва 1 кунлик жўжалар фақат соғлом хўжаликдан олиниши зарур.

o1 кунлик жўжалар асосий паррандалар биносидан узоқроқ алоҳида жойлаштирилиши зарур.

oСоғлом (инкубацион тухум берувчи) хўжаликда барча транспорт ва тараларни мунтазам иссиқ 3%ли каустик сода, 4%ли формалин билан аэрозол ҳолда дезинфекция қилинади ва бошқа ветеринария-санитария тадбирлари узлуксиз олиб борилади.

oНавбатдаги паррандалар гуруҳини жойлаштиришдан олдин паррандахона тозаланиши, дезинфекция ва камида 10 кун (клеткада) ёки 14 кун (полда сақланувчи) давомида санация қилиниши талаб этилади.

oПаррандахонанинг ҳавоси ҳар куни алмаштирилиши ва микроклимат назорат этилиши, нисбий намлик 60 -70% дан ошмаслиги зарур.

oПаррандахона биноси бир йилда камида 27 кун санацияда туриши керак.

Хабибулло Хамдамов

ЕХХТ ветеринария ва чорвачилик бўйича консультанти

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!