Қиш фаслида товуқ тухуми нега камаяди?

Қиш мавсумида товуқлар парваришига алоҳида эътибор лозим. Аввало, товуқхонада ҳаво ҳарорати +12°C даражадан пасаймаслиги асосий шарт ҳисобланади. Кейинги навбатда бир кеча-кундуздаги ёруғлик давомийлиги 16 соатдан кам бўлмаслиги, хона ҳавоси алмашиниб туришини таъминлаш зарур. Бундан ташқари, товуқлар учун тўсилган айланиш майдони ҳар бош паррандага 1 метр квадрат бўлиши керак. Агар ташқаридаги ҳаво ҳарорати 7°C даражадан пасайса, товуқларни сайр қилиш майдонидан иссиқ хоналарга киритиш зарур. Паррандахона деворининг ҳар бир сантиметр қўшимча қалинлиги қиш даврида бир неча кВт энергияни тежаш имконини беради.
Паррандахонада нисбий намликни меъёрида ушлаб туриш учун ҳавони алмаштириш тизимидан фойдаланилади. Хонанинг нисбий намлиги 60-70 % ни ташкил этиши нормал ҳисобланади. Нисбий намликни аниқлаш учун хонага термометр осиб қўйилади. Хонадонларда боқиладиган товуқлар кўпинча тухумини уясига эмас, пана-пастқам жойларга қўяди. Сабаби ёш товуқлар биринчи тухум қўйишдан олдин, кучли гормонал стрессга тушади ва безовталанади. Бу пайтда улар ўзини у ёқдан бу ёққа уради, вақти-вақти билан учишга ҳаракат қилади. Бу тухум қўйиш учун қулай жой
қидираётганлигини билдиради. Уй эгаси ана шу вақтда товуққа эътибор қаратмаса, кейинчалик тухум қўйган жойини доимо излаб юради. Оқибатда ҳар сафар ҳам тухумларни керакли миқдорда териб олиш имкони бўлмайди.
Товуқларда тухум қўйиш жараёнининг бузилиши тез-тез учраб туради. Бунинг сабаби асосан битта — тухум шакллантириш аъзоларининг шамоллашидир.
Шамоллаш сабаблари эса ҳар хил бўлади. Уларнинг келиб чиқишига қараб, даволаш чораси белгиланади. Товуқ пуштининг шамоллашига кўпинча уни нотўғри сақлаш сабаб бўлади. Нотўғри озиқлантириш ҳам товуқларнинг тухумдан қолишига олиб келади. Хусусан, парранда озуқасида фойдали моддалар, аминокислоталар, калций, гиповитаминоз каби микроэлементларнинг этишмаслиги жиддий таъсир қилади. Бундан ташқари, паррандани парваришлаш гигиэнасига риоя қилмаслик ҳам салбий оқибатларга олиб келади. Жумладан, нотўғри нисбий намлик, хона ҳавосининг кучли
газланганлиги, ҳавонинг микроблар билан ифлосланганлиги, нам тўшамада боқиш, ёруғлик режимини бузиш каби ҳолатлар товуқ маҳсулдорлигининг пасайишига олиб келади.
Тухум шакллантириш органларининг юқумли касалликлар билан зарарланганлиги (пастереллез, колибактериоз, салмонеллез ва бошқалар) ҳамда сотиб олиш, ташиш, боқишда ветеринария талабларига тўлиқ риоя қилмаслик каби омиллар ҳам товуқ маҳсулдорлигига салбий таъсир этади. Товуқхонадаги ҳаво ҳарорати мунтазам +16°C -+27°C даражагача бўлиши оптимал ҳисобланади. Хонанинг ҳаво ҳарорати -2°C даражадан тушиб кетса, товуқларнинг тожи ва зираклари музлаб, тухум қўйишдан тўхтайди. Агар хонадаги ҳарорат меъёрдагидан ошиб кетса ҳам паррандаларнинг дон ейиш даражаси тушиб кетади. Тирик вазни ва маҳсулдорлиги пасаяди, тухум қаттиқ қобиғи қалинлиги юқалашади ёки умуман қаттиқ қобиғи бўлмайди.