Қиш мавсумида паррандаларни уй шароитида парваришлаш

Жўжаларни уй шароитида парваришлаш ниҳоятда мураккаб жараён ҳисобланади. Қишки мавсумга паррандалар учун қурилган бинолар олдиндан тайёрланиши керак.
Бунда чиқинди ахлатлардан тозаланиб катакларга бўлинади. Озиқлантириш ва сув ичириш жиҳозлари ўрнатилади. Жўжалар қалин тўшамали ерда, меъёрий микроиқлим шароитида асралиши талаб этилади. Бино таъмирланиши, оқланиши, дезинфекция ўтказилиб, иситиш, шамоллатиш ва етарли ёритиш имконияти яратилиши зарур.
Жўжаларнинг ҳаракатига қараб хонадаги ҳавонинг ҳароратини аниқлаш мумкин. Ҳарорат меъёрида бўлса жўжалар катакларга бўлинган ҳолда ёйилиб юради, иштаҳаси яхши бўлади. Агар ҳарорат паст бўлса, жўжалар бир жойга тўпланади. Ҳарорат кўтарилса, салқин жой қидириб, камҳаракатчан, иштаҳаси паст бўлиб қолади. Шу сабабли паррандахоналарда ҳарорат табиатнинг қайси фасли бўлишидан қатъий назар +18–20ºC атрофида бўлишига эришилса, паррандалар маҳсулдорлиги юқори бўлади ва сақланиши 95–98 фоиздан кам бўлмайди.
Кузги ва қишки мавсумда четдан ҳар хил қушларнинг учиб келиши, намгарчилик, об-ҳавонинг совуқ бўлиши оқибатида паррандаларда ҳар хил юқумли, юқумсиз ва паразитар касалликлар учраб туради. Бу касалликларнинг олдини олиш мақсадида, паррандахоналарда ветеринария-санитария қоидаларига қатъий риоя қилиш, микроиқлимни мувофиқлаштириш, витаминларга бой озуқалар билан (буғдой, соя шроти, балиқ уни, ёғ) озиқлантириш орқали паррандалар организми резистентлигини оширишга катта эътибор берилиши лозим.
Жўжаларга дастлабки кундан бошлаб A, B, C, E ва D гуруҳига кирувчи витаминларни меъёрдаги миқдорларда берилиши жониворларни соғлом ўсиб етилишида муҳим
аҳамият касб этади.
Шунингдек, паррандалар озуқасига турли микро ва макроэлементларни ҳам қўшиб бериб борилиши мақсадга мувофиқдир. Жўжа ва товуқларни албатта йўриқномалар асосида эмлаш лозим. Тухум йўналишидаги паррандалар учун ёруғлик муҳим аҳамиятга эга.
Ёш жўжаларнинг ўсиши ва ривожланишини доимий назорат қилиш учун улар оғирлиги ўлчаб борилади. Икки ойлигигача ҳар декадада (10 кунда), сўнгра эса 1 ойда бир марта, 40 кунликдан бошлаб жўжаларда биринчи қатор патларининг алмашинуви ҳисобга олинади. Агар патлар алмашинуви тўхтаб қолса, бу умумий ўсишдан, яъни ривожланишдан қолишига сабаб бўлади.
Катакдаги паррандалар учун қулай ёруғлик 20–30 люксни ташкил этади. Ёруғлик ранги иккинчи даражали роль ўйнайди. Лекин шуни ҳисобга олиш керакки, қизил рангдаги ёруғлик паррандаларда патларни ейиш, ўз-ўзини ва шеригини чўқиш, кўк рангли ёруғликда паррандалар ўзини худди қоронғуликдаги каби тутадилар