Қиш мавсумида паррандаларни уй шароитида парваришлашга оид тавсиялар

8

Деҳқон, фермер ва хусусий паррандачиликни ривожлантиришда ветеринария-санитария қоидаларига қатъий амал қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Жўжаларни уй шароитида парваришлаш ниҳоятда мураккаб жараён ҳисобланади. Паррандалар учун қурилган бино олдиндан тайёрланиши керак.

Бунда чиқинди ахлатлардан тозаланиб катакларга бўлинади, озиқлантириш ва сув ичириш жиҳозлари ўрнатилади. Жўжалар қалин тўшамали ерда, меъёрий микроиқлим шароитида асралиши талаб этилади. Бино таъмирланиши, оқланиши, дезинфекция ўтказилиб, иситиш, шамоллатиш ва етарли ёритиш имконияти яратилиши зарур. Дастлабки 5 кунда хона ҳарорати +34–36 оС бўлиши, сўнг аста-секин ҳарорат тушириб борилади. Жўжалар 10 кунлик бўлганида температура +26–28 оС ни ва сўнгги ҳар ҳафтада +2 оС дан пасайтирилиб +18+20 оС да сақланиши лозим. Ҳароратни назорат қилиб бориш учун ердан 1 м баландликка термометрлар осиб қўйилиши мақсадга мувофиқдир.

Жўжаларнинг ҳаракатига қараб хонадаги ҳавонинг ҳароратини аниқлаш мумкин. Ҳарорат меъёрида бўлса жўжалар катакларга бўлинган ҳолда ёйилиб юради, иштаҳаси яхши бўлади. Ҳарорат паст бўлса, жўжалар бир жойга тўпланади. Ҳарорат кўтарилса, салқин жой қидириб, камҳаракатчан, иштаҳаси паст бўлиб қолади. Шу сабабли паррандахоналарда ҳарорат табиатнинг қайси фасли бўлишидан қатъий назар +18–20 оС атрофида бўлишига эришилса, паррандалар маҳсулдорлиги юқори бўлади ва сақланиши 95–98 фоиздан кам бўлмайди. Кузги ва қишки мавсумда четдан ҳар хил қушларнинг учиб келиши, намгарчилик, об-ҳавонинг совуқ бўлиши оқибатида паррандаларда ҳар хил юқумли, юқумсиз ва паразитар касалликлар учраб туради. Бу касалликларнинг олдини олиш мақсадида, паррандахоналарда ветеринария-санитария қоидаларига қатъий риоя қилиш, микроиқлимни мувофиқлаштириш, витаминларга бой озуқалар билан (буғдой, соя шроти, балиқ уни, ёғ) озиқлантириш орқали паррандалар организми резистентлигини оширишга катта эътибор берилиши лозим.

Жўжаларга дастлабки кундан бошлаб А, Д, Е, С ва В гуруҳига кирувчи витаминларни меъёрдаги миқдорларда бериб борилиши, кўпчилик юқумсиз касалликларнинг олдини олиб, жониворларни соғлом ўсиб етилишида муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, паррандалар озуқасига турли микро ва макроэлементларни ҳам қўшиб бериб борилиши мақсадга мувофиқдир. Жўжа ва товуқларни албатта йўриқномалар асосида эмлаш лозим. Тухум йўналишидаги паррандалар учун ёруғлик муҳим аҳамиятга эга.

Ёруғлик паррандалар учун аввало ҳаётий процессларни регуляция қилиши учун зарур. Паррандаларда сут эмизувчиларга қараганда, модда алмашинуви процесслари ва ҳаётий ритмлари ёруғлик таъсирида бўлади. Шунинг учун ёруғлик асаб ва гуморал системалари орқали паррандаларда озиқланиш ва ўсиш процессларини уйғотади, шундан келиб чиққан ҳолда паррандахоналарда ёруғлик системалари тўғри ташкил қилиш, уларнинг маҳсулдорлигини оширувчи омил ҳисобланади.

Ёш жўжаларнинг ўсиши ва ривожланишини доимий назорат қилиш учун улар оғирлиги ўлчаб борилади. Икки ойлигигача ҳар декадада (10 кунда), сўнгра эса 1 ойда бир марта, 40 кунликдан бошлаб жўжаларда биринчи қатор патларининг алмашинуви ҳисобга олинади, агар патлар алмашинуви тўхтаб қолса, бу умумий ўсишдан, яъни ривожланишдан қолишига сабаб бўлади.

Катакдаги паррандалар учун қулай ёруғлик 20–30 люксни ташкил этади. Ёруғлик ранги иккинчи даражали роль ўйнайди. Лекин шуни ҳисобга олиш керакки, қизил рангдаги ёруғлик паррандаларда патларни ейиш, ўз-ўзини ва шеригини чўқиш, кўк рангли ёруғликда паррандалар ўзини худди қоронғуликдаги каби тутадилар.

Ёруғлик учун цехларда электр лампалари (40–100 вт) ва люминицент лампалар ЛБ-40, ЛБЦ-40 лампалардан фойдаланилади. Уларни бир-биридан 3,5–4 м узоқликда катак чекасида, орадаги йўлакларда жойлаштирилади. Лампалар шундай жойлаштирилиши керакки интенсив ёруғлик ҳамма жойга бир хил тарқалсин. Ойнаси ёпиқ биноларда жўжаларни ўстиришда куннинг табиий узоқлигини ҳисобга олган ҳолда ёруғлик даврининг давомийлиги жўжаларни ўсишидан то тухумга киргунча қисқартириб борилади.

Юқорида кўрсатилган тавсияларни ҳисобга олиб, ёруғлик паррандалар учун қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигини асло унутмаслик зарур.

   Б.Аҳмедов, С.Мавлонов    agro.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!