ТОШЛОҚ АДИРЛАРДАГИ ХАЗИНА

Эътибор беряпсизмибозорларимизда парранда гўшти ва тухуми нархлари барқарорлашмоқдаБумамлакатимизда паррандачиликни ривожлантиришга қаратилаётган катта эътибор туфайли тухум васифатли парранда гўшти ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли ошаётганидан дарак.

Асака туманининг тошлоқ адирлари бағрида жойлашган чорвачилик ва паррандачиликка ихтисослашган «Шарқ баҳодири» фермер хўжалиги ҳам юртимизда тадбиркорларга берилаётган имконияту имтиёзлардан самарали фойдаланиб, хориж сармоядорлари билан ҳамкорлик ўрнатишга муваффақ бўлди. Мазкур хўжаликни 2006 йили ташкил этган ­Ихтиёржон Бадалов 2011 йилда Хитой технологияси асосида парранда парваришини йўлга қўйган.

Тадбиркор фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида 2014 йили «Hamkorbank» ATБ Асака филиалидан олинган 6 миллиард сўм кредит эвазига Германиянинг «Salmet International GmbH» компанияси ишлаб чиқарган сўнгги русумдаги технологик жиҳозлар келтирди. Натижада фермер фаолиятида янги саҳифа очилди.

Ушбу замонавий технология аниқ ишлаши билан ажралиб туради. Биринчи навбатда, хонада ҳаво алмашуви бир маромда бўлади. Товуқларга сув ва озуқа етказиб бериш, олинаётган тухумларни йиғиштириб олиш ва санаш, омборга етказиш жараёнлари тўлиқ компьютерлаштирилган. Тухум конвейер усулида йиғиб, қадоқланади. Товуқхонадаги барча жараён битта оператор томонидан бошқарилишининг ўзиёқ мазкур замонавий технологиянинг имкониятлари қай даражада эканидан далолат.

Ҳозирда хўжаликдаги учта товуқхонада 125 мингта товуқ парваришланмоқда. Кунига ўртача 58-60 минг дона тухум етиштириляпти. Маҳсулот нафақат Фарғона водийси, балки барча вилоятларга ҳамда қўшни давлатларга ҳам экспорт қилинаётир.

— Ўтган йилнинг бошида Афғонистоннинг «Ҳабибулла Назари» ҳамда «Шадаб Шоҳаиб» корхоналари билан шартнома имзоладик, — дейди «Шарқ баҳодири» фермер хўжалиги раҳбари ­Ихтиёржон БАДАЛОВ. — 2017 йилда «Made in Uzbekistan» ёрлиғи билан 10 миллион дона тухум экспорт қилинди. Яқин кунларда яна бир янги товуқхона ишга тушиш арафасида. Шунингдек, товуқ гўшти маҳсулотлари корхонасини барпо этишни ҳам режалаштиряпмиз. Бу эса, қўшимча иш ўринлари дегани.

Айни пайтда бу ерда 60 нафар киши меҳнат қилади. Уларнинг асосий қисми ёшлар. Фермер биринчи навбатда ишчиларнинг манфаатдорлигини оширишни алоҳида эътиборга олади. Бундан руҳланган хўжалик меҳнаткашлари ўз ишини янада масъулият ва ғайрат билан уддалашга астойдил интилмоқда.

 

Миролим ИСАЖОНОВ,

Андижон вилояти

» Оила даврасида» газетаси

Дўстларингизга ҳам улашинг!