Товус турлари ҳақида биласизми?

Товус (Pavo cristatus) товуқсимонлар туркумининг(отряд) энг йирик вакили ҳисобланади.
Осиё товусининг икки тури маълум: оддий (ҳаворанг) ёки ҳинд ва исполин (баҳодир, паҳлавон, улкан, жуда катта) ёки яван деб номланади.
Оддий товус бақувват тана тузилишига эга бўлиб, бўйни узун, ўзига хос кокили бўлган кичик калласи, калта қанотлари, баланд оёқлари ва ўрта узунликдаги думи мавжуд. Нари учун оммада “товус думи” деб ном олган, дум устки қисмини ёпиб турувчи жуда яхши ривожланган патлар айниқса катта аҳамиятга эга. Бу ажойиб, жуда гўзал, ҳашаматли, жуда катта елпиғич шаклида ярим доира бўлиб очилувчи кўзли “дум” ва кўк, яшил, сариқ тусли бўёқлар бирлиги асосида жуда ажойиб ранг – баранг товланувчи патлари товусга товуқсимонлар орасида энг чиройли қуш шухратини келтирди.
Оддий ёки Ҳинд товуси (Pavo cristatus) – товуслар ичида энг кўп тарқалган тури. Монотип тур ҳисобланади, яъни кенжа турларга бўлинмайди, лекин бир қатор ранг жузъий ўзгаришлари (мутация) мавжуд. Инсон томонидан хонакилаштирилган.
Мухташам товус “думи” ҳақиқатда – дум устки патларидан ташкил топган, аслида думи кўримсиз кулранг патлардан иборат. Нарларининг ўзига хос белгиларидан думини устини қоплаб турувчи жуда кучли ривожланган патлари (дум ҳисобида нотўғри қабул қилинади).
Тана узунлиги 100 – 125 см, думи 40 – 50 см, “кўз”лар билан безалган дум устки патлари 120 – 160 см гача бўлади. Нарлари тирик вазни 4 – 4,25 кг.ни ташкил этади. Калласи, бўйни ва кўкрак бир қисми кўк рангда, орқаси яшил, тана пастки қисми қора рангда бўлади. Макиёнлари майдароқ, ранглари оддий ва дум устки узун патлари мавжуд эмас. Катта ёки кичик гала бўлиб яшайди. Асосан ўсимликларга оид, қисман ҳайвонотга оид (ҳашоротлар, моллюскалар, майда умуртқалилар) озуқалар билан озиқланади. Уй шароитларига чидамли ва қаноатли. Ўртача 20 – 25 йил яшайди. Полигам қуш ҳисобланади: 1 бош нари 3 – 5 бош макиёнлар гуруҳи билан яшайди. 2 – 3 йилда жинсий етукликка эришади. Жуфтлашиш мавсуми апрель – сентябрь ойлари. Тухумни тўғри ерга 4 – 10 дона қўяди, тутқунликда бир йилда 3 марта тухум босиб чиқади. Тухумни инкубацион даври 28 кунни ташкил этади. Ёш нари 1,5 йиллик ёшигача макиён сингари патлар билан юради, тўлиқ нарларга хос патлари 3 ёшида шаклланиб бўлади.
Яшаш ареали (ҳайвонларни бирор тури тарқалган жойи) – Покистон, Ҳиндистон, Непал, Бутан, Бангладеш ва Шри-Ланка давлатларида денгиз сатҳидан 2000 метр юқорида кенг тарқалган.

Ҳиндистонда товусларни овлаш қонун билан тақиқланган, аммо браконьерлар уларнинг чиройли патлари ҳамда гўшти учун қўлга киритишади.
Оқ рангли товус ҳақиқий альбинотик шакли ҳисобланмайди. Ушбу ранг патлар ранги мутацияси бўлиб, оддий товус тури ҳисобланади.

Қора елкали ёки қора қанотли товуслар ҳам оддий товус мутацияси ҳисобланади ва улар алоҳида товус тури ҳисобланмайди. Оддий товус турининг 10 та асосий ранглари мавжуд: ёввойи хили, оқ ранг, камея (нақшли ёки нақшиндор), кўмирранг, тўқ қизил ранг (пурпур), Буфорд бронзали, шафтоли ранг, оқ – сарғиш ранг, ярим кеча, сарғиш – яшил ранглар.
Иккинчи даражали 5 та ранглари: ёввойи тип (йўл – йўл қанот), қора елка (бир хил қанот), чипор, оқ “кўз”, йўл – йўл кумушранг ҳамда оқ рангдан бошқа барча асосий рангга нисбатан 20 хил мумкин қадар вариациялари мавжуд.

Яван ёки Яшил товус (Pavo muticus) – оддий товусдан анча йирик ва ёрқинроқ рангда, патлари металл рангида товланади ва узун бўйни, баланд оёқлари ҳамда бошида кокили мавжуд.

Нарининг узунлиги 180 – 300 см, қанотлари 46 – 54 см, думи 40 – 47 см, шлейфи 140 – 160 см. Тирик вазнини оғирлиги 5 кг. Калласи ва бўйнининг юқори қисми жигар ранг – яшил. Кокили елпиғичга ўхшаб кенг патлардан иборат. Кўз атрофи кўккиш – кул рангда. Бўйнини пастки қисми тилла – яшил рангдаги ҳошияси мавжуд бўлган яшил тусда ҳамда тангача шаклидаги нақшлари мавжуд, кўкрак ва елка усти қизил ва сариқ доғлари бўлган кўк – яшил рангда, елка пастки қисми жигар ранг белгилари бўлган мис – бронза рангда, елка ва қанотлари тўқ яшил рангда, силкиниш учун хизмат қиладиган патлари қора ва кул ранг доғлари бўлган қўнғир рангда. Бошқариш патлари оч каштан рангида (оч жигар ранг), жуда узун ёпиб турувчи патлари оддий товусникига ўхшаб ёрқин ва ранги ўхшаш, лекин қизил – мис рангли металл шуласи билан. Тумшуғи қора, оёқлари кул рангда.
Макиёнининг ранги наридан кам фарқланади, лекин гавдаси кичикроқ.
Яшаш ареали – ёввойи табиатда денгиз сатҳидан 900 метр баландликда Ява, Мьянма, Таиланд, Лаос, Камбоджа, Вьетнам ва Жанубий Хитойда яшайди. Бош сони оддий товусдан анча кам. Моногам тур ҳисобланади.
Географик тарқалиши ва ранглар вариациясига қараб уч кенжа турга бўлинади:

Манба: «Товусларни парваришлаш бўйича тавсиялар»