Тухум йўналишидаги товуқларни парваришлаш

12

Республикамизда тухум йўналишидаги паррандаларнинг ҳозирги кунда энг замонавий юқори маҳсулдор кроссларидан Ломанн (Германия), Хайсекс, Бованс, Декалб (Голландия), Хайлайн (АҚШ) ва Родонит, Шейвер (Россия) кросслари парваришланмоқда. Улар бир йилда уй шароитида 300 донагача, саноат паррандачилигида 350 донагача тухум беради.     

     Товуқларни 1 м2 майдонда парваришлаш зичлиги боқиш усули ва бинодаги микроиқлимга боғлиқ. Товуқларни умумий 1 м2 майдонда парваришлаш зичлиги 6—8 донани ташкил этади.

Тухум йўналишидаги товуқларни катакларда сақлаш ерда боқишга нисбатан катак ускунасининг турига қараб бир неча баробар  кўп паррандалар боқиш имконини беради. Бундай парваришлаш вақтни, озуқа сарфини тежайди ва тухум сифатини яхшилайди.

Товуқларни сув билан таъминлашда нипеллик сув ичиш тизимидан фойдаланиш, қимматли ветеринария препаратларини сув билан бирга ичириш имконини беради ва  уларнинг беҳуда сарф бўлишга йўл қўйилмайди. Катакларда сақлаганда товуқларни озиқлантириш вақтида озуқа йўқотилиши кескин камаяди. Парранданинг ўз гўнги билан контакти бўлмаслиги сабабли юқумли касалликларнинг тарқалиш хавфи олди олинади.

Товуқларни озиқлантириш. Сифатли озуқалардан тайёрланиб, тўйимлилиги меъёрлар бўйича мувозанатлаштирилган озуқалардан фойдаланмасдан, товуқларнинг юқори маҳсулдорлигига ва иқтисодий самарадорликка эришиб бўлмайди.

Товуқлар рационида энергиянинг асосий манбаи бўлиб донли озуқалар (маккажўхори, буғдой, оқжўхори, арпа, сули), соя, пахта ва кунгабоқар шроти,  омухта ем, ўсимлик ёғлари ва бошқалар хисобланади.

Товуқларнинг юқори ирсий имконияти маҳсулдорлигига қатъий мувозанатлаштирилган озуқа ем орқали эришиш мумкин. Қуйида тухум бераётган товуқларнинг озиқлантириш рецепти келтирилади (фоиз ҳисобида):

 

Озуқа таркиби

Товуқлар ёши 
17 ҳафта

(маҳсулдорлик 5% гача)

18-45 ҳафта

(5% дан юқори)

46-65 ҳафта

 

66 ҳафта ва ундан юқори        
Буғдой дони 38 40 40 38
Маккажўхори дони 20 20 20 15
Соя шроти 15 15 10 8
Кунгабоқар шроти 12 14 14 16
Ўсимлик ёғи 3 3 2,4 2,2
Лизин (монохлоридгид т) 0,12 0,16 0,15 0,1
Метионин 0,14 0,18 0,15 0,15
Озуқа оҳаги (известняк) 8 8,5 8,5 8,5
Трикальций фосфат 1,5 1,5 1,5 1
Ош тузи 0,3 0,3 0,3 0,3
Чой содаси 0,1 0,1 0,1 0,1
витамин-минералли премикс 0,1 0,1 0,1 0,1

Тухумнинг вазни озуқанинг таркиби ва озуқа бериш оралиғига боғлиқ бўлиб, озуқаларни етарли миқдорда бериш тухум ҳажмининг ошишига олиб  келади. Товуқларга озуқалар ёшига қараб қуйидаги жадвалда кўрсатилган меъёрларда бериш мақсадга мувофиқ.

Ёши

(ҳафта)

Озуқа истеъмоли, г Ёши

 (ҳафта)

Озуқа истеъмоли, г
18 82 26 112
19 92 27 114
20 98 28-40 115
21 100 41-50 114
22 104 51-61 113
23 106 62-72 112
24 108 73-80 111
25 110

 

  Товуқларни кунлик назорати. Ҳар кунги назоратни ўтказишда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади:

— паррандаларнинг умумий ҳолати;

— товуқхона ҳарорати;

— озуқа ва сув истеъмолини кузатиб бориш (кун давомида 2 марта);

— ёруғлик;

— паррандаларнинг харакатчанлиги;

— паррандаларнинг гўнгини ҳолати.

Сув билан таъминлаш.

Паррандалардан юқори маҳсулот олишда нафақат юқори сифатли ва тўйимли мувозанатлаштирилган озуқалар керак бўлади, балки тоза ичимлик суви ҳам катта аҳамиятга эга. Ичимлик суви таркибида тузлар миқдори меъёрдан ортиқ бўлса, бу тухум қобиғи сифатининг пасайишига олиб келади.

Иқтисодий самарадорлиги

1 бош товуқдан бир йилда 300 та тухум олинади.

50 бош товуқдан олинадиган йиллик тухум – 14600 дона донани ташкил этади.

1 дона тухумнинг нарҳи 700 сўм бўлганда  ялпи йиллик даромад 10 220 000 сўмни ташкил қилади.

50 бош товуқ сотиб олиш харажати – 1 250 000 сўм, йиллик омухта ем нарҳи- 5 931 000 сўм бўлса, жами харажатлар – 7 181 000 сўм.

Йиллик соф фойда – 3 039 000 сўмни ташкил этади.

А.Нурматов

iim.uz

Чорвачилик ва паррандачилик илмий–тадқиқот институти

Дўстларингизга ҳам улашинг!