Уй ғозларини ўстириш бўйича тавсиялар

85

Одатда, ғозлар ўз жуфтликларини узоқ вақт сақлайди. Урғочиси тухумни босиб ўтиради, эркаги уясини қўриқлайди. Жўжаларини ота-оналари бирдек олиб юришади. Ўрдаклар фақат бир марталик кўпайиш мавсумига жуфт танлашади.

Ғознинг урғочиси тухум қўйгандан кейин қорнининг устидан парларини юлиб, уясининг тагига солади ва озиқлангани кетаётганда тухумларининг устини парлар билан ёпиб қўяди. Уяларни кўпинча сувга яқин ерларда, ўтлар, дўнгликлар ва бошқалар орасига қўяди. Тухумлар сарғиш, ҳаво ранг, яшил ва шунга ўхшаш рангларда бўлади. Ғозлар 4 тадан тухум босади.

Тухумдан очиб чиққан жўжалар усти қуригандан кейин, эртаси куни ерда югуриб, сувда сузиб юради. Ғоз жўжалари уясидан чиқиб кетгандан кейин у ерга бошқа қайтиб келишмайди. Жўжалар озуқани ўзлари топиб истеъмол қилишади.

Она ғоз ёки ота-она ғозлар эргаштириб олиб юришади, ҳимоя қилишади ва вақтида бағрига олиб иситишади. Жўжалар 1–3 ойлигида қанотини ёйиб, учишни бошлайди. Жинсий вояга 1 йилда етилади, айрим йирик турлари 2–4 йилда етилади. Кўпайиш мавсумидан бошқа вақтларда гала бўлиб юришади. Тропик ва субтропикларда бир ерда турғун ва кўчманчи ҳаёт кечиришади, ўрта ва шимолий кенгликларда қишловга учиб ўтиш ҳаётини кечиради.

Ғозларнинг барча турлари спорт объектлари, айрим жойларда овчилик соҳасининг асоси ҳисобланади. Жаҳоннинг кўплаб ҳудудларида ғозсимонларнинг кескин камайиши кузатилмоқда. Бунинг ҳисобсиз ов қилиш, табиат ўзгаришлари, сувнинг инсон томонидан ифлосланганлиги, табиатнинг кўп жойлари эгаллаб олиниши натижасида ғозларга ин қуриш ва қишлаш учун жойлар қисқариб бораётганлиги ўз таъсирини кўрсатмоқда. Ғозлар жуда ҳам гомоген подотряд бўлганликлари учун ер юзи бўйича 1 та Anatidae оиласида 48–51 та яшаётган ғоз турлари мавжуд.

Ғоз зотлари

Арзамас ғозлари

Русь эски ғоз зотларидан. XVII асрда уруштириш учун яратилган зот. Номини Арзамас шаҳри номидан олинган. XIX аср бошларидан гўшт йўналишидаги ғоз зоти сифатида кўпайтирилган.

Оқ тусли ва кенг, бақувват гавдали ғоз. Чидамли, тез етилувчи зот, гўштининг юқори сифати ва катта миқдордаги оппоқ пат ва парлари хомашёси билан ажралиб туради. Ғозлар 63 кунлигида 3,5–3,7 кг. ни ташкил этади.

Мавсумда 25–30 дона тухум беради. Тухумининг уруғланиши 80–90%, оғирлиги 170 г, ранги оқ рангда. Ғозларнинг тирик вазни: эркаклари – 7–8 кг, урғочилари – 6–7 кг. ни ташкил этади.

Виштинес зоти

Виштинес – Литва ва Шарқий Пруссия ғозлари билан кейинчалик Эмден ва Померан зотларини мураккаб чатиштириш орқали яратилган. Бу ғоз зоти асосан Болтиқбўйида тарқалган. Уни семиртириб, катта жигари ҳамда сифатли пат ва парлари учун боқилади. Ранги оқ тусли, мавсумда 25–40 дона тухум беради, улардан 64–65 фоизи очиб чиқади. Тухумининг оғирлиги 170–180 г. Тухум беришни 310 кунлик ёшидан бошлайди. Ғозларнинг тирик вазни: эркаги – 6–6,5 кг, урғочиси – 5,5–6 кг бўлади.

Йирик кул ранг зотли ғозлар

XX асрнинг 50-йилларида Ромен ва Тулуза зотларини чатиштириш, кейинчалик уларнинг катта тирик вазни ва тухум беришига қараб саралаб яратилган зот. Бу зот бир вақтнинг ўзида Украина паррандачилик илмий ишлаб чиқариш институтида ва Россиянинг Тамбов вилоятидаги “Арженка” хўжалигида яратилган. Шунинг учун бу зот 2 та – Боровский ва Тамбовский типларига бўлинади.

Маҳсулдор зот, гўшти жуда сифатли. Йилига 35–45 дона, икки циклда 60 донагача тухум беради. Тухумининг вазни 175 г, ранги оқ, тухум бериши мавсумли – февраль, апрель ойлари. Апрель-май ойларидан тухумининг уруғланиши пасайиб кетади. Тухумдан ғоз жўжаларини очиб чиқиши 55–60 фоизни ташкил этади. Ёш ғозларнинг 60 кунлигида тирик вазни 4–4,5 кг. ни ташкил этади. Ёғли жигарининг оғирлиги 350–450 г. Ғозларнинг вазни: эркаги – 7–9 кг, урғочиси – 6–8 кг бўлади.

Хитой зотли ғозлар

Ушбу зот кўп асрлар олдин хонакилаштирилган Қуруқ бурун (сухонос) ғозидан яратилган. XVIII асрда Хитойдан Европага келтирилган. Йилига 45–70 дона, алоҳида маҳсулдорлари 100 донагача тухум беради.

Ажойиб ташқи кўриниши, серҳаракатлилиги билан ажралиб туради. Тухумининг оғирлиги 120 г, ранги оқ-қаймоқ ранг, 9 ойлик ёшидан тухум беришни бошлайди. Тухумдан ғоз жўжаларини очиб чиқиши 75–80 фоизни ташкил этади. Ёш ғозларнинг 60 кунлигидаги тирик вазни 3–3,5 кг. Гўшти ёғсиз, нозик ва ширин мазали. Тирик вазни: эркаги – 5 кг, урғочиси – 4 кг.

Кубань зотли ғозлар

Хитой ва Горковь зотлари асосида Кубань қишлоқ хўжалик институтининг Паррандачилик кафедраси ходимлари томонидан XX асрнинг 60-йилларида яратилган.

Юқори маҳсулдор, тухум йўналишидаги зот. Йилига 75–85 дона, айримлари 140 донагача тухум беради. Тухумининг оғирлиги 150 г, ранги оқ-қаймоқ ранг, жинсий етуклиги 240–260 кунда, бир йилда 220–280 кун тухум беради. Тухумдан ғоз жўжаларини очиб чиқиши 75–84 фоизни ташкил этади. Ёш ғозларнинг 60-кунлигидаги тирик вазни 3,4–3,7 кг. ни ташкил этади. Гўшти ёғсиз, нозик ва мазали. Тирик вазни: эркаги –5,5–6 кг, урғочиси – 5–5,5 кг.

Горковь зотли ғозлар

XX асрнинг 50-йиллари Россиянинг Горковь вилоятида Хитой зотли ғозлар билан маҳаллий зотларни чатиштириб, қони Солнечногор зоти билан аралаштирилган.

Юқори маҳсулдор зот, гўшт ва тухум маҳсулдорлигини ўзида жамлаштирган. Жинсий етукликка 200–250 кунлигида эришилади. Ёш ғозларнинг 60-кунлигида тирик вазни 3,5–3,8 кг. ни ташкил этади. Йилига 45–50 дона тухум беради, оғирлиги 150 г, ранги оқ. Тухумининг уруғланганлиги 90%, жўжа очиб чиқиши 70–80 фоизни ташкил этади. Тирик вазни: эркаги – 7–8 кг, урғочиси – 6–7 кг.

Италия зотли ғозлар

Италия маҳаллий ғоз зотларидан мукаммалаштириш орқали яратилган зот. XIX асрнинг иккинчи ярмидан буён маълум.

Маҳсулдор, тухум йўналишидаги зот, гўшти сифатли. Йилига 45–55 дона, икки циклда 70–80 дона тухум беради. Тухумининг вазни 165 г, ранги оқ. Тухумдан ғоз жўжаларини очиб чиқиши 65–70 фоизни ташкил этади. Ёш ғозларнинг 9–10 ҳафталигидаги тирик вазни 4–4,2 кг. ни ташкил этади. Тухум босиш инстинкти мавжуд.

Бу зот ёғли жигар етиштириш учун ҳам боқилади. Семиртирилган ғознинг тирик вазни 8 кг бўлса, ундан 500–600 г ёғли жигар олиш мумкин. Тирик вазни: эркаги – 5,5–7 кг, урғочиси – 4,5–6 кг.

Рейн оқ зотли ғози

Германиянинг маҳаллий ғоз зотларидан тўғри селекция ишлари орқали яратилган.

Тез етилувчи, тухум йўналишидаги ғоз зоти, сифатли гўшти билан маълум. Йилига бир циклда 45–50 дона, икки циклда 65–80 дона тухум беради. Тухумининг оғирлиги 170 г, ранги оқ. Маҳсулдор, тухум йўналишидаги зот, гўшти сифатли. Тухумдан ғоз жўжаларини очиб чиқиши 65–70 фоизни ташкил этади. Ёш ғозларнинг 63 кунлигидаги ёшида тирик вазни 3,8–4 кг. ни ташкил этади. Ёғли жигар етиштириш учун ҳам боқилади, 500–600 г. гача ёғли жигар олиш мумкин. Тирик вазни: эркаги – 6,5 кг, урғочиси – 5,5 кг.

Псков кал ғози

Қадимий Русь зоти бўлиб, Псков губерниясида маҳаллий уй зотларини ёввойи оқпешона зоти билан чатиштириш орқали яратилган.

Йиллик тухум бериш 20–25 донани ташкил этади. Тухумининг оғирлиги 180 г, ранги оқ. Ёш ғозларнинг 63 кунлигидаги тирик вазни 3,9–4,2 кг. ни ташкил этади. Тирик вазни: эркаги – 7,5–8,5 кг, урғочиси – 6,5–7,5 кг.

Ромен зотли ғозлар

Полтава вилоятида маҳаллий ғозларни чатиштириш ва улардан маҳсулдорларини саралаб олиш орқали яратилган зот. Украинанинг Черниговск, Сумск, Полтава, Киев ва бошқа вилоятларда кенг тарқалган.

Ғозларнинг тирик вазни: эркаги – 6 кг, урғочиси –5,5 кг тош босади. Ёш ғозларнинг 60 кунлигидаги тирик вазни 3,4–3,5 кг. ни ташкил этади. Йилига бир циклда 15–20 дона тухум беради, оғирлиги 160–170 г. ни ташкил этади. Тухумдан ғоз жўжаларининг очиб чиқиши 55–60 фоизни ташкил этади.

Холмогор зотли ғозлари

Қадимий Русь зоти. Россиянинг марказий вилоятларидаги маҳаллий оқ рангли зотлар билан Хитой зотини чатиштириш орқали яратилган зот.

Кучли, чидамли, гўшт йўналишидаги, ажойиб ташқи кўринишга эга бўлган зот. Йилига 30–40 дона тухум беради, оғизлиги 190 г, ранги оқ. Ёш ғозларнинг 60 кунлигидаги тирик вазни 3,9 кг. ни ташкил этади. Тухумдан ғоз жўжаларини очиб чиқиши 50 фоизни ташкил этади.

Тула жанговор зотли ғози

Қадимий Русь зоти. Бир неча асрлардан бери ғоз жангларини ўтказиш учун қўллаб келинмоқда.

Чидамли, ноёб ташқи кўринишга ва жанговор хусусиятларга эга бўлган русь зотини сақлаб қолиш. Йилига 25 дона тухум беради, оғирлиги 150 г, ранги оқ. Ёш ғозларнинг 60 кунлигидаги тирик вазни 4 кг. ни ташкил этади. Она ғоз тухумлардан жўжаларни яхши очиб чиқади ва ҳимоя қилади. Тирик вазни: эркаги – 5,5 кг, урғочиси – 5–5,5 кг. ни ташкил этади.

  П.Рахматуллаев, Х.Нормухамедов

Дўстларингизга ҳам улашинг!