Куркаларни сақлашда гигиена талаблари

Куркаларни сақлашда гигиена талаблари – куркачиликда асосий олинадиган маҳсулот гўшт ҳисобланади. Курка жўжаларини ўстириш тўғри ташкил этилса бир кг ўсишга 3,5 – 4,5 кг озиқа сарфлаб, 90 – 100 кунлигида курка оғирлигини 3,5 – 4 кг га етказиш мумкин. 120 – 150 кунлигида куркалар 4,5 – 6 кг оғирликка етади.

Куркаларни ўстириш ва сақлашда тўйимли озиқа ва микроиқлим шароитини таъминлаш алоҳида эътиборни талаб этади. Наслли она куркалар кенг ҳажмли алоҳида бўлимларга бўлинган биноларда ва алмаштирилмайдиган тўшамаларда сақланади. Ҳар бир бўлимга 2,0 – 2,5 м2 пол юзаси ҳисобида 500 бошгача курка жойлаштирилади. Ҳар 4 – 5 бош курка учун оддий ёки механизасиялаштирилган уя қилинади.

Куркалар асосан қуруқ озиқалар билан боқилади. Ҳар бир курка учун озиқланиш оралиғи 8 см, суғориш оралиғи 4 см узунликда қилинади. Она куркалар сақланадиган биноларда йил давомида ҳарорат +16°С, нисбий намлик 60 – 70% бўлиши керак. Ҳавонинг алмашиши хар 1 кг тирик вазн ҳисобига қиш пайтлари 1,2 – 1,5 м³ва бошқа пайтларда 6 м³ гача боради.

Замонавий курка боқиладиган паррандачилик фабрикаси йирик корхона бўлиб, у ерда йил давомида узлуксиз курка жўжаси гўшти етиштирилади. Бунда катта ёшдаги куркалар сақлайдиган, инкубасия қиладиган, тухум етказадиган ва бош сонни тўлдирувчи ёш куркаларни бокадиган ва бошқа бўлимлардан иборат бўлади.

Инкубаторияда бир кунлик жўжа чиққандан сўнг, улар сараланади ва 8 – 10 минг бошдан қилиб батарея цехларидаги катакларга ўтказилиб 20 – 30 кунлигигача боқилади. ўстириладиган цехдан курка жўжалари мослашадиган цехга ўтказилиб 60 кунлигигача сақланади. Кейин йўналишига қараб ўстириладиган жўжалар бўрдоқичилик ёки бош сонини тўлдирадиган биноларга ўтказилади. Ёз пайтлари ўсишдаги жўжалар лагерларга чиқарилади.

Бир кунлик жўжалар КБE-1 катакли батареяда боқилади. Ҳар бир катакка 12 бошдан жойлаштирилади ёки хар 1 м² катак пол юзасига 30 бошдан курка тўғри келади. Полда сақланганда жўжаларнинг зичлиги 31 – 60 кунлигида 8 та, 61 – 90 кунлигида 5 та, 91 – 180 кунлигида 3 тадан ҳар 1 м² пол юзасига жойлаштирилади. Паррандахоналар ичида уларни ўтириши учун қўноқлар қилинади. Қўноқларнинг узунлиги ҳар бир курка учун 35 – 40 см бўлиши ва қўноқлар ёғочининг оралиғи эса 50 см бўлиши керак. Қўноқ ёғочларини кенглиги 6 см, полдан баландлиги 50 см бўлади. Полда сақланганда жўжалар учун ҳавонинг ҳарорати +22°- 20°С, брудерламинг соябони тагида биринчи кунлари +32° – 31°С ва нисбий намлиги 60 – 70% бўлади.

Жўжалар катакларда сақланганда бино ҳарорати 1-3 кунлигида +31°- 30°С, нисбий намлиги 74 – 72%, 4 – 5 кунлигида эса +29° – 28°С ва 72 – 70%, 6 – 1 0 кунлигида +27° – 24°С ва 70 – 64%, 11-15 кунлигида +24° – 23°С ва 64 – 62%, 1 6 – 2 0 кунлигида эса +22° – 21°С ва 62 – 60% бўлиши керак.

60 – кунликгача бўлган жўжалар учун ҳавонинг алмашиниши ҳар бир кг тирик вазнига совуқ вақтларда 1,1 – 1,4 м³, фаслдан фаслга ўтиш даврида 1,7 – 4,6 ва ҳавонинг иссиқ пайтларида эса 5 – 7 м³ га тўғри келиши керак.

Куркаларни боқишда озиқлантириш асосий ўринни эгаллайди. Уларни ҳамма вақт тўйимли озиқалар билан таъминлаш зарур. Куркалар, айниқса ёшлари доимо кўк озиқаларга яъни ўстирилган дон, кўк пиёз ва бошқаларга муҳтож бўлади.

Манба: «ЗООГИГИЕНА ВА ГEНEТИКА» фанидан дарслик. Х.Б.ЮНУСОВ, У.Қ.ИЗБАСАРОВ, Э.С.ШАПТАКОВ, A.Қ.ТУРДИЕВ, Л.А.ХУЖАНОВА