Паррандаларда клоацит қасаллик белгилари, даволаш ва профилактикаси

Клоацит (Kloasitis)клоака шиллиқ пардасининг яллиғланиши бўлиб, барча турдаги ва ёшдаги паррандаларнинг, айниқса янги тухумга кирган товуқлар ва урдакларнинг касалланиши кўп қайд этилади.

Сабаблари. Рационда протеиннинг, айниқса ҳайвонот оламига хос оқсилларнинг ортиқчалиги ҳамда кўкат ва ширали озиқаларнинг етишмовчилиги оқибатида сийдикчил тузларнинг кўплаб ҳосил бўлиши ва клоака шиллиқ пардасининг таъсирланишига сабаб бўлади.. Паррандаларга жуда дағал озиқалар берилиши, клоаканинг турли хил травмалари ҳамда тухумнинг жуда катта бўлиши ҳам клоака шиллиқ пардасининг яллиғланишига сабаб бўлиши мумкин.

Белгилари. Касалликнинг дастлаки босқичларида клоака шиллиқ пардасида эррозияли, кейинчалик фибриноз – мембраноз яллиғланиш ривожланиб, яралар ҳосил бўлади, клоака юзасининг торайиши ёки бутунлай бекилиб қолиши кузатилиши мумкин. Клоака атрофи терисининг яллиғланиши ва тезак билан ифлосланиши, тухум беришнинг оғриқли бўлиши ёки бутунлай тўхташи қайд этилади. Паррандаларда кучли ариқлаш кузатилади.

Даволаш ва профилактикаси. Паррандалар орасида касаллик қайд этилганда ҳамма паррандаларга бериладиган ретинол, кальциферол ва токоферолнинг миқдори кўпайтирилади. Рационда оқсилли озиқаларнинг ортиқча бўлишига йўл қўйилмайди ва кўкат озиқалар билан бойитилади. Касал паррандалар алоҳида жойга ажратилади, клоака  тезакдан тозаланиб, шиллиқ пардасига йодглицерин ёки фурациллинли малҳам билан ишлов берилади.

Рационда протеиннинг, айниқса ҳайвонот оламига хос оқсилларнинг ортиқчалиги ҳамда кўкат ва ширали озиқаларнинг етишмовчилиги бартараф этилиши лозим.

Манба: «Пaррaндaлaрнинг юқумсиз касалликлари» Муаллиф: СамҚXИ ҳайвонлар касалликлари ва паразитология кафедрасининг доценти Эшбўриев Б.М.