Паррандаларда ретинолнинг етишмовчилиги

Ретинолнинг етишмовчилиги (А гиповитаминози, A Hypovitaminosis) – кўпинча тухумдан чиққан ёш жўжаларда ва бройлерларни гўштга боқиш даврида учрайди.

Сабаблари. 2 ойликкача бўлган ёшдаги жўжаларда асосан тухум таркибидаги ретинолнинг (10 мкг/г дан кам бўлиши) ва каротиноидларнинг (20 мкг/г дан кам) етишмовчилиги оқибатида келиб чиқади. Катта ёшдаги паррандаларнинг касалланишига эса рацион таркибида ретинолнинг етишмаслиги сабаб бўлади.

Ривожланиши. Паррандаларда ретинол жигарда заҳира ҳолида тўпланиб туради ва эҳтиёжга яраша сарфланади. Организмда ретинолнинг етишмовчилиги оқсил, ёғлар, фосфор ва бошқа моддалар алмашинувининг бузилишига сабаб бўлади. Ретинол ёш организмнинг нормал ўсиши ва ривожланишини, катта ёшда кўпайиш фаолияти ва маҳсулдорликни таъминловчи омил ҳисобланади. Унинг танқислигида шиллиқ пардаларнинг креатинизацияси, ҳазм ва нафас тизими касалликларига мойилликнинг ортиши, суяк ва нерв тўқимаси ривожланишининг бузилиши, кўз касалликларининг келиб чиқиши ва организмнинг иммунобиологик хусусиятларининг издан чиқиши кузатилади.

Белгилари. Клиник белгилар аста – секин ривожланиб боради, аввалига тож ва сирғаларнинг оқариши, кейинчалик кўкариши, умумий ҳолсизланиш белгилари, иштаҳанинг пасайиши, ўсишдан қолиш, ариқлаш, терининг юпқалашиши, конъюктивит, патларнинг ҳурпайиши, нафас ва ҳазм тизимларининг жароҳатланиши белгилари (бурун тешикларидан зардобли катарал оқмалар оқиши, ларинготрахеит, жиғилдон, ошқозон, ичаклар ва клоаканинг яллиғланиши) кузатилади. Тил ва томоқнинг сарғич – оқимтир масса билан қопланиши, нерв фаолиятининг бузилиши белгилари (бўйиннинг буралиб қолиши, фалажи), она товуқларда тухум беришнинг, тухум таркибидаги ретинол ва каротиноидларнинг кескин камайиши характерли бўлади.

Диагноз. Анамнез маълумотлари, касалликка хос клиник белгилар, лаборатория текширишлари асосида қўйилади. Нафас йўллари жароҳатланиши ва конъюктиванинг жароҳатланиши билан ўтадиган юқумли касалликлардан фарқлаш лозим.

Даволаш. Касалликнинг сабаблари йўқотилади. Рационга кўк озиқалар, ўт уни ёки ретинол сақловчи препаратлар киритилади.

Ретинолнинг даволовчи дозалари профилактик дозасидан 3 – 5 марта кўп бўлиб, даволаш 2 – 3 ҳафта давом этади.

Профилактикаси. Паррандалар рациони ретинол ва каротиноидлар билан етарлича таъминланади. Инкубацияга қўйиладиган тухумларнинг таркибида А витаминининг миқдори меъёрлар даражасида бўлиши лозим. Паррандалар учун каротиннинг асосий манбаси ўт унлари ҳисобланади. Уларнинг рациондаги миқдори 7 – 8% ни ташкил этиши керак.

Паррандаларнинг ретинолга бўлган суткалик эҳтиёжи катта товуқларда 2 – 3; 1 ойгача бўлган жўжаларда – 0,3; 1 – 2 ойлик жўжаларда – 0,8; 2 – 5 ойлик жўжаларда – 3,5; ўрдакларда – 3,5 ҲБ ни ташкил этади.