Ўзбекистон Қуёнчилик хўжаликлари ассоциацияси ҳозирги пандемия даврида аҳолига қандай хизмат қилмоқда?

Бугунги шароит шу юрт фарзанди бўлган ҳар бир инсонни янада масъулиятли бўлишга ундамоқда. Ҳеч кимнинг жим қараб туришга ҳаққи йўқ. Агар қўлидан келса, имконияти бўлса, пандемияга қарши курашиш учун ёрдам берса нур устига нур. Зеро, бугун озиқ-овқат хавфсизлиги бутун дунё миқёсида долзарб вазифага айланмоқда.

Эътиборлиси шундаки, Ўзбекистон бу борада кенг имкониятларга эга. Юртимиз замини саховатли. Халқимиз тадбиркор ва меҳнаткаш. Қолаверса, ушбу масала ҳукуматнинг, давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида. Жорий йилнинг 14 апрель куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам ушбу масалалар муҳокама қилинди. Бу борадаги ишларни жадаллаштириш бўйича кўплаб вазифалар, хусусан, мева-сабзавотчилик ва чорвачилик тармоқларида маҳсулот етиштириш ҳажмини 2 баробарга ошириш вазифаси қўйилди.

Айтиш жоизки, кейинги йилларда мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманини шу тармоққа ихтисослаштириш бўйича алоҳида қарорлар қабул қилингани, умуман, тармоқда илгари бўлмаган рағбатлантириш механизми йўлга қўйилгани, наслли моллар учун 2 миллион сўмгача, наслли қўй ва эчкига 400 минг сўмдан субсидия ажратиш механизми жорий этилгани фикримиз тасдиғидир. Бундан ташқари, жойларда йирик замонавий чорва комплекслари ишга туширилмоқда. Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида ташкил этилаётган Қуёнчилик кластери лойиҳаси ҳам айнан чорвачилик соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга ёрқин мисол бўла олади. Бинобарин, ушбу лойиҳа натижасида вилоятда истиқомат қилаётган 7500 киши ўз томорқасида қуёнчилик билан шуғулланиб, йилига 20 миллион сўмдан 25 миллион сўмгача соф даромад олиш имкониятига эга бўлади. Кластер доирасида аҳолига қуён, унинг ем-озуқаси, керакли анжомлар етказиб бериш ҳамда ветеринария хизматлари таъминотчи-интегратор компаниялар томонидан амалга оширилади. Етилган қуёнларни эса аҳолидан марказлашган кушхоналар орқали қабул қилиб олиш механизми ишлаб чиқилган. Бу билан биз экологик тоза ва парҳезбоп ҳисобланган қуён гўштини аҳолига сифатли қилиб етказиш берамиз. Шу билан бирга, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳам ўз ҳиссамизни қўшамиз.

Умуман олганда, ассоциациямиз бу борада фаол бўлишга ҳаракат қилмоқда. Шу мақсадда видеоселектор йиғилишида берилган топшириқларга биноан, аҳоли озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан муҳим чоралар кўряпти. Яъни эндиликда Тошкент шаҳридаги бозорлар ва дўконларда парҳезбоп ва экологик тоза қуён гўштини имтиёзли нархларда харид қилиш имкониятини яратмоқда.

Шунингдек, ассоциациямиз томонидан қуён гўшти кам таъминланган ва молиявий кўмакка муҳтож оилаларга бепул етказиб бериляпти. Бу орқали халқимизнинг бошига келган бу синовли мусибатларни бирга сабр ва матонат билан енгиб ўтишга ҳаракат қиляпмиз.

Яна бир янгилик: Ўзбекистон қуёнчилик хўжаликлари ассоциацияси хайрия акциясига ҳам қўл урди. У орқали уруш ва меҳнат фахрийлари ҳамда пансионатларни ҳам қуён гўшти билан таъминлашга киришмоқда. Зеро, жамоамиз бу синовни фақатгина аҳиллик ва бирдамлик билан енга олишимизга ишонади.

Абдураззоқ ИБРАГИМОВ, Ўзбекистон Қуёнчилик хўжаликлари ассоциацияси раиси. Манба: xs.uz