Кириш. Республикамизда қуёнчиликка бўлган эътибор йилданйилга ортиб бормоқда. Қуёнчилик аҳолининг гўшт ва қимматли мўйнага бўлган эҳтиёжини қондиришда муҳим ҳисобланади.
Қуён гўшти инсон организмида тез ҳазм бўладиган парҳез таом сифатида тавсия қилинади.
Президентимиз Sh.Mirziyoyevning 2021 йил 3 мартдаги “Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллабқувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ қуёнчиликни ривожлантиришга субсидиялар ва кредитлар ажратиш, наслчилик ишларини яхшилаш, озуқа базасини яратиш, қуёнчилик маҳсулотларини етиштириш ва уни қайта ишлаш соҳасида ишлаб чиқилган инновацион технологияларни кенг жорий этиш учун илмий тадқиқот ишларини олиб боришни ташкил қилиш вазифалари белгиланган. Қуёнчиликда юқори самарадорликка эришиш соҳа рентабеллигини оширишга қуёнларда учрайдиган минерал модда алмашинуви бузилиши касалликлари, шу жумладан, кальций ва фосфор алмашинуви бузилиши касаллиги катта тўсиқ бўлмоқда.
Бир қатор хорижий олимлар ҳам ушбу масалани ўрганиш бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб боришган. Жумладан, мўйналиҳайвонларда клиник ва патоморфологик белгилар ўрганилган. Са ва Р етишмаганда фиброз остеодистрофия касаллиги келиб чиқиши мумкин. (В.А Герасимчик, 2011, Дорош V.M, 2007).
Қуёнлар ҳаёт фаолияти учун зарур бўлган кальций озуқа билан етарли даражада организмга тушиши керак, чунки у қуён танаси ҳужайра ва тўқималари таркибига киради, суякланиш жараёнларида иштирок этади. (Эвтушенко A.F, 1992).
Қуёнлар организми учун кальций ва фосфор катта аҳамиятга эга бўлиб, улар организмидан барча минерал моддаларнинг 65-70% ни ташкил этади. Кальций ва фосфор организмда модда алмашинуви жараёнларида қатнашиб, суяк ва тиш тўқимасининг структурасини ташкил этади (V.P.Ryutova 1985).
Касаллик оқибатида қуёнларда маҳсулдорликнинг кескин камайиши, маҳсулотлар таннархининг ортиши ва ветеринария харажатлари ҳисобига хўжаликларга катта зарар етказилмоқда.
Адабиёт маълумотларининг таҳлили ва шахсий кузатишлардан маълум бўлдики, қуёнлар орасида кальций ва фосфор алмашинуви бузилиши кенг тарқалган.
Аммо касалликнинг сабаблари, унинг экологик ҳолат ва бошқа омиллар билан боғлиқлиги, барвақт диагностика қилиш, гуруҳ усулида олдини олиш чора тадбирлари тўлиқ ишлаб чиқилмаган.
Қуёнлардан юқори ва сифатли маҳсулот олиш, қуёнларни кўпайтириш, уларда учрайдиган минераллар алмашинуви бузилиши касалликларининг олдини олиш усулларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш бугунги куннинг долзарб муаммоларидан ҳисобланади.
Тадқиқотнинг мақсади: қуёнларда учрайдиган кальций ва фосфор алмашинуви бузилиши касалликларининг тарқалиши, этиологияси ва симптомларини ўрганиш.
Тадқиқотлар жойи, обекти ва услублари: Тадқиқотлар Самарқанд вилояти Жомбой тумани «Жура» қуёнчилик хўжалигида 100 бош великан зотли қуёнларда диспансер текширишлар асосида ўтказилди.
Диспансер текширишлар давомида хўжаликдаги она қуёнлар сақлаш ва озиқлантириш шароитлари таҳлил қилинди. Қуёнларда кальций ва фосфор алмашинуви бузилишининг клиник белгиларини ўрганиш мақсадида хўжаликдаги 10 бош туғишига 10 кун қолгандан бошлаб, клиник текширишлар ҳар 10 кунда бир марта 30 кун давомида ўтказиб турилди.
Клиник текширишлар орқали қуёнларда иштаҳаси, семизлик даражаси, тана қопламаси, шиллиқ пардалар ранги, тишлар ва суякларнинг шаклига эътибор берилди. Тана ҳарорати, бир дақиқадаги пульс ва нафас сони аниқланди.
Тадқиқот натижалари ва уларнинг таҳлили. Қуёнлар 3,5-4 ойлик даврда ниҳоятда тез ўсади ва сарфланган озуқани маҳсулот билан қоплайди, рационда оқсил миқдори -100 г озуқа бирлигига 16 граммдан кам бўлмаслиги керак. Қуруқ модда таркибидаги хом клетчатка 16-18% бўлиши лозим.
Рацион структурасида дағал озиқалар 36,48% ни, ширали озиқалар 19,80%, концентрат озиқалар 43,11% ни ташкил этди. Кальций фосфор нисбати (меъёрда 1,6:1 нисбатда булиши керак) 1,96:1 ни ташкил этди. Қуёнлар рационидаги кальций ва фосфор нисбатларининг бузилиши улар организмида кальций ва фосфор алмашинувининг бузилишига олиб келади. Чунки эмизикли даврда сут билан чиққан кальций миқдорини организм қоплай олмайди.
Рациондаги тўйимли моддалар билан қуёнларнинг таъминланиш даражаси кальцийни 88,46%, фосфор 70,87% каротин 66,5%, хом клетчатка 194,2%, қуруқ модда 92,56%, ҳазмланувчи протеин 94,76% ни ташкил этди.
Клиник текширишлар билан қуёнлар бўғозлик даврида ташқи таъсирларга нисбатан бефарқлик, пульс тезлашиши ва шиллиқ пардалар оқариши, кесувчи тишлар қимирлаши, қуёнларни пайпаслаб кўрилганда қовурғалар орасида бўртиқлар сезилади, семизлик даражаси ўртадан паст, жунлар тушиши, тери қопламаси ялтироқлик даражасининг пасайиши характерли бўлди. 1 дақиқада нафас сони бўғозликнинг 20-кунида ўртача 45 марта, туққандан кейинги 10 куни ўртача 47 мартани (меъёрда 1 дақиқада 50-60 марта), 1 дақиқадаги юрак уриш сони шунга мос равишда ўртача 100-110 мартани (меъёрда 1дақиқада юрак уриш сони 120-140 марта) ташкил қилди. Бўғоз қуёнларнинг ўртача 50-60% да капрофагия ҳолати кузатилди.
Текширишлар охирида бўғоз қуёнларда минерал моддалар алмашинуви бузилишларига хос клиник белгилар – иштаҳанинг ўзгариши, ташқи таъсирларга нисбатан бефарқлик, шиллиқ пардаларнинг оқариши, айримларида юрак уриши тезлашиши, жунлар тушиши кузатилди. Тажриба натижаларига таяниб, қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:
Қуёнларда кальций ва фосфор алмашинуви бузилишларининг келиб чиқишида рационлар типи, таркиби ва тўйимлилиги бўйича организм эҳтиёжларини тўлиқ қондирмаслиги, уларнинг оқсиллилик ва энергетик жиҳатдан номутаносиблиги, таркибида биологик фаол моддалар етишмаслиги, кальций-фосфор (1,96:1) нисбатлари пастлиги аниқланди.
Собир ЭШБЎРИEВ, В.ф.д, доцент, илмий раҳбар, Усмон ҚАРШИEВ, ассистент, мустақил изланувчи Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети.
Манба: «АГРО ИЛМ» – ЎЗБEКИСТОН ҚИШЛОҚ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ ЖУРНАЛИ №3. 2022




















