Панжалар ёстиқчасида яра ва тешиклар пайдо бўлиши билан кузатиладиган катта қуёнлар орасида тараққий этган касаллик.
Ушбу касалликка тирик вазни оғир ва панжалардаги момиқлари ёмон ривожланган қуёнлар кўп таъсирчандир. Қуёнхона ва катакларнинг антисанитар ҳолати, ортиқча намлик ва ҳаво ҳароратининг ҳаддан ташқари юқори бўлиши касаллик тараққиётига омил бўлади.
Касалликнинг илк босқичида жадал шўралаш оқибатида оёқ тагининг дарз кетиши, ғурра ва ўсимталар пайдо бўлиши, панжалардан тез-тез қонли сариқсув чиқиши ёки кучсиз қон кетиши кузатилади. Кейинчалик йирингли яра ва тешиклар ҳосил бўлади. Жониворлар эзилиб, иштаҳаси йўқолади, гоҳ у гоҳ бу оёғида туришади, оёқларини чўзиб кўп ётади, озиб-тўзиб, аксарият ҳолларда нобуд бўлишади.
Даволаш усуллари. Ҳар куни жароҳатларга 10% ли қўрғошин ёки рух суртмаси суртилади. Яралардаги қуриган тери ва ўлик тўқималар механик усулда олинади, 1-2% ли йод билан ишлов берилади. Қон оқими тўхтатилгач жароҳатга окситетрациклин (окситетрациклин дигидрат), тетрациклин сепмаси сепилади ёки Вишневский сурмаси суртилади. Ишлов берилган жойларни маҳкамловчи боғлама билан боғлаган маъқул.
Агар касалга чалинган қуён қиймати юқори бўлмаса уни сўйиш, терисини шилиб олиб, гўштини кўмиб ташлаш мақсадга мувофиқдир.
Касалликнинг олдини олиш чоралари:
касалга чалинган ёки ушбу касаллик билан касалланишга майил бўлган панжалардаги момиқлари ёмон ривожланган) қуёнларни яроқсиз қуёнлар гуруҳига ажратиб қўйиш;
катакларни тоза тутиш;
катакдаги тўрдан қилинган полга 35х25 см ли ёғоч пол ётқизиш;
катакларни янги сўлдирилган оҳак билан оқлаш.
Манба: «Томорқа хўжалигида қуёнчилик боқиш, парваришлаш ва кўпайтириш бўйича тавсиялар» Долимов Шокир Зокирович




















