Соғлом қуён харид қилиш бўйича тавсиялар

Қуённи малакали мутахассислар ишлайдиган ва қимматли тавсиялар олиш мумкин бўлган қуёнбоқарлар жамияти ёки қуёнчиликка ихтисослашган хўжаликлардан харид қилган маъқулдир.
Бирор-бир қуёнбоқар хонадонидан 2-3 ойга тўлган ёш қуён харид қилингани ҳам яхши. Шундай қилинса қуён емининг таркиби, режими ва боқилган шароитини кескин ўзгартириб юборилишига йўл қўйилмайди. Насл олинадиган, ёши урғочи қуёндан 2-3 ой катта, жуссаси йирикроқ эркак қуён ҳам айни шу зотдан, лекин урғочига қариндош бўлмаган, яна яхшиси бошқа хўжаликдан харид қилиниши лозим. Қуён зотдор-у, фақат яхши емланмаган деб ишонтиришга ҳарчанд уринсалар ҳам ланж ва озғин қуённи харид қилманг.
Ёдингизда бўлсин! Соғлом қуён озғин бўлмайди!
Тумшуқчаси ҳўл (нам), қулоғининг чаноқлари тоза бўлмаган, думининг таги ифлосланган қуён харид қилинмайди. Бўйнидан ушлаб кўтарилган соғлом қуён эластик пружинани эслатади. Шалвираган заиф қуён эса – шалпайганича осилиб туради. Жинсий органининг ташқи кўриниши ва ҳолатига эътибор қаратилади. Органининг шакли бузилган, тошма тошган ва шу каби бошқа оғишларга эга қуён ҳам харид қилинмайди. Оёқ тукларининг кафт ичига ёпишиб қолганлиги – юқумли тумов аломатидир. Соғлом қуён кўзлари равшан, жонли, қовоқлари шишмаган, баданидаги юнг қопламаси силлиқ ва ялтироқ бўлади.
Қуён танлашда зотининг аҳамияти жуда катта. Хусусан, гўштга ихтисослашган йирик қуён зотининг тирик вазни зоти паст қуёнга нисбатан 4-5 баробар ортиқ бўлади. Терисининг сифати бўйича ҳам фарқи сезиларли даражада аҳамиятлидир. Мисол учун, асл зотли совет шиншилласининг териси шу қадар чиройлики, ҳеч қандай чатиштириш амаллари бунчалик гўзал тусдошлик натижасини бермайди. Шу сабабли қуёнбоқарликка эндигина киришган киши тоза зотли қуён харид қилиши ва илк кезларда чатиштиришга ошиқмагани маъқулдир.
Кенг тарқалган маҳаллий зотлардан танлаб олсангиз, қуёнчилик соҳасида бошлаган ишларингиз нисбатан ишончли кечади. Бунинг сабаби аён, биринчидан, қуённи сиз арзон нархга харид қилиб оласиз. Иккинчидан, унинг бошини кўпайтириш билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келмайсиз. Бошқалар билан ажриба ўртоқлашиш, зотли насл етиштириш ва ниҳоят ўз муваффақиятларингизни қўшниларингиз муваффақиятлари билан таққослаб бориш имконига эга бўласиз.
Қуённи наслдор хўжаликлардан ёки қобилиятини амалда кўрсатган, урчитиб берувчи асл зотли эркак қуёнларга эга қуёнбоқардан харид қилиш керак. Уларда мавжуд ёш қуёнлар доимо йирик, урғочи қуёнлари эса – серсут бўлади. Икки-уч маротаба ҳар йили 4 маротаба болалаган ва ҳар сафар 8-10 бошдан соғлом бола етиштирган кўп туғар қуён инидаги қуёнчаларни харид қилган афзалдир. Наслдор хўжаликлардан қуён харид қилсангиз кам таваккал қилган бўласиз. Зеро бундай хўжаликларда фақат соғлом қуён боқилиб, янги зотлар яратилади. Яхши қуёнбоқар зотлар шажарасини юритиб бориб, ўз жониворлари ҳақида кўплаб қўшимча маълумотлар бериши
мумкин.

Манба: «Томорқа хўжалигида қуёнчилик», Долимов Ш.З.