Ўзбекистонда етиштирилаётган қуён илк бор Европа стандарти бўйича юқори балл олди

Бугун, 21 февраль куни Тошкент шаҳридаги «Ёшлар ижод» саройида Европадан келтирилган ва Ўзбекистон шароитида етиштиришга мослаштирилган наслдор қуёнлар кўргазмаси ташкил қилинди.

Ўзбекистонда наслли қуёнлар етиштирувчилар ассоциацияси ташаббуси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ўтказилган мазкур кўргазмада гўшт, тери, насл, мўйна ва декоратив йўналишда етиштириш учун мўлжалланган 20 хил турдаги қуёнлар намойишга қўйилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.

Марказий Осиёда биринчи бор ташкил қилинган кўргазмада Россия, Қозоғистон ва маҳаллий қуён етиштирувчи хўжалик ходимлари, мутахассислар, тадбиркорлар, қуёнчилик йўналишига қизиқувчи ёшлар иштирок этди.

«Нега бу кўргазмани ўтказаяпмиз? Тўғрисини айтиш керак, шу пайтга қадар Ўзбекистонда қуёнчилик йўналишида бирорта кўргазма ташкил қилинмаган. Нафақат кўргазма, балки қуён етиштириш, қуёнчиликда наслни тартибга солиш ишлари ҳам ўлда-жўлда қолдирилган. Буни бизда на бирор илмий йўналишдаги институт ва на кучли мутахассислар йўқлиги ҳам исботлайди.

Бугунги кунда қуён етиштирувчиларнинг кўпчилигини фермерлар ташкил қилади. Бизнинг мақсадимиз эса қишлоқ хўжалигининг, тўғри йўлга қўйилганда, энг сердаромад соҳаларидан бўлган қуёнчиликни нафақат фермер хўжаликларида, балки якка тартибдаги тадбиркорлик шаклида, аҳоли хонадонларида ҳам етиштиришни ташкил қилиш, бунда одамларимизга кўмаклашишдан иборат», — дейди ассоциация раҳбари Элмурод Ортиқов.

Кўргазмада қуёнчилик соҳасида дунё олимлари томонидан гўшт, тери, насл, мўйна ва декоратив йўналишда юқори баҳоланувчи қуёнлар, жумладан, «Фландр» қуёни ҳам намойишга қўйилди. Фландр – дунё наслчилигидаги энг йирик қуён тури ҳисобланади. Ушбу тур қуёнлари ўртача 12 килограммгача гўшт беради (дунё рекорди 24 кг деб айтилади).

Кўргазма давомида Европадан келтирилган ва Ўзбекистонда етиштирилаётган «Reks» қуёни мутахассислар томонидан тери, гўшт каби бир нечта мезонларга кўра Европа стандарти талаблари асосида синовдан ўтказилди ва 100 баллик тизимда 97 балл билан баҳоланди. Бу Ўзбекистонда етиштирилаётган қуёнларнинг илк бор дунё стандартлари асосида юқори натижага эришиши ҳисобланади.

Кўргазма эртага ҳам давом этади.

Маълумот учун, қуён гўшти парҳезбоп ва жуда фойдали ҳисобланади,  шунингдек, унинг мўйнаси ва момиғидан тайёрланган маҳсулотларга талаб доимо юқори. Қуёнлар тез кўпаяди ва тез вояга етади. Уни кичик, жумладан, шаҳар томорқа хўжалигида ҳам етиштириш мумкин.

Манба: Kun.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!