Қуёнларни боқиш ва асраш

119
Қуёнларни асраш. Хўжаликларда қуёнлар очиқ ва ёпиқ жойдаги катакларда боқилади Очиқ жойга ўрнатилган катакларда қуёнларни тоза ҳаво билан таъминланиши яхши бўлади. Тоза ҳаво қуёнлар организмини чиниқтиради, бақувват ва соғлом ўсади. Шунинг билан бирга қуёнларнинг юнглари қалин ва сифатли бўлади. Қуёнларнинг катаклари икки бўлимдан иборат: олдидаги эшиги тўрли бўлганлиги учун ёруғ, иккинчи бўлимни эшиги ёғочдан ясалганлиги туфайли қоронғи бўлади. Қоронғи бўлимда у ин қуриб болалайди, ёруғ бўлимда эса озиқланади ва ўз ҳаётининг кўп қисмини ўтказад. Қуёнлар махсус қурилган, механизасиялашган ёпиқ биноларда ҳам боқилади. Бунда қуёнларни суғориш, гўнгларини олиб чиқиш, озиқларини тайёрлаш ва уни тарқатиш, ҳавонинг ҳарорати ва намлигини бир хилда ушлаб туриш механизасия ёрдамида бажарилади.

Ёпиқ туридаги катаклар темир тўрдан ясалиб қават-қават қилиб ўрнатилади. Қаторлар орасида юриш ва озиқлантириш учун йўл қолдирилади. Ҳар бир катакнинг олдинги қисмига автосуғоргич ва автоозиклантиргич ўрнатилади. Қуёнларнинг болалаш ва болаларини эмизиш даврида катаклар ичига фанердан қилинган уя яшиклар ўрнатилади. Икки қатор қўйилган катаклар тагига махсус ариқча қилиб, унга шағал ва қум тўлдирилади, бунга қуёнларнинг сийдиги шимилади ва ахлати тушади. Ахлатлари вақт- вақти билан тозалаб турилади.

Қуёнлар учун зарур шароит. Қуёнларни кўпайтириш ва парвариш қилишда уларнинг соғлигини сақлаш ва яхши ўсишига катта аҳамият бериш лозим. Бунинг учун қуёнларнинг шароитини яхшилаш, уларни ҳар хил озиқлар билан тўлиқ таъминлаш ва касаллик тарқалишини олдини олиш тадбирларини кўриш лозим. Қуёнларга касаллик тарқалмаслиги учун қуёнхонага кириш олдига қипиқ тўшалиб, унга корбол кислота ёки креолин сепилади. Бу эритма сепилган қипиқни босиб ўтиш натижасида оёқ кийимларига ёпишган касаллик микроблари ўлади. Қуён катакларидаги озиқлантиргичлар ва сувдонларни тоза ҳолда сақлаш, уларни қайнаган сув билан буғлаш ёки дезинфекция қилувчи суюқлик билан ишлаш талаб этилади. Касаллик тарқатувчи манба сифатида қуён ахлати хизмат қилиши мумкин. Шунинг учун қуён ахлатларини ҳар куни тозалаш, қуёнхонадан олиб чиқиб гўнгхоналарга тўплаб, устини тупроқ билан кўмиш лозим. Қуён елвизак шамолга ва намликнинг кўпайиб кетишига бардош бера олмайди. Шунинг учун уларни елвизак шамолдан сақлаш, намланиб кетган тўшамаларини тозалаш ва унинг ўрнига қуруқ ва тоза тўшама солиш лозим. Қуён катакларидаги ахлатдан кўпинча зарарли газ тарқалади. Шунинг учун қуёнхонани тез-тез шамоллатиш са ҳаво алмаштиргич ўрнатиш талаб этилади. Ёпиқ турдаги қуёнхоналар электр қуввати ёрдамида 14-16 соат ёруғлик билан таъминланади

Қуёнларни озиқлантириш. Қуёнларни кўпайтириш ва ўстириш уларни тўғри озиқлантиришга боғлик. Қуён кемирувчи ҳайвон бўлиб киш ойларида хашак илдизмева, янги дарахт шохлари, сўли, ловия, дон ёрмаси, кунжара ва бошқалар билан озиқланади. Ёз ойларида эса қуёнлар учун энг яхши озиқ яшил ўсимликлардир. Чунки уларда ҳар хил фойдали моддалар кўп бўлади. Шунинг учун ёзда қуёнлар кўпрок яшил ўсимликлар билан боқилади ва унга ошхона чиқиндилари (бўтқа, картошка, қовун, тарвуз) қўшилади. Қуёнларга бериладиган озиқлар сифатли ва тоза бўлиши лозим. Қуёнларга ботқоқ ердаги ўтларни, ёмғирдан сўнг қуритилмаган беда ва себаргани, моғорлаган ва чириган хашакларни, илдизмеваларни, тугунак меваларни ва силосларни бермаслик лозим. Қуёнга бериладиган озиқлар қўйидагилардан иборат бўлиши мумкин:

1.Яшил озиқлардан — ўтлок пичани, жавдар, сўли, беда, маккажўхори ва бошқа ғалла экинларининг ер устки қисмлари, илдизмевалар ва карам барглари, дарахтнинг яшил шохлари ҳамда ёввойи ўтлар.

2.Ширали озиқлардан — хашаки лавлаги, хашаки сабзи, хашаки шолғом ва бошқалар.

3.Дағал озиқлардан — беда, себарга, беда — ғалла аралашмасидан иборат пичан.

4.Концентрат озиқлардан — ғалла ва дуккакли дон экинлари дони, ёрмалари, кепаклар, мойи олинган кунжара, омихта ем, пичан уни, қуруқ сут ва бошқалар.

5.Ҳайвонлар маҳсулотидан тайёрланган озиқлардан — сут, ёғи олинган сут, сутзардоби, айрон, гўшт, гўшт-суяк ва балиқ унлари.

Озиқлантириш нормаси. Қуёнларга бериладиган озиқларнинг миқдори унинг катта-кичиклигига ва ёшига боғлиқ бўлади. Она қуёнлар, эмизувчи ва ҳомиладор қуёнларга озиқлар кўпрок берилади. Қуёнларни озиқлантириш, уларнинг ҳолатига боғлиқ. Вояга етган қуёнлар ёзда турли ёввойи ўсимликлар, томорқадан чиққан ўсимлик қолдиқлари, қишда эса пичан, дарахт новдалари ва силос билан боқилади. Бунда тахминан суткасига ёзда 280 г кўкатлар ва 75-90 г кучли озиқлар берилади. Қиш мавсумида эса 190 г илдизмева ёки силос, 130 г пичан ва 75-90 г кучли озиқлар билан боқилади. Қуёнлар урчитиш даврида кўшимча озиқлантирилади. Бунда уларнинг озуқасига қизил сабзи, ундирилган ғалла майсалари ва витаминга бой пичан кўшиш тавсия этилади. Яъни ёзда озиқ нормаси 360 г кўкатдан, 30 г кунжара ва 100 г кучли озиқдан, қиш мавсумида эса 340 г илдизмева, 165 г пичан, 35 г кунжара ва 95 г кучли озиқдан иборат бўлади. Ҳомиладор қуёнлар озиқнинг бир қисмини болаларининг шаклланишига сарфлайди, шунинг учун уларнинг озуқаси енгил, ўзлаштириладиган, витаминга ва минерал моддаларга бой бўлиши лозим. Озиқ нормаси, ёзда 385 г кўкатдан, 45 г кунжара ва 95 г кучли озиқлар, қиш мавсумида эса 260 г илдизмева, 180 г пичан, 55 г кунжара ва 85 г кучли озиқлардан ташкил топиши мақсадга мувофиқдир. Эмизикли куёнларнинг озиқлари кўпрок сут ҳосил бўлишига сарфланади. Шунинг учун эмизикли қуёнларнинг озиқ нормаси биринчи 10 кунликда 1,5, иккинчи ўн кунликда 2, ой охирида эса 2,5 марта кўпайтирилади.

Одатда қуёнлар туққандан сўнг унинг болалари 16 кундан сўнг инидан чиқади, шунинг учун уларга майин, майда кесилган пичан ва илдизмевалар, ширали ва кучли озиқлар берилади. Қуён болалари кўкатлар билан боқилади (15-20 кунлигида суткасига 20 г дан икки марта), сўнг аста-секин озиқ нормаси кўпайтирилади.

 

 

Дўстларингизга ҳам улашинг!