Қуёнчилик — нафас олиш аъзоларининг касалланиши

Қуёнхонадаги ҳаво ҳароратнинг кескин ўзгариб туриши, елвизак, аммиак моддаси, чанг, тутун ва момиқнинг ошиб кетиши кабилар оқибатида вужудга келади. Ушбу касалликлар жумласига ринит (тумов), бронхит, плеврит (зотилжам) ва ўпканинг катарал (пардаларининг) яллиғланиши киради.


РИНИТ ва БРОНХИТ

Даволаш усуллари:

Биринчидан, касалликнинг вужудга келиш сабабларини бартараф этиш.

Иккинчиданринитга чалинган қуён бурнига бир кунда 1-2 маротаба 1% ли фурацилин эритмасини, таркибида 15-20 минг бирликка эга пенициллин эритмаси билан аралаштириб 5-6 томчи томизилади; бронхитга чалинган ва ўпкаси катарал (пардаларининг) яллиғланган қуённинг мушаклари орасига ҳар 4 соатда қуённинг ҳар 1 кг вазнига 20 минг бирликка эга пенициллин эритмаси юборилади. Шунингдек, ем билан биргаликда қуённинг ҳар 1 кг тирик вазнига 20 мг норсульфазол, сульфадимезин берилади.

Касалликнинг олдини олиш усуллари:

  • қуёнлар катагини ўз вақтида совуқ ўтмайдиган қилиб иситиш;
  • елвизакга барҳам бериш;
  • емини яхшилаш.

ПОДОДЕРМАТИТ

Панжалар ёстиқчасида яра ва тешиклар пайдо бўлиши билан кузатиладиган катта қуёнлар орасида тараққий этган касаллик. Ушбу касалликка тирик вазни оғир ва панжалардаги момиқлари ёмон ривожланган қуёнлар кўп таъсирчандир. Қуёнхона ва катакларнинг антисанитар ҳолати, ортиқча намлик ва ҳаво ҳароратининг ҳаддан ташқари юқори бўлиши касаллик тараққиётига омил бўлади.

Касалликнинг илк босқичида жадал шўралаш оқибатида оёқ тагининг дарз кетиши, ғурра ва ўсимталар пайдо бўлиши, панжалардан тез-тез қонли сариқсув чиқиши ёки кучсиз қон кетиши кузатилади. Кейинчалик йирингли яра ва тешиклар ҳосил бўлади. Жониворлар эзилиб, иштаҳаси йўқолади, гоҳ у гоҳ бу оёғида туришади, оёқларини чўзиб кўп ётади, озиб-тўзиб, аксарият ҳолларда нобуд бўлишади.

Даволаш усуллари:

Ҳар куни жароҳатларга 10% ли қўрғошин ёки рух суртмаси суртилади. Яралардаги қуриган тери ва ўлик тўқималар механик усулда олинади, 1-2% ли йод билан ишлов берилади. Қон оқими тўхтатилгач жароҳатга окситетрациклин (окситетрациклин дигидрат), тетрациклин сепмаси сепилади ёки Вишневский сурмаси суртилади.

Ишлов берилган жойларни маҳкамловчи боғлама билан боғлаган маъқул. Агар касалга чалинган қуён қиймати юқори бўлмаса уни сўйиш, терисини шилиб олиб, гўштини кўмиб ташлаш мақсадга мувофиқдир.

Касалликнинг олдини олиш чоралари:

  • касалга чалинган ёки ушбу касаллик билан касалланишга майил бўлган (панжалардаги момиқлари ёмон ривожланган) қуёнларни яроқсиз қуёнлар гуруҳига ажратиб қўйиш;
  • катакларни тоза тутиш;
  • катакдаги тўрдан қилинган полга 35х25 см ли ёғоч пол ётқизиш;
  • катакларни янги сўлдирилган оҳак билан оқлаш.

РАХИТ

Ёш қуёнларда D авитаминоз, шунингдек, организмдаги кальций ва фосфорнинг танқислиги ёки ушбу моддаларнинг ўзаро мутаносиблиги бузилиши оқибатида вужудга келади.

Касалликнинг олдини олиш чоралари:

Ҳомиладор ва бола эмиздираётган урғочилар емига D витамини билан бойитилган моддалар, мисол учун 1 чой қошиқдан балиқ мойи ва 2-3 гр гўшт-суяк ва суяк уни қўшиб берилади. Шунингдек ёш қуёнчаларни ультрабинафша нурлар билан нурлантириш тавсия этилади.

Манба: agromart.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!