Қуёнларни қишда болалатиш

Кенг ва шинам қуёнхона, қулай катаклар, пичан ва ем-хашакнинг етарлича захираси бўлса, қиш ойларида ҳам қуёнчаларга эга бўлиш мумкин. Қишда
туғилган болалар яхши ривожланадилар. Ёзда туғилган қариндошларига нисбатан касалликка кам чалинишлари боис пишиқроқ бўладилар.
Қуённи қишда болалатиш учун катак туғруқхонасининг поли ва ички деворлари иссиқ тутувчи материал билан қопланиши лозим. Бунинг учун узунлиги
90-100 см, йўғонлиги 8-10 мм келадиган тол новдалари ёки металл чивиқлар ёхуд фанера тилимларини тайёрлаб, уларни ёй каби букиш, учларини
туғруқхона полига ётқизилган пол-панжара рейкаларига ҳар 5-10 см оралиқда тираб ишончли ўрнатиш лозим. Ҳосил бўлган арка устига сомон тўшак
ташланади. Кириш эшиги ҳам иссиқ сақловчи материал билан қопланади. Арка ичига эса қалин тўшама солинади. Натижада бундай катакнинг чайласи
ичидаги иссиқ қишнинг аёз кунларида ҳам сақланиб қолади. Агар ҳаво ҳарорати – 20°С га қадар тушиб кетиши кутилаётган бўлса, янги туғилган
қуёнчаларни асраш учун қўшимча чоралар кўриш лозим.
Ерга атайин қазилган хандақнинг деворлари юпқа тахта ёки шифер билан мустаҳкамланади. Ичига туғруқхона учун мўлжалланган яшик
жойлаштирилади. Яшик атрофига эса керамзит, шиша-пахта, қипиқ ёки сомон тўшакка ўхшаш материал зич жойлаштирилиб иситилади. Сўнг хандақ-уя
устига қора қоғоз ташланиб, ёпилади.
Ушбу хандақ-уя юқоридаги катак билан 18х18 см ли капантахтадан тайёрланган қувур-сўқмоқ воситасида боғланади. Қувур-сўқмоқнинг ички томонидаги
қуйи тахта юзасига урғочининг сўқмоқда юришини осонлаштириш учун 10х20 миллиметрли рейкалар қоқиб чиқилади. Катакни туғруқхона учун
мўлжалланган хандақ-уя билан боғлаб турувчи қувур-сўқмоқ 30-45° бурчак ҳосил қилинган тарзда маҳкамланади. Урғочи бундай сунъий уя ичида безовта
бўлмай болалайди. Ҳатто қаҳратон совуқ кунларда ҳам уя ичида ҳарорат мусбат сақланиб қолади. Ёз жазирамасида эса салқин бўлиб, қуёнчаларни
қуёшнинг салбий таъсиридан сақлайди.
Манба: «Томорқа хўжалигида қуёнчилик», Долимов Ш.З.

 

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!