Қуёнларнинг серпуштлиги ва жинсий хусусиятлари

Эркак қуён урғочи қуённинг қафасига киритилмайди. Кўчиришда унинг мослашиши қийин бўлиб (қуёнлар ҳидга жуда сезгир), қочириш кечикиб кетиши, ҳатто айрим ҳолларда содир бўлмаслиги ҳам мумкин. Қочириш содир бўлгандан кейин, эркак қуён ўзини ён томонга ёки орқага ташлаб чийиллаган овоз чиқаради.

Урғочи қуённи икки марта кетма-кет 10-20 дақиқа вақт орасида қочириш мақсадга мувофиқдир. Қочириш учун энг қулай фурсат эрталаб ва кечки салқин пайтлар ҳисобланади. Битта эркак қуён билан иккита она қуённи бир кунда қочириш мақсадга мувофиқ, бунда эркак қуён зўриқмайди.

Куннинг ҳаддан ташқари иссиқ ёки совуқ бўлиши қуёнларнинг жинсий фаоллигини пасайтириб юборади. Қочириб бўлгандан кейин катакка ўрнатилган сатҳи 15-20 см ли фанер тахтачага қуённинг қочирилган куни ва эркак қуённинг картотекадаги номери ёзиб қўйилади.

Она қуён биринчи марта қочирилгандан кейин 5 кун ўтгач, иккинчи марта назорат қочириш ўтказилади. Агар она қуён қочган бўлса, эркак қуённи ўзига яқинлаштирмайди.

Айрим ҳолларда она қуёнлар орасида «сохта бўғозлик» ҳолати ҳам учрайди. Бу давр қуёнда 17 кун давом этиб, қорин томонидаги  жунларини юлиб, болалаш учун жой ҳозирлайди, лекин 12 кундан кейин оналик инстинкти сўнади.

Уруғланган тухум хужайраси тўрт кундан кейин бачадонга тушиб, бўғозликнинг саккизинчи куни бачадон деворига туташади. 12-15 кундан кейин эса қуённинг бўғозлигини қўл билан ушлаб билиш мумкин. Қуённинг калласи столнинг устида текширувчига қаратилиб, ўнг қўл билан қуённи елкасидан ушлаб, чап қўл билан қуён қорнининг остки томони секин ушлаб кўрилади. Бунда гилос катталигидаги узунроқ шаклларнинг бир нечтасини сезиш мумкин.

Қуёнларда бўғозликнинг иккинчи даврида (16-25 кунлар) ҳомила жуда тез ўсади, 20 кунлик  ҳар бир ҳомила 23 г бўлса,  кўп бола берадиган қуёнларда бўғозлик даври  28-29 кунни, кам бола берадиганларда эса 31-32 кунни ташкил этади.

Она қуённи бўғозлик даврида тўла қийматли озуқалар билан озиқлантириш бу соғлом бола олишнинг гаровидир. Бўғоз қуённи жуда зарур бўлиб қолган ҳоллардагина бир қўл билан елкасидан, иккинчи қўл билан эса қорнидан ушлаб кўтариш мумкин. Бўғозлик даврида қуёнлар безовта қилинмаслиги керак. Агар бўғоз  қуёнлар  безовта қилинса ёки яшаш шароити кескин ўзгартирилса, уларда оналик инстинкти  кескин пасайиб,  бундай қуёнлар ҳатто болаларини эмизмай қўяди.

Хаваскор қуёнбоқарларга қуёнлардан йил давомида маҳсулот олишни режалаштириш учун  15 декабрдан ёки 1 январдан бошлаб қуёнларни қочириш ишларини амалга ошириш мақсадга мувофиқдир.

Манба:

Нурматов А.А. ва бошқалар (2017). Хонадонларда, кўп тармоқли фермер  ҳамда бошқа тоифадаги хўжаликларда  куён боқиш бўйича тавсиянома. Тошкент.

Дўстларингизга ҳам улашинг!